Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Бу уруш очиш билан баробар!» – эксперт Россия ядро қуролини Беларусга жойлаштириш оқибатидан огоҳлантирди

«Бу уруш очиш билан баробар!» – эксперт Россия ядро қуролини Беларусга жойлаштириш оқибатидан огоҳлантирди

Фото: ТАСС

Ҳарбий фанлар номзоди Евгений Бужинский «Евразия.Эксперт» нашрига берган интервьюсида Россия ядро қуролининг Беларусга жойлаштирилиши шартини айтди. Мутахассисга кўра, бу чора-тадбир қизил чизиқни кесиб ўтиш ва уруш очиш билан баробардир.

Евгений Бужинский Беларусь президенти Александр Лукашенконинг мамлакат ҳудудига Россия ядро қуролини жойлаштириш ҳақидаги баёнотини ҳис-ҳаяжон маҳсули деб баҳолаган. Қайд этилишича, бу ўринда гап ядро қуролини ташувчи самолётларни кўчириш ҳақидагина бўлиши мумкин. Аввало, ядро қуроли Россия ҳамда Ғарб ўртасида провокация уйғотувчи жиддий воситадир. Икки томон ядро қуроли борасида зиддиятга боргудек бўлса, унинг оқибати бутун сайёра учун ҳалокатли якун топади. Қолаверса, Россияга ҳарбий нуқтаи назардан ўз қуролини қўшни давлатга жойлаштиришнинг зарурати йўқ. Чунки Калининграддаги захиранинг ўзи етарлидир.

Айни чоқда, эксперт «энг ёмон сценарий» ўлароқ ядро қуролини жойлаштириш шартини ҳам очиқлаган. 

«Агар Америка ядро қуролини Польша ёки Болтиқбўйига жойлаштиргудек бўлса, бунга жавоб сифатида ана шундай сиёсий қарор қабул қилиниши мумкин. Аммо ишончим комилки, шахсий ташаббусга кўра Беларусь ҳудудига ядро қуроли жойлаштирилмайди», – дейди Е.Бужинский.

Ядро қуроли борасида даханаки зиддиятнинг пайдо бўлиши НАТО бош котибининг баёноти билан боғлиқ. 19 ноябрь куни мазкур ташкилот бош котиби Йенс Столтенберг агар Германия АҚШ ядро қуролини ўз ҳудудида қолишини истамаса, у Шарқий Европа мамлакатларига кўчирилиши мумкинлигини айтди. Гап шундаки, 1991 йилги битимга кўра, Германия ядро, биологик ва кимёвий қурол ишлаб чиқариш ва фойдаланишдан воз кечган. Бунинг эвазига НАТО мамлакатларининг ядро захираси олмон ўлкасида жойлаштирилган. 

НАТО бош котибининг фикрлари ортидан Беларусь президенти Александр Лукашенко провокацион баёнот билан чиқди. Унинг фаразига кўра, агар Германия ядро қуролини кўчиришни талаб қилса, у Польша ҳудудига ўтказилади. 

«Улар (ядро қуролини) Польшага келтиришади. Ҳа, шундай. У ҳолда мен Путинга ядро қуролини Беларусга қайтаришни таклиф этаман... Биз албатта келишиб оламиз», – деди А.Лукашенко. 

Беларусь етакчиси ядро қуролини жойлаштириш учун барча шарт-шароитлар мавжудлигини ҳам писанд қилди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса Лукашенконинг ядро қуролини кўчириш хусусидаги фикрини мулоҳазасизлик билан сиёсат юритаётган Ғарб учун жиддий огоҳлантириш деб атаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг