Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Германияда қафасдан қочган йўлбарс 73 ёшли эркакка ҳужум қилди

Германияда қафасдан қочган йўлбарс 73 ёшли эркакка ҳужум қилди

Фото: Bild

Германиянинг Шкойдиц шаҳрида қафасдан қочиб чиқиб, эркакка ҳужум қилган йўлбарс отиб ўлдирилди.

Ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотларига кўра, жабрланган шахс — 73 ёшли эркак бўлиб, у ҳайвонни парвариш қилишга ёрдам берган. У енгил жароҳат олиб, касалхонага етказилган. Йўлбарс қандай қилиб қочиб чиққани ҳозирча номаълум. Тахминан 300 метргача узоқлашишга улгурган ва ташқарида ярим соатдан камроқ вақт бўлган жонивор полиция ходимлари томонидан узоқдан бир неча ўқ билан отиб ўлдирилган.

Гуруҳдаги бошқа йўлбарслар қочиб чиқмаган. Полиция вакилига кўра, аҳоли учун хавф йўқ. Шунга қарамай, полиция бошқа ҳайвонлар, масалан отлар зарар кўрмаганини аниқлаш учун ҳудудни дрон орқали текширган.

«Bild» нашрининг ёзишича, ўлдирилган йўлбарс машҳур ҳайвон ўргатувчи Кармен Цандерга тегишли бўлган. Аёл «Йўлбарслар қироличаси» номи билан танилган. У саноат зонаси ҳудудида тор шароитда ўнта ёввойи ҳайвонни сақлайди, 2022 йилдан бери унга ҳайвонларини тижорий мақсадда намойиш этиш тақиқланган. Ҳокимият улар учун ҳайвонот боғлари ёки ёввойи табиатдаги каби шароитни таъминлашни талаб қилмоқда. Бироқ улар сақланаётган майдон бу учун етарли эмас.

Яқинда Цандер ҳайвонлар билан чиқиш қилиш тақиқини бузгани учун суд қилинган. Унинг айтишича, у бу қоидани молиявий сабабларга кўра бузган, чунки йўлбарсларининг озуқаси учун ойига 4500 евро сарфланади. 2025 йил бошида эса яна олтита йўлбарс болалари дунёга келган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг