Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Диана Еникеева фожиаси ортидан Каттақўрғон тумани ХТБ мудири, 42-мактаб директори ишдан бўшатилган

Диана Еникеева фожиаси ортидан Каттақўрғон тумани ХТБ мудири, 42-мактаб директори ишдан бўшатилган

Фото: «Xabar.uz»

Фуқаро Комил Жалилов фожиавий ҳалок бўлган каттақўрғонлик 23 яшар ўқитувчи Диана Еникееванинг ўлими юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилган. У мазкур мурожаатига Самарқанд вилояти прокуратурасидан берилган жавобни «Facebook»даги «Халқ билан мулоқот» гуруҳида эълон қилди.


Мавзуга доир:
Каттақўрғон фожиаси. Бу ҳолат такрорланмаслиги учун мактаблар маҳаллий ҳокимлик тасарруфидан чиқарилиши керак


Вилоят прокурори Ф.Зуфаров имзолаган рус тилидаги жавоб хатида қуйидагилар маълум қилинади:

«2018 йилнинг 14 март куни соат 11:30 да ҳайдовчи Э.А.Б. «Камаз-55111» юк автомобилини М-37 «Самарқанд-Бухоро» трассасининг «Алижон» қишлоғидан ўтувчи қисмида бошқариб бораркан йўл ҳаракати қоидаларининг 77 пунктини қўпол равишда бузиб, автомобилда Еникеева Диана Александровнани уриб юборган. Олинган оғир тан жароҳатлари натижасида Д.Еникеева шифохонага олиб борилгунича жон берган.


Мавзуга доир:
Ўқитувчиларни муҳофазаловчи қонун керак!


Бу факт юзасидан 2018 йил 14 мартда Каттақўрғон туман прокуратураси тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов натижаларига кўра 2018 йил 27 мартда А.Б.Э. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноий жавобгарликка тортилди.

Фото: «Facebook» / «Халқ билан мулоқот»

2018 йил 29 мартда бу иш айблов хулосаси билан Жиноят-процессуал кодексининг 388-моддасига кўра, кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судига оширилди.

Ободонлаштириш ишларини уюштиришда зарур чораларни кўрмаган туман ХТБ бўлими мудири А.Жуманазаров Халқ таълими вазирининг 2018 йил 29 мартдаги буйруғи билан эгаллаб тургани лавозимидан озод қилинган. Шунингдек, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан 42-мактаб директори Н.Болтаева лавозимидан бўшатилган, директор ўринбосари Х.Маматовга ҳайфсан эълон қилинган».


Мавзуга доир:
Каттақўрғон туман ХТБ бошлиғи ишдан олингани ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқлиги айтилди


Фуқаро Комил Жалилов Президент виртуал қабулхонасига катта эҳтимол билан ўзбек тилида мурожаат юборган (унинг «Facebook»даги постлари ҳам ўзбек тилида, Д.Еникеева фожиаси юзасидан Халқ таълими вазирлиги томонидан берилган жавоб хати ҳам ўзбек тилида эканидан шундай тахминга келинди). Бироқ Самарқанд вилоят прокуратураси нима учун мурожаатга рус тилида жавоб қайтаргани ажабланарли. «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасига кўра, мурожаатларга жавоблар, мумкин қадар, мурожаат этилган тилда баён қилинади, мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни рад этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асосларни (заруратга қараб қонун ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда) ўз ичига олган бўлиши керак.


Мавзуга доир:
Хўрланиш ҳикояси: «Ўқитувчининг қадри керосиндан арзон»


Аввалроқ Каттақўрғон тумани прокуратураси ҳодисани ўрганиб, мактаб ўқитувчилари, жумладан, Диана Еникеева ҳам ҳеч қандай йўл четини тозалаш, супуриш учун чиқарилмаганини маълум қилганди. Туман прокуратурасига кўра, бундай ишлар жойлардаги ободонлаштириш бошқармаси ходимларининг вазифасига киради. Таълим муассасаларида эса ўқитувчилар эмас, балки хўжалик ишлари бўйича масъул ходимлар, боғбонлар шуғулланади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 14 март куни Каттақўрғон туманида магистрал йўлни тозалашга олиб чиқилган 23 яшар мактаб ўқитувчиси Диана Еникеева фожиали ҳалок бўлган, Каримберди Тўрамурод мазкур воқеа тафсилотларини ўрганиб, «Xabar.uz» суриштируви: 23 ёшли ўқитувчининг ўлимида ким айбдор?» номли мақола эълон қилган эди. Бироқ Самарқанд вилоятидаги расмийлар ўқитувчи катта йўл (трасса)даги тўсиқларни оқлаш чоғида ҳалок бўлганини тан олмаган, аксинча, у кўчани кесиб ўтаётганда «КамАЗ» русумли автомашина уни уриб кетганини маълум қилган эди. Аммо ўқитувчи ва унинг ҳамкасблари дарс вақтида трассада нима қилиб юрганига ойдинлик киритмаган эди.


Мавзуга доир:
Депутатлар курашга қўшилди. Мажбурий меҳнат Олий Мажлисда муҳокама қилиниши мумкин


Шундан сўнг Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев ҳам воқеага муносабат билдириб, марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор қилган ҳамда вилоят раҳбари сифатида вафот этган аёлнинг оила аъзоларига маънавий ва моддий ёрдам кўрсатилиши, бундан ташқари, ушбу ҳодиса холис суриштирилиши ва ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланишига сўз берган эди. Вилоят ҳокимининг баёнотидан сўнг орадан қарийб 3 ҳафта ўтаётган бўлса-да, фожиа юзасидан расмий муносаба билдирилгани, қўшимча тафсилотлар ошкор қилингани йўқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг