Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Саида Мирзиёева: «Зиёлилар кенгаши янги ғоялар майдонига айланишига ишонаман!»

Саида Мирзиёева: «Зиёлилар кенгаши янги ғоялар майдонига айланишига ишонаман!»

Тошкентда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор ташкил этилган «Ўзбекистон зиёлилари кенгаши»нинг республика йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

23–24 ноябр кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтаётган анжуман «Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи» шиори остида ташкил этилган. Унда мамлакатнинг турли ҳудудларидан 500 нафар делегат, жумладан, ҳудудлардан сайланган 210 нафар вакил иштирок этмоқда.

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўз саҳифасида Кенгашнинг илк йиғилиши очиқ ва самимий мулоқот билан бошланганини маълум қилди.

«Зиёлиларимиздан холис фикр ва дадил таклифларни кутамиз. Кенгаш янги ғоялар майдонига айланишига ишонаман», — деб ёзди у.

Шунингдек, Саида Мирзиёева илгари сурилаётган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва уларни амалга оширишда Президент Администрацияси ҳамиша ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлади.

Кенгашда нималар муҳокама қилинмоқда?

Йиғилишнинг ялпи мажлиси ва еттита шўъбасида мамлакат тараққиётининг ғоявий, маънавий, илмий, иқтисодий ва ижтимоий асосларига оид масалалар кўриб чиқилмоқда.

Хусусан, миллий ўзлик ва ватанпарварлик, ўзбек тили ва адабиёти, рақамли тараққиёт ва медиамакон, миллий тарбия ва тарихий хотира, маданият ва креатив иқтисодиёт, илм-фан ва таълим, инновацион тиббиёт, яшил тараққиёт ҳамда тадбиркорлик каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилган.

Эътиборли жиҳати, республика йиғилишига тайёргарлик жараёнида 10–14 ноябр кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий мулоқотлар ўтказилган. Уларда 2 минг нафардан ортиқ зиёли иштирок этиб, 3 мингдан зиёд фикр-мулоҳаза ва мингга яқин таклиф билдирган.

Эндиликда ана шу таклифларни умумлаштириш, уларнинг энг долзарбларини саралаш ва амалга ошириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаш муҳим аҳамият касб этади.

Зиёлилар кенгашининг аҳамияти унинг бир марталик анжуман бўлиб қолмаслиги билан белгиланади. Бу майдонда билдирилган фикрлар давлат ва жамият ҳаётидаги долзарб муаммолар ечимига хизмат қилиши, илгари сурилган ташаббуслар эса амалий натижага айланиши керак.

Зеро, зиёлилар фақат маънавий-маърифий жараёнлар иштирокчиси эмас. Улар жамиятдаги муаммоларни кўра оладиган, уларга ечим таклиф қиладиган, жамоатчилик фикрини шакллантирадиган ва тараққиётга интеллектуал таянч бўладиган кучдир.

Кенгашнинг ҳақиқий самараси ҳам айнан шунда — зиёлиларнинг овози эшитилиши, таклифлари эътиборга олиниши ва ташаббуслари ҳаётга татбиқ этилишида намоён бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг