Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Иноят Садикова

Онамнинг «Бундан баттари бўлиши мумкин эди; ўлимдан бошқанинг имкони бор», деган гапларини доим ёдимда сақлайман.

Ижтимоий инновация: таълим тизими муаммоларини ечишда халқ ёрдами

Ижтимоий инновация: таълим тизими муаммоларини ечишда халқ ёрдами

Фото: «Killerinnovations.com»

Бу мақолани ёзишни ўзимга бир йил аввал мақсад қилган эдим. Таълим тизимида халқ, ота-оналар ёрдами борасидаги фикрларимни дарс мавзуси доирасида талабаларим билан бўлишдим; баъзи давлат органлари ҳодимларига ҳам бир-икки ғоямни етказдим; имкон бўлганда дўстларим, танишларим билан муҳокама қилдим. Ва ниҳоят мулоҳазаларим ва таклифларимни жамлаб, ўтган йил сентябр ойида Президентимизнинг виртуал қабулхонасига мурожаат йўлладим.

Ўтган йил ноябр ойида Жаҳон банкининг мен ходим сифатида аъзо бўлиб турган «ижтимоий ривожлантириш» гуруҳи катта мутахассиси айнан шу мавзудаги ишлар менга юклатилишини айтганида, хурсанд бўлганимдан «бунинг эвазига ҳақ олмасликка ҳам розиман» деб юбордим.

Ижтимоий инновация нима? Фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашда ёрдам берадиган янги стратегиялар, концепcиялар ва ғояларни ёхуд Оксфорд университети қошидаги Ижтимоий тадбиркорлик маркази тадқиқотчиларига асосан, содда қилиб айтганда «иш берадиган янги ғоялар»ни ижтимоий инновация деб аташ мумкин. Ушбу олимлар тарафидан келтирилган маълумотга кўра, иқтисодчилар иқтисодий ўсишнинг 50-80 фоизи инновация ва янги билимлардан келади деб тахмин қилишади.

Ижтимоий инновация ҳаётнинг барча жабҳаларига тааллуқли ва кенг имкониятли назария бўлиб, унинг асосчилари сифатида Петр Друкер ва Майкл Янг кўрсатилади. Онлайн, текин ва нотижорат энциклопедияга эҳтиёж сезган икки кишининг ғояси ва ҳаракатлари натижаси бўлган Wikipedia; омма тарафидан хайрия акциялари (краудсорсинг/краудфандинг) механизми, Лилия Николенко исмли аёл бир истеъмолчи сифатида ўзи харид қилган маҳсулотига тавсиф беришни хоҳлаши натижасида пайдо бўлган  лойиҳаси, «Telegram»да ўз мавзуси бўйича текин ва профессионал контент улашиб борадиган «Шахсий ривожланиш» канали ва Фарғона вилоятининг Риштон туманида яшовчи ҳунарманд Дилшод Болтабоев ташкил қилган халқ кутубхонаси ижтимоий инновацияга мисолларидир. Яъни, юқорида айтилганидай — иш берадиган, жамиятга фойдаси тегадиган ва истаган киши ўз ҳиссасини қўша оладиган янги ғоялар — ижтимоий инновациялар.

Ушбу мақолада эса айнан таълим тизими муаммоларини ечишда халқ ёрдамини назарда тутадиган ижтимоий инновация ҳақида сўз юритмоқчиман.

Назария танқидчилари «халқ ёрдамини турли жабҳаларда кучайтиришни ташвиқот қилиш давлатларнинг бюджет тақсимлашдаги номутаносибликларга, айниқса давлат тарафидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамларнинг кам ёки йўқ бўлишига розиликни қўллаб-қувватлаш деганидир» каби фикрларни илгари суришади. АҚШ каби капиталистик давлатлар учун бу ҳадик бугуннинг ростига айланиб бўлган. Яъни, давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсати фақат кескин бозор иқтисодиёти мезонларига амал қилади ва ижтимоий келишмовчиликлар, муаммолар кўп ҳолатларда халқ, омма ва нодавлат-нотижорат ташкилотлар тарафидан бартараф этилади. Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳолатида эса бу воқеликда парадокс мавжуд, яъни ижтимоий соҳалар учун давлат бюджети катта миқдорда ажратилади, лекин бошқа бир қатор сабаблар билан биргаликда, етарли даражада шаффофлик мавжуд бўлмаганлиги учун ҳамда коррупция оқибатида тизим самарали ишламаяпти.

Мисол учун, АҚШнинг 2018 йилги давлат бюджети лойиҳасига кўра, таълим тизимига умумий бюджетдан 1,8 фоиз маблағ ажратилган, Ўзбекистоннинг 2018 йилги бюджет рақамларида эса бу 31,4 фоизни ташкил этади.

Ижтимоий инновациялар, давлатимизга, халқимизга, бизга айнан ҳозир жуда ҳам керакли механизмдир, зеро, ҳозир давлатимизни қўллаб-қувватламасак, биз ҳам кескин капитализм домига ғарқ бўлиб, барча соҳаларни, жумладан, таълим тизимини ҳам эркин бозор қўлига топшириб қўйиш хавфи остида қоламиз.

Таълим тизимида ижтимоий инновация. Бу борада ота-оналар қўмитаси таянч нуқта бўлиб хизмат кўрсатишлари ва тизимни моддий қўллаб-қувватлашлари лозим. Ўзимнинг мисолимда айтадиган бўлсам, фарзандларим мактабгача таълим муассасасига қатнаганликлари учун доимо имкон қадар уларнинг «боғча»сига беғараз моддий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиламан. Юқорида айтиб ўтганим, Президент виртуал қабулхонасига ёзган мурожаатномамдан иқтибос келтираман:

АҚШда мактабгача таълим муассасаси давлат томонидан бизникидай қўллаб-қувватланмайди. У мавжуд, лекин фақатгина энг қуйи қатламдаги кам таъминланган оилалар учун. 2013 йил кўрсаткичларига кўра АҚШда 16 миллиондан зиёд болалар камбағалликда яшашади ва мактабгача таълим тизимида ўқишга ҳақли бўлган болаларнинг 42 фоизигина унга қатнайди.

Сабаблари: ҳукумат доимий равишда бир хилда маблағ ажратмайди, дастур мукаммал эмас, унга ёзилиш, қатнашда жуда кўп муаммолар мавжуд бўлиб, ота-оналар ушбу дастур фойдасини яққол сезмасликлари боис, фарзандларининг унга аъзо бўлишига ошиқишмайди. Фарзандларини хусусий боғчаларга беришга мажбур ота-оналар эса бу нарса уларнинг иқтисодий ҳамда психологик ҳолатига қаттиқ салбий таъсир ўтказаётганини айтиб келишади.

Яна бир иқтибос:

Ҳатто АҚШдаги хусусий боғчалар ҳам бизникидай қулайликларга эга эмас:

  • Болалар яйраб ўйнадиган ҳовли-жой йўқ; хоналари ҳам тор; бир хонада овқатланиб, ўйнаб, яна ўша хонада йиғма ётоқларда дам олишади.
  • Бизнинг МТМлардагидай ошхоналари йўқ: болалар асосан ярим тайёрланган овқат (полуфабрикатлар)дан озуқланади. Бизнинг ошпазлар эса болажонларимизга яхна ва қайноққина таомларни тайёрлаб беришади. Ўтган қиш кунлари фарзандларимнинг боғчасидаги газ қувурлар таъмирланаётган куни ўчоқдаги дошқозонда ўтин ёқиб эрталабки нонушта тайёрлашаётганини кўриб кўзимга ёш келган. Бир давлатнинг, бир инсоннинг болаларга бўлган меҳри бўлса — шунчалик бўлади.
  • Биздаги каби ёзги бассейнларда чўмилиш, байрам тадбирлари, ўқув машғулотлари, тиббий кўриклар, зарур ҳолларда логопед дарслари уёқда турсин, оддий расм чизиш тўгараги учун хоҳишга қараб алоҳида тўлов талаб қилинади. Боғчанинг ўзига ўртача ҳафталик тўлов эса $800 ни ташкил қилади.

Қисқа қилиб айтганда, ҳатто АҚШда ҳам давлат мактабгача таълим муассасалари бизникидай қўллаб-қувватланмайди ва ҳатто хусусий боғчаларида ҳам болалар учун шароитлар баъзи ҳолларда бизнинг МТМларникидан ёмонроқ.

Ўзбекистондаги мактабгача таълим муассасаси
Фото: «Xabar.uz»
Ўзбекистондаги мактабгача таълим муассасаси
Фото: «Xabar.uz»
Ўзбекистондаги мактабгача таълим муассасаси
Фото: «Xabar.uz»

Шунинг учун, АҚШдан кўчиб келганимиздан кейин ярим йил ўтмаёқ, биринчи фарзандим давлат боғчасига қатнай бошлаганидан буён уларни имконим қадар қўллаб-қувватлайман. Мен каби ота-оналар кўп ва хоҳлардимки, улар бундан-да кўпайса.

Яқинда ота-оналар ҳомийлиги орқали тақдим этилган 60 000 сўмни олиб, боғчамиз гуруҳи учун автомобил-ўйинчоқлар олиб келиш учун бозорга бордим. Бозордаги нархларга кўра, бу пулга икки дона ўйинчоқ келар экан, холос. Ёнимдан 70 000 дан сал ошиқроқ пул қўшиб, «#birgabiryordam» кўрсатдим, деб ўзимга ҳисоб бердим. Уйга келиб ёш боладай хурсандчилик билан совғаларни ўрадим ва уларни болаларга опаси «қорбобо номидан» топширди. Ўша куни боғча опами, менми ёки болаларми, энг кўп ким хурсанд бўлганини, тўғриси билмадим.

Ўзбекистондаги мактабгача таълим муассасаси
Фото: «Xabar.uz»
Ўзбекистондаги мактабгача таълим муассасаси
Фото: «Xabar.uz»
Ўзбекистондаги мактабгача таълим муассасаси
Фото: «Xabar.uz»
Ўзбекистондаги мактабгача таълим муассасаси
Фото: «Xabar.uz»

Давлат ажратадиган бюджет маблағлари, таълим муассасалари ўқитувчи ва тарбиячиларнинг ойлик масалалари ва коррупцияга қарши кураш чоралари билан бир қаторда, уларни масаланинг бир тарафи сифатида кўриб, биз ўзимиз, яъни халқ ҳам араванинг бир четини тортишимиз керак.

Ёзганларимни ўқиб туриб, «Пул кўп экан, ёрдам бераверасиз-да!» — деяётган бўлсангиз, адашасиз. Мен ҳам оддий инсонларнинг, оддий ўқитувчиларнинг оддий фарзандиман. Ёшлигимда «сепсиз тегаман» деган орзуим амалга ошиб, турмуш ўртоғим билан расмий тўйимиз тўрт киши, никоҳ тўйимиз йигирмата атрофидаги одам билан ўтган. Ўғлимизга дабдабали «суннат» тўйи қилмаганмиз, қилмоқчи ҳам эмасмиз. Урф-одат, қадриятларни дабдабасиз, мақтанчоқликсиз, бировлардан қарз олмай ҳам жойига қўйса бўлади. Шахсий автомобилимиз йўқ. Янги кийим-кечакка ўч эмасмиз. Уйимизнинг кўп қисми қирқ йил аввал таъмирдан ўтган; аввалги йил ёздагина меҳмонхонанинг ўзини таъмирлашга имкон қилдик. Биз учун ҳозирда энг муҳими — фарзандларимизнинг бугуни. Зеро, кичик ёшда уларга берилган меҳр, уларга ишлатилган маблағ — келажакда ўз мевасини беради. Фарзандларимиз инглиз тилида бемалол суҳбатлашади; каттамиз шахмат, мусиқа ва гимнастика тўгаракларига қатнайди ва асосий маблағ уларни соғлом овқатлантиришга кетади. Ҳар куни биттадан ҳикоя ўқиймиз ва инглиз тилидаги китобларимизни айнан ижтимоий инновациянинг бир тури, эҳсон механизми ёрдамида шахсий саҳифам орқали йиғиб-тераман —https://letsgetfazi.weebly.com/.

Айтганимдай, биз каби ота-оналар кўп ва мақсадим — улар яна ҳам кўпайса. Чунки, давлат ҳеч қачон ҳеч бир соҳани 100 фоиз моддий таъминлаш даражасида бўлмайди. Нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги ҳеч бир давлат буни таъмин этиб беролмайди. Шундай экан, ўз ҳиссамизни қўшайлик ва мавжуд тизимни қўллаб-қувватлайлик. Президентимиз Шавкат Миромонович «2018 йил Ўзбекистон тараққиётида ҳал қилувчи йил бўлади», деб эътироф этди. Келинглар, оилавий бюджетимизни кўриб чиқайлик, ортиқча сарф-ҳаражатларни камайтириб, имкон қадар таълим тизимида иш берадиган ғояларни ўзимиз бериб, ўзимиз қўллаб-қувватлайлик. Агар ёзганларимни ўқиб «Оилавий шароити кўтарар экан, турмуш ўртоғи тушунар экан», – деган бўлсангиз, 100 фоиз ҳақсиз. Ўзбек оиласида, фарзандлар ёшлик вақтида одатда она молиявий масалаларда ҳал қилувчи овозга эга эмас, лекин таълим ва тарбия унинг бўйнида. Бу бутун жараёндаги занжирнинг узилишига олиб келади. Ота-она ўз фарзандлари ва уларни вояга етказишдаги тизим ва унда қатнашувчи инсонларга муносабат масалаларини биргаликда ҳал қилмас экан, қайнона-қайнота ва бошқа оила аъзолари ҳам буларнинг барчасини тушунмас экан, занжир ҳеч қачон узвий ва мустаҳкам бўлмайди.

Яна виртуал қабулхонага мурожааатимдан иқтибос:

Ҳар бир МТМда мажбурий ота-оналар қўмиталари фаолият олиб боришлари ва улар боғча-бола-ота-она учбурчагини мустаҳкамлашга хизмат қилишлари лозим. Шунингдек, ҳар бир ривожланган давлат тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, бундай қўмиталар ота-оналарнинг ихтиёрий ёрдам пули эвазига ташкил этиладиган фондни бошқаради, унинг ҳисоботини юритади. Айни шундай схема ҳозирда Тошкент шаҳрининг давлат тасарруфидаги баъзи мактабларида сиртдан ишлаб келяпти ва ҳамма уларга ёпишиб олган, фарзандини ўша мактабларда кўришни хоҳлашади. Ота-оналар тушуниши лозимки, буни ҳар қайси давлат таълим муассасасида ташкил қилса бўлади ва энг асосий куч ва ёрдам — ота-оналарнинг ўзлари. Ва бундай ҳаракатларнинг бари қонунийлаштириб қўйилса, очиқчасига, шаффоф олиб борилса бас.

Юқорида ёзганларим нафақат МТМ фаолияти доирасида, балки бутун таълим тизимида ўринли ва фойдалидир.

Ижтимоий инновация каби кўринаётган, ҳали мақсадлари аниқ фош этилмаган ушбу «MaktApp» лойиҳасининг промо видеосига ҳамоҳанг видео кутаман. Унда ўз хоҳиши билан болага лоқайд бўлаётган ота-оналар, ишда мажбур ушланиб қоладиган оталар, умри ошхонада овқат тайёрлаш, уй тозалаш, меҳмонларга қараш билан ўтиб кетиб, фарзандига вақт, энергия ажрата олмай, уларга беэътибор қолишга мажбур оналар тасвирланишини кутаман.

Ижтимоий фаоллик учун барчада нафақат моддий, балки ижтимоий имкониятлар мавжуд бўлиши шарт.

Имкониятлари мавжудлар учун эса қуйидаги механизмлар йўлга қўйилишини таклиф этаман:

Ω Таълим тизимига сарф этилаётган давлат бюджети маблағларининг шаффофлигини ошириш;

Ω «Gofundme.com» ва «Kickstarter.com» каби краудфандинг платформаларини яратиш;

Ω #birgabiryordam шиори остида таълим муассасалари акциялар ўтказиб, ота-оналар ва ҳомийларни жалб қилиш;

Ω Президентимиз таклиф этган #meningfikrim платформасида #meninghissam рукнини очиш ва унда фуқароларнинг мамлакат ривожига қўшган ҳиссаларини ёритиб бориш;

Ω Ота-оналар қўмитаси фаолиятини ижтимоий инновация ғоялари асосида шакллантириш ва уларнинг ҳомийлик ҳаракатларига кенг йўл очиб, қўллаб-қувватлаш.

Ижтимоий назорат — ижтимоий мажбурият, ижтимоий эҳсон ва ижтимоий фаоллик ҳам деганидир. Бу жараён ҳозирги даврда ижтимоий инновациялар орқали амалга оширилиши энг самарали усул ҳисобланади. Умид қиламанки, фаол ҳаракатларимиз натижасида ҳамда инновацион ғояларни таълим тизимида татбиқ қилиб, кўплаб ютуқларга эришамиз. Фарзандларимизга, давлатимизга ва ўзимизга бир умрлик фойда келтирамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг