Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Германиялик сиёсатчи қалтис таклиф билан чиқди

Германиялик сиёсатчи қалтис таклиф билан чиқди

Тино Хрупалла.

Фото: AFP

«Германия учун муқобил» (Alternative für Deutschland, AfD) партияси ҳамраиси Тино Хрупалла Германиядан 2,6 миллион нафарга қадар хорижликни бадарға этиш таклифи билан чиқди.

Сиёсатчига кўра, Германиядан нафақат жиноят содир этган ва бошпана сўрови рад этилган хорижликларни, шунингдек, мамлакатда қонуний асосда яшаётган Сурия, Афғонистон ва Украина вакилларини ҳам мажбуран чиқариб юбориш керак.

Бунинг учун Украинада урушнинг тугаши, Сурия ва Афғонистонда хавфсизлик билан боғлиқ ҳолат яхшиланиши шарт сифатида кўрсатилган. 

Миграция бўйича эксперт, Констанц университети профессори Даниэл Тим «Германия учун муқобил» партияси ҳамраисининг фикрлари жамиятда янглиш тасаввур уйғотади деб ҳисоблайди.

«Хрупалла гўёки миллионлаб украиналиклар, сурияликлар ва афғонларни тезкор равишда, оммавий тарзда депортация қилиш мумкин деган тасаввур туғдиради. Аслида ундай эмас. Ҳар бир инсоннинг ҳимоя мақоми алоҳида тартибда кўриб чиқилиши керак», — дейди профессор.

Германия Россия агрессиясига учраган Украинага яқиндан кўмак бериб келмоқда. Аммо бу борада ҳам немис жамиятида эътироз кучайиб бормоқда. YouGov ижтимоий институти ўтказган сўнгги сўровга кўра, мамлакат аҳолисининг қарийб ярми Украинага кўмакни қисқартириш ёки тўлиқ тўхтатиш лозим деб ҳисоблайди. Сўровда қатнашган аҳолининг 30 фоизигина Украинага кўмакни аввалги даражада сақлаб қолишни ёқлаган. 

Тино Хрупалланинг баёноти Германияда ўта ўнг қанотга мансуб ҳаракатнинг сиёсат майдонидаги нуфузи ошиб бораётган паллага тўғри келмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 6 сентябр куни Германиянинг Саксония-Анхалт федерал ерида маҳаллий парламент (ландтаг) учун бўлиб ўтган сайловда «Германия учун муқобил» партияси электоратнинг 43,8 фоиз овозини ва маҳаллий парламентдаги 83 та ўриндан 39 тасини олишга муваффақ бўлди.

Жорий йил 20 сентябр куни Германиянинг яна икки ҳудуди — Мекленбург-Олд Померания ва Берлин маҳаллий қонунчилик идораси сайловида ҳам «Германия учун муқобил» партияси 38,2 овоз билан ғалаба қозонди.

Миллатчилик, айирмачилик руҳидаги радикал баёнотлари билан тилга тушган партиянинг бу қадар кескин фарқ билан ғалаба қозониши «сиёсий зилзила» деб баҳоланди.

Мазкур партия Россияга нисбатан хайрихоҳ муносабати, Украинага нисбатан эса кескин позицияси билан ажралиб туради. Владимир Путин ҳам «Германия учун муқобил» немис халқи ва немис иқтисодиёти манфаатларини аниқ ва изчил ҳимоя қилиши»ни айтиб, партияни очиқ мақтагани маълум.

Масаланинг яна бир мураккаб жиҳати шундаки, ушбу партияни АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам қўллаб-қувватлайди. Трамп ҳудудий сайловдаги ғалаба муносабати билан партияга хайрихоҳлик руҳида пост эълон қилган эди.

Нацистлар партияси сабаб Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши ва миллионлаб инсоннинг ўлдирилишига сабабчи бўлган Германияда миллатчилик ўта нозик масала саналади. «Сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади» деганларидек, немислар миллатчилик ҳаракатларига нисбатан ўта эҳтиёткор муносабатда бўлади. Аммо шундай эҳтиёткорлик муҳитида ҳам миллатчилик, ирқчилик ва аксилислом руҳидаги сиёсий дастурни илгари сураётган «Германия учун муқобил» партиясининг мавқеи ошиб бораётгани ўта хатарли тенденция деб баҳоланмоқда.

Маълумот ўрнида: 2025 йил май ойида Германиянинг Конституцияни муҳофаза этиш бўйича федерал идораси (BfV) мазкур партияни экстремистик тузилма деб эълон қилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг