Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мактабда онлайн таълим олувчилар учун қандай қулайликлар яратилмоқда?

Мактабда онлайн таълим олувчилар учун қандай қулайликлар яратилмоқда?

Республикадаги 10 мингга яқин халқ таълими муассасаларининг барчасига оптик толали алоқа линияларини қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш  вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматов маълум қилди.

Карантин режими эълон қилинган вақтдан бошлаб ўқувчиларга уйда фанларни бемалол ўзлаштиришлари учун барча маҳаллий тармоқ ва мобиль операторлари томонидан таълим ахборот-ресурслари жойлаштирилган веб-сайтларга бепул кириш таъминланди.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда 3 та телевизион канал ташкил этилди. Ушбу каналлар орқали телевизион видеодарс машғулотларини республика бўйича бепул тарқатиш йўлга қўйилди.

Масофавий таълим беришда устоз ва мураббийлар учун мобил алоқа хизматларидан қулай шартларда фойдаланиш учун махсус «Таълим» тариф режаси жорий этилган. Ҳозирги кунда ушбу тариф режасига янада кўпроқ қулайликлар киритилмоқда.

Масофавий таълим учун янада кўпроқ қулайликлар яратиш мақсадида алоҳида имтиёзли «Мактаб» тариф режаси ишлаб чиқилиб, ҳозирда жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Йил бошидан бугунги кунга қадар интернет тармоғига кенг полосали уланиш имкониятларни кенгайтириш мақсадида 9 минг километрдан ортиқ оптик толали алоқа линиялари қурилди. Қурилган оптик толали алоқа линияларининг асосий қисми ижтимоий соҳа объектлари учун ташкил этилди.

Фойдаланувчилар учун янада кенгроқ имкониятлар яратиш магистрал телекоммуникация тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти вилоят марказлари даражасида 2 баробар, туман марказларигача эса 4 баробар оширилди.

Мобил алоқа хизматлари қамровини кенгайтириш ва хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида 1 375 та қўшимча янги мобил алоқа база станцияси ўрнатилди ва 3000 дан ортиқ мавжуд база станциялари юқори тезликдаги интернет технологиялари асосида модернизация қилинди.

Йил якунига қадар яна 4 минг километрдан ортиқ оптик толали алоқа линиялари қурилади ва 800 дан ортиқ қўшимча янги база станциялари ўрнатилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг