300 олтин тангага сотилмаган китоб
1857 йили Туркиянинг Диёрбакр шаҳрида таваллуд топган Али Амирий исмли йигит ёшлигидан китоб мутолаасига берилади. Бу иши боис, бошига кўп ташвишлар келишига қарамай, нодир китобларни йиғишда давом этади. Йиққан китобларининг сони 10 мингдан ошиб кетади. Али Амирий бамисоли буюк хазинани излаётгандай, ҳаётининг асл маъносини шу ишда кўради.
Кунларнинг бирида унинг бошига чинакам омад қуши қўнади: китоблар сотиладиган расталардан бирида ўзи билмаган ҳолда «Девону луғатит-турк» китобини 33 лирага сотиб олади. Кейинчалик бу янгиликдан кўплар хабардор бўлади. Улар Али Амирийдан ушбу китобни катта пул эвазига сотиб олишга ҳаракат қилишади. Аммо Амирий кўнмайди.
Ҳикоя қилишларича, бу ноёб топилмадан хабар топган венгриялик бир элчи Али Амирийга ушбу китоб учун нақд 10 минг олтин танга беришга розилигини айтади. Франциялик олим Парижнинг қоқ марказида қурилган ҳашаматли саройни ваъда қилади. Али Амирий ҳар икки таклифга ҳам кўнмай, уларга: «Мен Ватаннинг ноёб хазинасини пулга сотадиган хоин эмасман», дейди. Ҳукумат унга 300 олтин танга жўнатганида эса, бу пулни мамлакатнинг оч-наҳор яшаётган фуқароларига бўлиб бериш кераклигини айтади.
Тарихда бундай ибратли мисоллар кўп. Мирзо Улуғбекнинг садоқатли шогирди Али Қушчи устози тўплаган ноёб китобларни жоҳиллардан сақлаб қолиш учун не кўйларга тушганини яхши биламиз. Мавлоно Жалолиддин Румий дафн этилган Кўня шаҳрида китоб савдоси билан шуғулланувчи бир кишига одамлар турли шаҳарлардан қопларда китоблар олиб келишар экан. «Мен қопларнинг оғзини очаётганимда, ажабо, бу гал қандай китоблар олиб келишди экан-а» дея, худди келинчакнинг юзини очаётган куёвдек ҳаяжонланар эдим», дер экан шу саҳҳоф...
(«Сиз ёзмаган китоб»дан)


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter