Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳуқуқсизлик берган «ҳуқуқ»: Избоскан ҳокими МФЙ раисини ишдан ҳайдади

Ҳуқуқсизлик берган «ҳуқуқ»: Избоскан ҳокими МФЙ раисини ишдан ҳайдади

Иллюстратив фото

Избоскандаги (Андижон вилояти) Бирлашган маҳалла фуқаролар йиғини (МФЙ) раиси Шуҳратжон Абдуллаевга шу йилнинг апрелида – карантин жорий этилган кунларнинг бирида ҳоким Серобиддин Исмоилов катта кўчани кўрсатиб қўйди.

Туман ҳокимининг ярим тунда (!) ҳудуд фаоллари иштирокида мажлис ўтказаётган чоғи чиқарган ҳукми қатъий, шикоятга ўрин қолдирмайдиган оҳангда янградики, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими мутасаддилари бинойидек ишлаб келаётган раиснинг кўнглини кўтаришни қўя туринг, аксинча «катта»нинг қарорини ёқлаб, «Тезда аризангизни ёзинг!» дея пишанг беришга тушишди.

Раис, турган гапки, ариза ёзишдан бош тортди: «Шошмай туринглар-чи, барака топгурлар, ҳеч қурса, тонг отсин?!».

Йўқ, мулозимлар икки оёқни баттар бир этикка тиқди: «Ариза ёзмасангиз, ҳокимлик биносидан чиқмайсиз, вассалом!»

Ҳар қанча қисталанг қилинмасин, Ш. Абдуллаев «Йўқ, ёзмайман», деб туриб олгач, бир варақ оқ қоғозга мажбуран имзо чектиришганидан сўнггина ташқарига кузатиб қўйишди...

Хўш, маҳаллақўм қай бир гуноҳи сабаб ҳокимнинг қаҳрига учради?

* * *

Хабарингиз бор, карантин тартиби татбиқ қилинган дастлабки кунларда ҳудудларда айрим ноинсоф савдогарлар озиқ-овқат маҳсулотлари нархини сунъий равишда ошириб юборишди. Боз устига, кўпчилик доимий эҳтиёж сезиладиган бирламчи маҳсулотлар, жумладан, ун харид қилишга тушиб кетди. Оқибатда эркин савдода ун нархи кўтарилиб кетганлиги ҳам бор гап. Айни шундай шароитда энг зарур маҳсулотлар савдоси юзасидан давлат ташаббусни қўлга олдики, ҳар бир ҳудудга белгиланган график асосида, арзон нархда келтирилган ун маҳсулотлари тарқатилишини тақсимот ва назорат қилиш маҳаллий мутасаддилар, хусусан, маҳалла раислари чекига тушди.

Бирлашган маҳалласида ҳам шу йил 20 апрель куни пешиндан сўнг бошланган ун тарқатиш жараёни то шомга қадар давом этди. Табиийки, Шуҳратжон Абдуллаев раис сифатида айни юмушнинг бошида турди.

Алламаҳалда уйига чарчаб келган раис кечки овқат маҳали «ҳазми таом» учун савил қолгур «шайтоннинг суви»дан 50 грамм нўш айлайди. Бунинг учун уни айблаб бўладими? Йўқ, албатта. Тўғрисиям-да, иш вақтидан сўнг ичиш ёки ичмаслик ҳар кимнинг шахсий ҳуқуқи. Муҳими, бировга зиёни тегмаса бўлгани! Ичиш ман этилганида эди, давлат томонидан алькогол савдоси билан боғлиқ меъёрий ҳужжатлар қабул қилинмаган, акциз солиғи жорий этилмаган бўларди...

Қисқаси, кечки овқатдан сўнг уйқуга ётар маҳалла раисига қўнғироқ бўлади: «Зудлик билан ҳокимликка йиғилишга!»

Фаолларнинг тунги машварати кун тартибидан бир қатор масалалар ўрин олган экан. Муҳокама навбати озиқ-овқат тақчиллигининг олдини олиш мавзусига келганда ҳоким Серобиддин Исмоилов атрофидагиларга «Гуручни қандай қилиб узоқ сақлаш мумкин: тайёр ҳолдами ёки шоли кўринишида?» деган мазмунда савол беради. Саволга мулозимлар жавоб қайтарар экан, залда ўтирган Шуҳратжон Абдуллаев ҳам «Шоли ҳолатида узоқ сақлаш мумкин!» дея фикрини билдиради (тажрибали деҳқонларнинг таъкидлашича, чиндан-да гуручдан кўра шолини сақлаш осонроқ).

Ҳукмфармо ҳоким маҳалла раисининг сўзлаш учун қўл кўтариб рухсат сўраш ўрнига шартта ўрнидан туриб «от солворишини» энг камида беадаблик деб қабул қилган бўлса, не ажаб?! Йўқса, шу оннинг ўзидёқ «Ичиб олганми бу? Залдан чиқиб кетсин, раисликни бўшатиб қўйсин!» деган кескин қарорга келмас эди.

Хуллас, бор гап шу.

...Бирлашган МФЙ фаолларининг шу мавзудаги мурожаатидан сўнг туман ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Саида Абдусаломовадан айни масала юзасидан изоҳ олинди. Ҳоким ўринбосари юқорида тасвирланган ҳолатни тасдиқлар экан, ишдан бўшатилган раиснинг шахсиятини, оиласини узоқ йиллардан бери яхши танишини, маҳалладаги энг намунали хонадонлардан бири эканлигини таъкидлади. Абдусаломованинг қайд этишича, янги раис сайлаш мақсадида МФЙ кенгашидан уч бор номзод сўралган. Аммо кенгаш аъзолари бошқа номзод беришдан бош тортишган.

Модомики, собиқ раиснинг маҳаллада обрўйи бор экан, вазиятни тушунтириб, ҳимоя қилиш керак эмасмиди?

С. Абдусаломованинг бу саволга жавоби қисқа-лўнда бўлди: «Ҳоким – ҳоким-да, ука...»

* * *

Энди масаланинг қонуний жиҳатлари хусусида икки оғиз гап. Ш. Абдуллаевнинг таъкидлашича, ишдан бўшаши тўғрисида ёзилган ариза ҳамда ундаги имзо ўзига тегишли эмас. Яъниким, ҳокимлик ёки маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимларидан бири томонидан раис номидан сохта ариза ёзилиб, ҳужжат расмийлаштирилган. Қўлимизда турган ариза нусхасидаги ёзув билан Ш. Абдуллаевнинг асл ҳуснихати бир-биридан фарқ қилади. Айни ҳолат юзасидан хатшунослик экспертизаси ўтказилиши ҳамда бориб турган бундай қонунбузарлик учун жавобгарлар аниқланиб, жазоланиши зарур.

Меҳнат қонунчилигига кўра, вазифасидан озод этилган ходимга ишдан бўшатилганлиги хусусидаги буйруқ нусхаси ҳамда меҳнат дафтарчаси шу куннинг ўзидаёқ берилиши шарт. Ш. Абдуллаев эса С. Абдусаломова томонидан имзоланган буйруқ асосида 15 май куни вазифасидан озод этиляпти. Буйруқ нусхаси орадан нақ 40 кун (!) ўтиб, яна денг, раиснинг оила аъзолари томонидан қайта-қайта суриштирилгандан сўнг, 25 июнь куни почта орқали унинг яшаш манзилига юбориляпти. Конверт эса орадан яна 48 кун (!) ўтиб, раиснинг қўлига тегяпти.

Судда даъво муддати деган тушунча бор. Меҳнат муносабатлари билан боғлиқ низоларда ишдан бўшатилганидан норози бўлган ходим бир ой муддатда судга даъво киритиш ҳуқуқига эга. Шундан келиб чиқилса, Избосканда ҳоким ва унинг ноқонуний буйруғини сўзсиз ижро этувчи масъулларнинг «вақт ўлдириш» мақсадида қўллаган айни тактикасига қойил қолмай илож йўқ!

Биз ичиб олиб ҳокимлик биносига боришни оқлаш ёки тарғибот қилиш ниятидан йироқмиз (гарчи бошқаларни безовта қилиб, тўс-тўполон кўтарилмаган бўлса-да). Аммо вазиятга объектив баҳо беринг – маҳалла раиси эмас, балки ҳокимнинг ўзи айбдор эмасми? Иш вақтидан кейин, яна денг алламаҳалда мажлис чақириш қайси қолипга сиғади?

Қолмишига меҳнат муносабатлари ҳамда маҳалла раислари сайлови билан боғлиқ меъёрий ҳужжатларга, ҳукуматнинг ярим кечаси одамларни йиғилишга чақирмаслик хусусидаги кўрсатмаларига ҳам тупуриб қўйиляптики, айни ҳол ҳокимнинг хоҳиш-истаги ҳар қандай қонун-қоидадан устун деган хулосага ундайди.

Раислар бор – давлат томонидан йўқсилларга ажратилаётган маблағларни ўзлаштириш пайидан бўлади, раислар бор – журналистларга ўз ўғлини камбағал қилиб кўрсатиб, жамоатчиликка тап тортмай ёлғон маълумот бериб, спектакль қўяди. Бизнинг қаҳрамонимизга эса, давлатга, халққа хиёнати учун эмас, биргина хатоси учун чиқиш эшиклари кўрсатиб қўйилди. 

Давлат раҳбари «Хато қилсанг, кечираман, аммо хиёнатни кечирмайман», деб бир неча бор таъкидлади. Давралардаги оташин нутқларида «Президент командасиданман!» дея урғу беришни хуш кўрадиган ҳоким Серобиддин Исмоилов эса амалда айни тамойилнинг тескарисини қўллаётгандай.

Ёки сўз бошқа, иш бошқами?

Нурилло Нўъмонов,
журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг