Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Банклар пулимизни бермаяпти». Аҳолига қўй ва қорамол тарқатган тадбиркорлар банкротлик ёқасида (видео)

«Банклар пулимизни бермаяпти». Аҳолига қўй ва қорамол тарқатган тадбиркорлар банкротлик ёқасида (видео)

Фото: «Xabar.uz»

Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани, Қудуқ қишлоғида истиқомат қилувчи тадбиркор Ҳамза Тоштемиров «Xabar.uz»га мурожаат қилиб, банк кредитлари орқали тарқатилган майда ва йирик шохли молларга уч ойдан буён пулларини ололмаётганидан шикоят қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгилаб берилган вазифалар асосида банк кредитлари ҳисобига аҳолига майда ва йирик шохли молларни тарқатганмиз. Мақсадимиз, тумандаги оилаларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши, уларнинг барқарор ва қўшимча даромад манбаига эга бўлишига ҳисса қўшиш эди», — дейди у.

Тадбиркор жорий йилнинг 10 ва 28 май кунлари «Агробанк» орқали 44 нафар фуқарога, «Миллий банк» орқали 33 нафар ва бошқа банклар орқали 10 нафардан зиёд фуқарога мол берганини ва бунинг учун пулларини ололмаётганини айтмоқда. Умуман олганда, шу вақтга қадар у жами 300 нафарга яқин фуқарони мол билан таъминлаган. Шундан 200 нафарга яқин мижознинг пули ҳисобга тушган. Аммо 100 нафардан ошиқроқ фуқарога тарқатилган моллар учун пулларни ҳалигача олишнинг имкони бўлмаяпти.

«Таъминотчи молни олдиндан етказиб берса, банк мониторинг қилиб, пул тушириб берилиши айтилганди. Бизга бу 10 кун муддатда амалга оширилади дейилганди, аммо орадан 3 ой ўтди. Мана, тўртинчи ой ҳам кетяпти. Банклар «ресурсимиз йўқ» деб, пулимизни тушириб бермаяпти. Ҳозирги кунда банкротлик ёқасига келиб қолганмиз», — дейди тадбиркор.

Унинг айтишича, ҳолат бўйича туман ва вилоят ҳокимлигига, туман прокуратурасига ва бошқа юқори ташкилотларга мурожаат қилинган, аммо бирорта жўяли жавоб ёки натижа бўлмаган.

Ҳозиргача тадбиркор томонидан 1 млрд. 800 млн. сўмдан ошиқ қийматдаги мол аҳолига тарқатилган. Банк пулни фуқарога кредит қилиб бериши керак бўлган. Бунда таъминотчи молни мижозга беради, банк ходими мониторинг қилиб, таъминотчига пулини ўтказиб бериши лозим. Ҳозиргача банк ходими мониторинг қилиб бўлган, ҳамма ҳужжатлар тайёрланган, аммо 3 ойдан буён мижозлар банкда масалага ечим топа олишмаяпти. Аҳоли эса тадбиркорнинг қўй-молларини аллақачон олиб кетган. Энди бу молларни қайтариб олишга таъминотчида деярли имкон қолмаган.

Қолаверса, видеолавҳадан кўринадики, таъминотчидан мол олган аҳоли қарзни узиш учун банк вакилларидан кредит беришларини сўраб мурожаат қилишмоқда. «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури бўйича имтиёзли кредит олишига ишониб, тумандаги таъминотчилардан қарз бўлиб қолган мингга яқин киши ҳар куни банкларга қатнаб сарсон бўлмоқда.

«Фермер хўжалигим кўп тармоқли эди. 100 нафарга яқин тадбиркор ва аҳоли билан ишлардим. Усталар, молга қаровчи ва боқувчилар, деҳқончилик ва савдо. Ҳозир ҳаммаси тўхтаб қолди. Тадбиркорликнинг барча йўналишлари бўйича инқирозга келиб қолдим. Ҳаттоки 22 нафар иш бошқарувчимга ҳам маош бера олмаяпман. 2 йил олдин банклардан чорвачилик учун кредит олгандим, қолаверса, ўзимнинг шахсий қўйларимни ҳам қўшиб аҳолига тарқатгандим. Фермаларим ҳам банкротликка учради.

Менга ўхшаган таъминотчилардан биргина туманимизда 10 га яқини бор. Улар ҳам 300, 500, 600 млн., 1 млрд. сўмгача зарар билан ўтирибди. Ҳозир биз қаерга мурожаат қилишни ҳам билмаяпмиз. На банклардан пулимизни ололяпмиз, на фуқаролардан молларимизни қайтароляпмиз. Банкда айтишларича, пул келса, 10 таъминотчига секин-секин бўлиб берилар экан. Бу нимаси ахир. Биз президентимиз ташаббусини қўллаб-қувватлаб турган бир пайтда, шу даражада хўрланамизми?», — дейди тадбиркор Ҳамза Тоштемиров.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг