Бензин нархини оширишни таклиф қилган раҳбар истеъфога чиқди — Германия
Германиядаги энг йирик ADAC автомобил клубининг транспорт масалалари бўйича президенти Герҳард Ҳиллебранд клуб аъзоларининг оммавий норозилиги фонида истеъфога чиқди. Bild хабар беришича, бунга унинг Neue Osnabrücker Zeitung газетасига берган интервюси сабаб бўлган.
«Одамлар дизел ва бензинли автомобиллардан экологик тоза машиналар (электромобиллар)га ўтиши учун рағбат бўлиши керак. Европа CO₂ чиқиндиларини камайтириш бўйича ўз олдига қўйган катта мақсадларига содиқ қолиши лозим. Биз глобал иқлим исишини чеклашимиз шарт», — деган эди Ҳиллебранд.
Ҳиллебранд бунинг асосий чораларидан бири сифатида бензин нархини ошириш кераклигини айтганди.
Ушбу сўзлар клуб аъзолари орасида кескин норозилик уйғотди: маълумотларга кўра, сўнгги тўрт ҳафта ичида 60 мингга яқин киши ADAC аъзолигидан чиққан.
Клуб раҳбарияти Ҳиллебранднинг фикри ташкилот қарашларини ифодаламаслигини маълум қилди. ADAC вакилига кўра, ташкилот «ижтимоий мувозанатсиз ҳар қандай қўшимча молиявий юкка қарши» ва двигател туридан қатъи назар, «барча учун ҳамёнбоп ҳаракатланиш» тарафдори бўлиб қолади.
Ташкилот Ҳиллебранднинг интервюси кўпчилик аъзолар томонидан «автомобилчилар манфаатлари ҳимоячиси ролидан чекиниш» сифатида қабул қилинганини тан олди ва бундан тегишли хулоса чиқаришга ваъда берди.
Маълумот учун: ADAC автоклуби бутун Германия бўйлаб қарийб 22 миллион аъзога эга.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter