Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Магнитогорскда қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек мукофотланди

Магнитогорскда қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек мукофотланди

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Кеча, 5 февраль куни Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонасида Ўзбекистон фуқароси Оламафруз Абдуллаев билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Сурхондарё вилоятида туғилган йигит ўтган йилнинг 31 декабрь куни Магнитогорск шаҳридаги турар-жой биноси портлашидан кейин ёрдамга шошилган биринчи инсонлардан бири бўлиб, қутқарувчилар келгунга қадар ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, бино қолдиқлари орасидан саккиз кишини қутқарган эди.

Унинг беғараз ва қаҳрамонона ҳаракати Россия матбуоти томонидан кенг ёритилган. Бош консулхонадаги учрашувга Россияда вақтинчалик бўлиб турган ўзбеклар, жумладан, олий таълим муассасалари талабалари, шунингдек, Свердловск вилоятидаги ўзбек диаспораси раҳбари Зокир Аллабергенов ҳам таклиф этилган.

Учрашув якунида Оламафруз Абдуллаевга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири номидан қимматбаҳо совға ва мамлакатнинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси фахрий ёрлиғи топширилган. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси томонидан унинг 7 февралда учиб кетиши учун Екатеринбург-Тошкент рейсига бепул чипта ажратилган ажратилган.

Эслатиб ўтамиз, 10 қаватли турар-жой биносида газ портлаши 31 декабрь куни эрталаб содир бўлганди. Қутқарув ишлари 31 декабрда бошланиб, 4 сутка давом этди. Бино қолдиқлари остидан 39 кишининг жасади топилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг