Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фирибгарни судга берган жарқўрғонлик аёл жаримага тортилди

Фирибгарни судга берган жарқўрғонлик аёл жаримага тортилди

Фото: ЎзА

ЎзАда қизини олий ўқув юртига киритиб қўйиш учун пора берган аёл ҳақида мақола эълон қилинди.

Айтилишича, ўтган йили ёзда жарқўрғонлик Муҳаббат опа қизи билан олий ўқув юртига топшириладиган ҳужжатларни тўғрилаб юриш асносида тумандаги спорт коллежида ўқитувчи бўлиб ишлайдиган бир одам билан танишиб қолди. Аёлнинг ниятини билган Шамсиддин унга беминнат ёрдам беришини айтади.

Аввалига сал иккиланган аёл олий ўқув юртига 3 минг доллар билан кириш бир қарашда қулайроқ туюлди ва ҳожатбарор йигитнинг этагидан маҳкам тутди.

Шу тариқа Тошкент Давлат жисмоний тарбия институтига ўқишга киритиб қўйиш «операцияси» бошланди. Шамсиддин шу таълим даргоҳида ишлайдиган курсдошига қўнғироқ қилиб, Муҳаббат опага қизининг ҳужжатларини топширишда кўмаклашишини сўрайди. Институтга келгач эса, табиийки, уларнинг иши осонгина битади. Аёл эса бундан хурсанд бўлиб, шу ерда ишласа ўқишга киритади-да, деб унга ишона бошлади. Чунки таниши ишни курсдоши орқали битиришини айтиб қўйганди.

Тошкентдан уйга қайтган аёл таниш-билишларидан қарз кўтариб, Шамсиддинга 2,5 минг доллар топиб беради.

Бу орада тест синовлари ўтиб, сал ўтмай унинг жавоблари ҳам эълон қилинди. Шамсиддин шу куни аёлга қўнғироқ қилиб, «қўйни сўйинг опа, қизингиз ўқишга кирди», деб суюнчи ҳам сўрайди.

Аёлнинг оиласида хурсандчилик бошланган ҳамоно абитуриент қиз ўз телефони орқали Давлат тест маркази базасига сўровнома юбориб кўради. Афсуски, у ердан рад жавоби келади.

Ҳамма ташвиш шундан кейин бошланди. Пулни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган Шамсиддин ҳар хил баҳоналар тўқий бошлайди. Бир ой кутинг, икки ой кутинг, пахта мавсуми ўтсин, янги йил келсин...

Тоқати тоқ бўлган аёл судга мурожаат қилди.

— Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган суд жараёнида судланувчининг фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзгаларнинг мулкини қўлга киритгани аниқланди, — дейди Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон тумани суди судьси Б.Икромов. – Жазо тайинлашда барча жиҳатларни эътиборга олинди ва унга 9,7 миллион сўм жарима жазоси тайинлади. Судда иккинчи томоннинг хатти-ҳаракатларига ҳам баҳо берилди. Аёл пора бериш, яъни мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши қонунга хилоф эканлигини била туриб, бевосита ёки воситачи орқали мансабдор шахсга моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш мақсадида, судланувчига 2,5 минг АҚШ долларини пора тариқасида берган. Бу қилмиши учун унга 7,4 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилди. Пора сифатида берилган ва кейинчалик айбланувчидан олинган 2,5 минг доллар давлат фойдасига мусодара этилди.

Шу кунларда ҳам бундай ҳолатлар учраб турибди. Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Риштон туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона вилояти Бағдод тумани марказий поликлиникаси “Наркология” бўлими ҳамшираси Р. ва Андижон давлат университети табиий фанлар факультети ўқитувчиси С. фуқаро З.ни мазкур университетнинг жисмоний тарбия факультети кундузги таълим бўлимига Тошкент шаҳридаги танишлари орқали ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан ундан 5 минг АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Р. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши кўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг