Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Чақалоқни 35 млн сўмга баҳолаган шахсга нисбатан ҳукм ўқилди

Чақалоқни 35 млн сўмга баҳолаган шахсга нисбатан ҳукм ўқилди

Бухорода чиллали чақалоқ «нархи» 35 миллион сўмга баҳоланди. Бу одам савдосининг энг жирканч кўринишларидан. Энг ачинарлиси, бу жиноятга баъзан ўз фарзандини буюм сифатида кўрган «оналар» ва уларнинг яқинлари қўл урмоқда.

Ушбу чақалоқ савдоси ҳақида «Xabar.uz»га маълум қилган Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди раиси Акрам Раҳимовнинг айтишича, жиноят аёллар ўртасидаги қўшничилик ва ўзаро танишчиликдан бошланган.

Фуқаро Г.О. ҳамда Н.Қ.нинг «танишлиги» оддийгина қўшничилик эмас, балки, жиноий тил бириктириш билан янада яқинлашган. Н.Қ. қўшнисига бир нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, уни боқишда қийналаётгани етмагандек, жазманидан яна ҳомилали бўлиб қолганини айтган. Бу билан ҳали фарзанди дунёга келмаган она ўз боласини «даромад манбаи»га айлантиришни кўзлаган. Бундай пуллик фурсатдан фойдаланиб қолишни истаган Г.О. бошқа маҳаллада Г.С. исмли бир яқин таниши борлиги, у 8 йилдан буён фарзандсиз экани, бола туғилгач, чақалоқни унга сотиш кераклиги таклифини берган. Бу таклиф Н.Қ.га ёқиб тушган ва  ҳали туғилмаган фарзандига талабгор «она» билан учрашган.

Фарзандли бўлишни ният қилган Г.С. эса Н.Қ. билан яқин муносабатга киришиб, ундан ва ҳомиласидан тез-тез хабар олиб турган. Боланинг соғлом ўсиши ва соғлом дунёга келиши учун елиб-югурган. Салкам 9 ой давомида унинг учун йирик миқдорда маблағ сарфлаган.

Орадан вақт ўтиб, бола дунёга келгач, Г.С. чақалоқни қонуний тарзда ўз парвариши ва қарамоғига олган. Боланинг сурат ва видеоларини телеграм тармоғи орқали туққан онасига жўнатиб турган. Бир неча кундан сўнг Н.Қ. сўзидан қайтган: фарзандининг отаси топилгани ва чақалоғини қайтариб олишини айтиб, Г.С.ни безовта қила бошлаган.

Г.О. бу фурсатни яна бой бермай, кўзлаган режасини амалга оширишга киришган. Н.Қ.га боласини қайтариб олмаслиги эвазига Г.С.дан 35 миллион сўм пул ундириб беришини айтган. Г.С.га эса Н.Қ.нинг оилавий шароити оғирлигини, боласи учун 35 миллион сўм берса, хамирдан қил суғургандай, уни йиллар давомида қийнаб келаётган бола асраб олиш муаммосини ҳал қилишини тушунтирган.  Ва шу билан болани туққан онаси уни ортиқча безовта қилмаслиги мумкинлигини билдирган.

Ўз-ўзидан Г.О.нинг режаси амалга оша бошлаган. Бола парваришига иқтисодий имконияти бўлмаган Н.Қ. Г.С.нинг таклифга рози бўлган. Ва Г.С. телефон орқали бола «пули»ни Когон шаҳридаги ЙҲХБ автотураргоҳи олдига олиб боришини айтган. Бироқ, уч аёлнинг ўзаро «келишуви» ҳамда доимий мулоқотидан хабардор бўлиб келган бошқа бир қўшни С.Р. эса  Г.С.ни сергакликка чорлаган. Шунча пулни қаердан топишини, бола дунёга келмасидан илгари ҳам унинг учун катта миқдорда пул сарфлаганини, ваҳоланки, бола унга нотариус орқали қонуний тартибда берилгани, агар ҳозир пул топиб берса, Н.Қ. яна пул сўрашда давом этаверишини тушунтирган.

Ва С.Р. ҳали чилласи чиқмаган чақалоқ савдоси юзага келаётгани ҳақида зудлик билан ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган «Тезкор эксперимент» тадбирида эса Н.Қ. кимёвий ишлов берилган 35 000 000 сўм нақд пулларни олаётган вақтида қўлга олинган.

Суд мажлисида эса  «ўртакаш» Г.О. ўзи лойқалатган сувдан осонгина ва тоза чиқиб кетишни кўзлаб, ёлғон кўрсатма берган. Унинг важича, у гўёки, Н.Қ. ва Г.С. билан фақат «уй таъмири учун пул берилиши» ҳақида гаплашган, бола сотилишидан хабари бўлмаган. Бироқ, тергов жараёнидаги аудиоёзувлар, С.Р.нинг кўрсатмалари ва ашёвий далиллар бу ёлғон иддаоларни ошкор қилган.

Маълум бўлишича, Г.О., нафақат, воситачилик қилган, балки, келишилган пулнинг 15 миллион сўмини ўзига олиб, қолган 20 миллионини эса болани туққан онасига беришни режалаштирган бўлган. У йўқ жойдан мўмай даромад топиш мақсадида Н.Қ.нинг ҳам, бола парваришини қонуний тарзда зиммасига олган Г.С.нинг ҳам тинчини бузиб, ҳар икки томонга ҳам «роль ижро» этган. Бироқ, ижроси охирига етмаган.

Суд Г.О. ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (Одам савдоси, вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса) билан айбдор, деб топган ва уч йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг