Бошланғичдаги ўқитувчиларга миллий сертификат бериш йўлга қўйилади – лойиҳа
Бошланғич таълим ўқитувчилари учун 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб миллий сертификат бериш тизими амалиётга жорий этилиши мумкин.
Бу борада ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳасига кўра, малака имтиҳони натижаларига қараб, ушбу тоифа ўқитувчиларга уч йил муддатга амал қиладиган А+, А, B+, B, C+, C, даражали электрон сертификат берилади.
Ўқитувчилар учун миллий сертификат беришда малака имтиҳони бошланғич синфларда она тили ўқитиш методикаси, математика ўқитиш методикаси фанлари ҳамда ўқитувчининг педагогик маҳоратини баҳолаш бўйича ўтказилади.
Режа қилинишича, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб В+ ва ундан юқори даражадаги миллий сертификатга эга бўлган бошланғич синфларда дарс берувчи бошланғич таълим мутахассислигига эга ўқитувчиларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, сертификатнинг амал қилиш муддати давомида, тегишли таълим тилига мос равишда барча фанлар бўйича лавозим маошига ҳар ойда 15 фоиз миқдорида қўшимча устама тўлаб борилади.
Бундан ташқари, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб В+ ва ундан юқори даражадаги миллий сертификатга эга бошланғич синфларда дарс берувчи бошланғич таълим мутахассислигига эга ўқитувчилар педагогик кадрларни касбий сертификатлашдан тўғридан-тўғри ўтган деб ҳисобланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter