Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухоро. 21 нафар маҳкумнинг жазони ўташ шартлари енгиллаштирилди, 4 нафари озодликка чиқди

Бухоро. 21 нафар маҳкумнинг жазони ўташ шартлари енгиллаштирилди, 4 нафари озодликка чиқди

Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг сайёр суд мажлиси Бухоро вилоят ИИБ Жазони ижро этиш бўлими 1-сонли жазони ижро этиш колониясида бўлиб ўтди.

Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди раиси Зариф Шеров раислигида ўтказилган сайёр суд мажлисида дастлаб 21 нафар маҳкумга нисбатан жазони ижро этиш муассасаси томонидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодекси 113-моддасига асосан умумий тартибли колонияда жазони ўтаётган маҳкумлар манзил-колонияга ўтказилди.


Қайд этиш жоизки, озодликдан маҳрум этиш тариқасида жазони ўтаётган маҳкумлар учун умумий тартибли колонияларга нисбатан манзил-колонияларда бир қатор имтиёз ва енгилликлар мавжуд.

Жумладан, манзил-колонияларда маҳкумлар:

  • соқчисиз, аммо назорат остида сақланадилар;
  • эрталаб ўриндан туришдан кечки ётишгача бўлган вақт мобайнида колония ҳудуди доирасида эркин юриш ҳуқуқидан фойдаланадилар;
  • агар улар бажараётган иш ёки олаётган таълим тақозо этса, маъмуриятнинг рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз юришлари мумкин;
  • фуқаролар киядиган кийимда юрадилар;
  • ёнларида пул ва қимматли буюмлар сақлашлари, пулдан чекланмаган ҳолда фойдаланишлари мумкин;
  • чекланмаган миқдорда телефон орқали сўзлашишлари, посилка, йўқлов ва бандероллар олишлари ҳамда жўнатишлари мумкин.

Шу билан бирга, сақлаш режимини бузмаган, оиласи бор маҳкумларга муассаса бошлиғи қарорига асосан манзил-колония ҳудудида ёки ундан ташқарида оиласи билан алоҳида яшашга рухсат берилиши ҳам мумкин.


Сайёр суд мажлисида муассасада жазони ўтаётган 4 нафар маҳкумнинг жиноят қонунчилигидаги инсонпарварлик принципини қўллаш ҳақидаги илтимосномалари ҳам кўриб чиқилди.

Суд иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, муассасада жазо тури учун ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган 1 нафар маҳкумни ўталмай қолган озодликдан маҳрум қилиш жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва 3 нафар маҳкумнинг ўталмай қолган озодликдан маҳрум этиш жазо муддатини ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштириш бўйича ажримлар эълон қилинди.

Судда раислик қилувчи маҳкумларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод қилинган ёки алмаштирилган енгилроқ жазони ўташ даврида бошқа жиноят содир этилган тақдирда жазонинг ўталмаган қисми янги жазога қўшилган ҳолда тайинланиши мумкинлиги, шу сабабли ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташ тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилиб, муносиб хулқ-атворда бўлиш лозимлиги ҳақида тушунтириш берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг