Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Кучли ҳаво ифлосланиши Альцгеймер касаллиги хавфини оширади

Кучли ҳаво ифлосланиши Альцгеймер касаллиги хавфини оширади

АҚШлик олимлар кучли ҳаво ифлосланиши Альцгеймер касаллигининг ривожланиш хавфини сезиларли даражада оширишини аниқлашди.

Тадқиқот натижаларига кўра, атмосферадаги аэрозоллар ва майда чанг заррачаларининг юқори даражаси ифлос ҳудудларда яшовчи аҳоли орасида ушбу касаллик учраш частотасини ўртача 8,5 фоизга кўпайтирган. Бу айниқса инсультни бошдан кечирган беморларда яққол намоён бўлган. Хулосалар нуфузли PLoS Medicine илмий журналида эълон қилинган.

Олимлар таъкидлашича, катта ёшдаги инсонлар ўртасида олиб борилган узоқ муддатли кузатувлар ҳаводаги аэрозоллар ва бошқа ифлослантирувчи моддалар таъсири Альцгеймер касаллигининг ривожланиш хавфи билан статистик жиҳатдан боғлиқ эканини кўрсатган. Хавфнинг ортиши ҳаво ифлосланиши инсульт, гипертония ёки депрессияни келтириб чиқариши орқали эмас, балки заррачаларнинг тўғридан-тўғри мияга таъсири билан боғлиқ.

Тадқиқот Emory University профессори Кайл Стинленд раҳбарлигидаги гуруҳ томонидан амалга оширилган. Улар 2000–2018 йиллар оралиғида АҚШда яшовчи 65 ёшдан ошган 27,8 миллиондан ортиқ фуқаронинг соғлиғини кузатган. Ушбу шахслар давлат тиббий суғурта дастури — Medicare доирасида мунтазам тиббий кўрикдан ўтган.

Кузатувлар давомида шифокорлар тахминан 3 миллион Альцгеймер ҳолатини қайд этган. Бу олимларга ҳаво ифлосланиши даражаси билан деменциянинг мазкур тури ривожланиши ўртасидаги боғлиқликни, шунингдек беморларда мавжуд бўлган гипертония, клиник депрессия ва аввал ўтказилган инсульт каби сурункали касалликларни инобатга олган ҳолда таҳлил қилиш имконини берган.

Таҳлил натижаларига кўра, ҳавоси мунтазам равишда кучли ифлосланган ҳудудларда узоқ яшаш Альцгеймер хавфини ўртача 8,5 фоизга оширган. Инсультни бошдан кечирган беморларда бу кўрсаткич 10 фоизга, гипертонияси бор шахсларда эса қарийб 9,7 фоизга етган.

Шунингдек, таҳлиллар касаллик ривожланишининг фақат 1–4 фоизи ҳаво ифлосланишининг бошқа сурункали хасталикларни кучайтириши билан боғлиқ эканини кўрсатган. Бу эса майда чанг ва аэрозол заррачалари мияга бевосита таъсир кўрсатиб, Альцгеймер касаллигининг ривожланишини тезлаштиришини англатади.

Мутахассислар ушбу хулосалар ҳаво ифлосланишига қарши курашиш аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилишда ғоят муҳим эканини яна бир бор тасдиқлашини таъкидламоқда.

Маълумотларга кўра, ҳар йили дунё бўйлаб атмосфера ифлосланиши сабабли тахминан 7 миллион киши вафот этади. Айрим тадқиқотчиларнинг фикрича, рақам аслида бундан ҳам юқори бўлиши мумкин. Ҳавони ифлослантирувчи омиллар қаторига йирик шаҳарларда автотранспорт чиқиндилари, сув буғлари ва қуёш нури таъсирида ҳосил бўладиган турли аэрозол заррачалар киради. Ушбу микроскопик заррачалар атмосферанинг қуйи қатламларида икки-уч ҳафта давомида сақланиб, инсон организмига осонликча кириб бориши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг