Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дониёр Рўзметов

Ўқиганим ва билганим сари ўқимаганим ва билмаганим қанчалар кўп эканлигини тушуниб хижолат тортамен!

Катта бўлсанг, ким бўласан?

Катта бўлсанг, ким бўласан?

Фото: «FB.ru»

Кичкиналигимда мендан «Катта бўлсанг, ким бўласан?» деб сўрашса, «Прокурор бўламан» деб жавоб берар эдим. Ота-онам менга «Прокурор бўлиш учун яхши ўқишинг керак. Чунки прокурорларнинг ўқишига кириш осон бўлмайди. Ундан кейин прокурорлар жуда билимли инсонлар бўлади» деб такрорлашар эди.

Ёшлигимдан қандай қилиб прокурор бўлиш ҳақида ўйлай бошладим. Умримда прокурорларни кўрган эмас эдим. Ҳинд киноларидаги прокурорлар бундан мустасно. Бизнинг қишлоғимиздан прокурор чиқмаган. Мен учун прокурор Қорбобога ўхшаган идеалдай гап эди. Бу мақсадга интилиш мен учун фахрли бир иш эди.

Олтинчи синфда ўқиётганимда Ўзбекистонда ўқишга кириш учун тест тизими йўлга қўйилди. Мен юридик институтга кириш учун қайси фанлардан имтиҳон бўлишига қизиқиб кўрдим ва тарих, ўзбек тили ҳамда чет тилидан имтиҳон бўлишини аниқладим. Мантиқан ўйлаб кўриб, «мактабда тарих ва ўзбек тилини мустақил ўқиб ўрганишим мумкин, лекин француз тилини ўқишга кирадиган даражада ўрганиш учун ҳаракатни олтинчи синфдаёқ бошлашим керак» деган қарорга келдим.

Ўшанда мактабимизга Роҳат опа деган ёш француз тили ўқитувчиси келган эди. Дарсларни қизиқарли қилиб ўтар эди. Мен унга француз тилини чуқурроқ ўрганмоқчи эканлигимни айтдим. У ўша кундан бошлаб менга кўпроқ вазифалар бериб, алоҳида ишлай бошлади. Кейинги йилдан мен француз тилидан фан олимпиадасига бора бошладим. Табиийки, қишлоқларда француз тилига деярли ҳеч ким қизиқмагани учун олимпиаданинг қишлоқ босқичларида менга тенг келадиган рақибнинг ўзи йўқ эди.

Саккизинчи синфда, олимпиаданинг туман босқичида янги очилган жаҳон тиллари лицейининг ўқувчиси билан биринчи ўринни талашдим, лекин менинг назаримда ихтисослашган лицей бўлгани сабабли биринчи ўринни уларга бериб юборишди. Иккинчи ўрин билан чекланишга мажбур бўлдим. Ўшанда жаҳон тиллари лицейининг ўқитувчиси менга лицейга киришни таклиф этди. Лекин менинг ниятим бошқа эди. Турк лицейига киришни ва у ерда кучли билим олиб, кейин юридик институтга киришни ният қилган эдим. Лекин вақти келганда турк лицейи ёпилиб, мен турк лицейдан ҳам, жаҳон тиллари лицейидан ҳам қуруқ қолиб кетдим. Шундан кейин мустақил равишда тайёрланишни давом эттирдим.

Орадан бир йил ўтгач, жаҳон тиллари лицейида ўқитувчи бўлиб ишлайдиган қариндошимиз мени лицейга киришга бошқатдан таклиф қилди. Бу сафар розилик бериб, лицейга ўқишга кирдим. Унда асосан иқтидорли ўқувчилар йиғилгани боис («турк лицейи» воқеаси туфайли мен синфдошларимдан бир йил кейин кирганман) мен уларга етиб олиш учун анча меҳнат қилишимга тўғри келган. Лицейда Францияда малака ошириб келган ўқитувчилар Франциянинг дарсликлари асосида дарс берар ва бизнинг кунимиз эрталабдан кечгача нафақат француз тилини ўрганиш, балки Франциянинг маданияти, урф-одатлари, тарихи ва ҳоказоларни ўрганиш билан ўтар эди.

Бундай кундалик ўқув режаси туфайли менда, табиийки, Франция ва француз тилига муҳаббат уйғонган. «Прокурор бўламан» деб тарих, ҳуқуқ, ўзбек тили фанларини ҳам чуқур ўрганиб юрганимга қарамасдан вақт ўтиши билан менда Францияда таълим олиш орзуси пайдо бўлган. Бора-бора Францияда ўқиш орзуси прокурор бўлиш орзуси билан рақобатга киришиб, ўқишга кирадиган паллада олдимда кўндаланг бўлиб туриб олган.

«Агар юридик институтга кирадиган бўлсам (агар кира олсам), прокурорларга чет элга чиқиш мумкин эмас. Демак, мен Францияда ўқиш орзусидан кечишимга тўғри келади. Лекин жаҳон тиллари университетига ўқишга кирадиган бўлсам (обрўси юридик институтдай бўлмаса ҳам), барибир Францияга боролмаслигим мумкин. Чунки мен оддий қишлоқдан чиққан бир йигит бўлсам, ҳар ҳолда Францияга бориш имкониятим бўлади. Агар ўзим қаттиқ ўқиб, ҳаракат қиладиган бўлсам, бир куни албатта Францияда ўқиш ҳам насиб этиб қолади».

Мана шундай ўйлар билан ниҳоят жаҳон тиллари университетига ҳужжат топширганман. Кичкиналигимдаги прокурор бўлиш орзуси туфайли ҳар доим олдинга интилдим, ота-онамнинг мунтазам қўллови натижасида яхши ўқидим. Мен шу орзунинг рўёби учун курашда давом этишим ҳам мумкин эди. Лекин ўсиб келаётган ёш инсон учун фақат «айтганида туриш»гина эмас, балки зарур пайтда тўғри қарорга келиш ҳам муҳим экан. Ўша пайтда мен характерим прокурор бўлишга тўғри келмаслигини ва идеалларим ўзгарганини ҳис қилганман. Шу сабабдан болаликдаги орзум бўлмиш прокурорлик касби ва прокурорларга ўзгача ҳурматимни сақлаб қолган ҳолда жаҳон тиллари университетининг француз филологияси (роман-герман филологияси) факультетига ўқишга кирганман. Орадан йиллар ўтиб, Францияда таҳсил олиш ҳақидаги орзум рўёбга чиқди...

Ота-она ва болаларнинг муносабатлари мушук-сичқон ўйинига ўхшаб кетади. Баъзан ота-она фарзандларига «Агар фалон ишни қилсанг, фалон нарса олиб бераман» деб, уларни «нарса-буюм»лар эвазига иш қилишга ўргатиб қўядилар. «Овқатингни есанг, музқаймоқ олиб бераман», «жим ўтирсанг, паркка олиб бораман» қабилида. Ундан кейин ўша болаларда ҳар бир қилган ишини, ҳатто кундалик ҳаётда қилишлари лозим бўлган оддий ишларни ҳам ота-онасига «пуллаш» одати пайдо бўлиб қолади.

Умуман олганда, ота-онанинг фарзандига берадиган совғаси уларнинг меҳри, муҳаббатининг рамзи ҳисобланади. Шунинг учун ота-оналар болаларига совғалар беришининг ёмон жойи йўқ. Аксинча. Лекин совға бериш, яъни муҳаббат изҳор қилиш ва болани «порахўрлик»ка ўргатиш ўртасида фарқ бор. Ижтимоий жиҳатдан совға ва пора «қариндош» бўлгани сабабли уларнинг ўртасидаги фарқни билмай қолиш эҳтимоли ҳар доим бўлади.

Мантиқан совға ҳеч қачон беғараз бўлмайди. Ўз фарзандига совға берган ота-она уни хурсанд қилишни ният қилган бўлади. Болаларининг хурсандчилиги эса ота-онанинг ўзларини хурсанд қилади. Совғани ширинликка тенглаштирадиган бўлсак, кўп совға беришни кўп ширинлик ейишга қиёслаш мумкин. Яъни, ширинлик ейиш яхши, кўп ширинлик ейиш эса зарарли!

Шунинг учун ота-оналар болаларига совғалар берганда меъёрни билишлари лозим, чунки бу фарзандларнинг келажагига катта таъсир қилади. Бунинг устига совғани болаларининг ҳар бир иши учун эмас, уларнинг ўрта ва узоқ муддатли муваффақиятлари учун рағбат сифатида берсалар мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлайман.

Болаларда хотира қанча кучли бўлса, концентрация, яъни фикрини бир жойга жамлаш қобилияти шунча тарқоқ бўлади. Шунинг учун болалар овқатланаётганида, дарс тайёрлаётганида ёки бошқа иш қилаётганида беш минутга етмасдан бошқа нарсаларга чалғиб, ўйинга берилиб кетадилар. Шундай пайтларда ота-оналар муаммони тез ҳал қилиш мақсадида «овқатингни есанг ёки дарсингни қилсанг фалон нарса олиб бераман» деб уларга мотивация беришга ҳаракат қилади. Бу албатта самарали метод. Лекин бундай қилинса, келажакда боланинг ҳар бир овқат ейиши ёки дарс қилишига совға бериб боришга тўғри келади. Бир-икки марта совға берилгач, учинчи мартасида берилмай қоладиган бўлса, боланинг ҳафсаласи пир бўлиши ва дастлаб қўлланган метод тескари самара бера бошлаши мумкин.

Худди шу методни ўрта ёки узоқ муддатли қилиб амалга ошириш ҳам мумкин. Масалан, болага «Агар фақат «5» баҳога ўқисанг, ёзда сенга велосипед олиб бераман» дейилса, бунда ўрта муддат танланган бўлади. Табиийки, йил давомида буни болага эслатиб туришга тўғри келади. Асосийси, бола йил давомида 100 та музқаймоқ еб, охирида порахўр бўлиб катта бўлмасдан, йил давомида ўз мақсади бўлмиш велосипед учун курашиб, охирида уни қўлга киритади. Ота-онанинг совғаси болани рағбатлантиради, унга ўз мақсади сари интилишни ўргатади.

«Катта бўлганингда ким бўласан?» каби саволлар болаларга узоқ муддатли мақсадлар беради. Агар бола «Катта бўлганимда фалон касб эгаси бўламан» деб ўз олдига мақсад қўйса, бу унга олдинга интилиш учун иштиёқ беради. Боланинг катта бўлганда ўша касб эгаси бўлиши унчалик муҳим аҳамиятга эга эмас. Агар у ўша касбни эгаллай олса, жудаям яхши. Агар тақдир тақозоси билан бола бошқа соҳага (менга ўхшаб) қараб кетадиган бўлса ҳам бундан ютқазмайди. Чунки унинг болаликдаги мақсадлари, яъни идеаллари уни олдинга қараб интилишга ва меҳнат қилишга ўргатган бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг