Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбек тили ва адабиёти университетида давлат тилида иш юритиш ўқув курслари очилди

Ўзбек тили ва адабиёти университетида давлат тилида иш юритиш ўқув курслари очилди

Фото:«Xabar.uz»

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги «Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш» маркази ўз фаолиятини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрда имзолаган «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида «Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази» ташкил этилди.

Марказ фаолиятини белгиловчи барча ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, жумладан, марказ Низоми, ўқув режалари, ўқув дастурлари, тингловчилар учун мўлжалланган махсус иш дафтари, ҳар бир мавзу бўйича тақдимот материаллари ишлаб чиқилди.

Марказ 144 соатлик ўқув дастури асосида тингловчиларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси, ўзбек адабий тили меъёрлари ҳамда давлат тилида иш юритиш бўйича билим, кўникма ва малакаларини такомиллаштиради. Бу курснинг бошқа малака ошириш курсларидан фарқи шундаки, тингловчилар учун алоҳида иш дафтари яратилди. Бунда тингловчи аудиторияда олган билимларини иш дафтарида берилган топшириқлар, машқлар асосида мустақил равишда мустаҳкамлаб боради. Бундан ташқари, ҳар бир мавзу учун тақдимот материаллари (аудио, видео топшириқлар) ишлаб чиқилган. Яъни, мустақил таълимга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шу билан бирга, марказнинг алоҳида сайти яратилмоқда. Унда тингловчилар учун асосий маълумотлар билан бирга, малака оширишнинг онлайн тизими учун электрон материаллар жойланади.  Тингловчилар ишдан ажралмаган ҳолда малака оширганликлари сабабли бошқарув идораларидаги ҳужжат намуналаридан машғулотларга олиб келишади ва реал вазиятлар орқали ўқитувчи раҳбарлигида камчиликлар бартараф этилади.

Курс 2 хил йўналишда ташкил қилинди:

  1. Давлат ташкилотлари ходимлари учун.
  2. Кенг аҳоли қатлами учун.

Давлат ташкилоти ходимлари учун ташкил этиладиган ўқув курси «Ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш», аҳоли учун ташкил этиладиган ўқув курси «Ўзбек адабий тилининг ёзма нутқ меъёрлари»  деб номланди. Марказда ўқув машғулотлари давлат ташкилотлари ходимлари тўлов-шартнома асосида, аҳоли учун бепул ташкил қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг