Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шаҳноза Соатова

Ки ҳар не олами суғрода мавжуд, Бори бу олами куброда мавжуд. (Алишер Навоий)

Мактабларни очиш керакми ё йўқми?

Мактабларни очиш керакми ё йўқми?

Фото: «Xabar.uz»

Бу масала бугун қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимияти ўртасида баҳсга сабаб бўляпти.

Олий вакиллик органи намояндалари ўзларида амалда ваколат йўқлигини пеш қилиб (аслида қонунан бор), мактаблар очилиши масаласида қарор қабул қилиш масъулиятини зиммаларига олишдан қўрқаётгандек. Тепамизда ҳоким, биз ҳеч нарса қилолмаймиз дейишяпти. Уят, очиғи, жуда уят!

Биринчидан, аввал нимадир қилишга уриниб кўриш керак. Маҳаллий кенгашларга бунчалик  масъулиятли вазифа аввал ҳеч топширилмагандир балки. Лекин қарор қабул қилиб, жараёнларда ўз иштирокини кўрсатишни нимадандир бошлаш керакми? Гарчи бу бошлаш шу қадар оғир вазифа бўлса ҳам. Мактабларни очиш-очмаслик масаласи масъулиятли қарор ва уни қабул қилишда депутатларга ҳокимлар ҳам қарши чиқолмайди, чунки бундай шароитда ҳокимлар ҳам масъулиятни салмоғини кўриб, ҳайиқиб туришибди. Ҳа, бугун депутатларга шу орқали синов келди, имконият келди. Энди четга қочиш тўғрими? Депутат дегани фақат енгил, 100 фоиз кафолатли, риски йўқ қарорларни қабул қиладими? 

Иккинчидан, депутатларимиз қачон ўзларида қонунчилик ташаббуси масъулиятини ҳис қилишади? Тўғри, монополия, юқори божлар, жумладан, импорт божлари, мулк ҳуқуқи масалалари бўйича анча жонланиб, турли ҳаракатларни қилишяпти. Фақат   улар бари халқ, сайловчилар турткиси, сўрови ортидан ва яна бу ишларни амалга оширганда имижга катта бонуслар олиб келадиган, ҳар қанақасига ютуқли юришлардир. Бироқ пандемия шароитида қанча муаммолар борки, ўзлари кўриб, қонунчилик ташаббуси билан чиқишлари керак эди. Нима иш қилдилар бу борада? Саволни бу тарзда қўяётганим сабаби шуки, ҳар қандай ташаббус ортида риск туради.

Учинчидан, кенгашлардан сўралаётган энг асосий нарса, жойларда мактабларнинг ўқув жараёнини бошлашга тайёр-тайёр эмаслигини ўрганиш ва объектив қарор бериш. Чунки жойлардаги халқ таълими бўлимлари мактаблар тайёр  деб ёлғон маълумот бериши мумкин. Қолаверса, ота-оналар ҳам боласини мактабга чиқариш ё чиқармаслик қарорини фақат субъектив ҳолатидан келиб чиқиб беради. Масалан, ман боламни мактабга чиқаришга қарор қилсам, фарзандларим вирусни бошдан кечириб бўлди-ку дейман-да, асло ўқитувчилар бошқа болалардан касал юқтириб олса-чи  демайман. Шундай шароитда халқ сайлаган, ижро ҳокимиятига қайсидир маънода мухолиф, қолаверса, ота-оналарнинг субъектив фикрларини жамлаб объектив хулосага айлантирувчи ҳалқа сифатида олий вакиллик органлари тарозуни ростлаши керак.

Тўртинчидан, кенгаш ҳокимга бўйсунади деб депутатлар ўзини у масалада четга олса, бу масалада четга олса, нимани ҳал қилишади унда? Энг оғир тошни ортишаётган бўлса ҳам, балки илк марта уларга ўз ваколат ва ҳуқуқларидан фойдаланиш имконияти бериляпти. Қарор тўғри бўлар, хато бўлар  – ҳозирги шароитда ҳамма нарса 50/50, бутун дунё хато қиляпти, тўғрилаяпти. Лекин депутатларнинг ҳозир масъулиятни зиммага олиш ё олмасликлари уларга бундан кейин бўладиган халқнинг, сайловчиларнинг муносабатини белгилаб беради. Пандемия ўтади, хулосалар қолади, ҳурматли депутатлар!

Бешинчидан, кенгашлар  кўплашиб коллегиал қарор қилиши қарорнинг тўғри бўлиши имконини оширади. Қолаверса, Таълим тўғрисидаги қонуннинг 27-моддасига кўра маҳаллий кенгашларнинг таълим соҳасидаги ваколатлари, ҳатто, ўз ҳудудидаги таълим муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш, тугатиш каби ваколатлари белгиланган.

Ҳозир энг катта юк халқ таълими тизимига тушмоқда.

Етмаганига ҳамма халқ таълимига тош отяпти, ғалати бир кампания. Аслида сеники-меники деб ўтирадиган замон эмас, масала ҳаммамизники. Чунки барчамизнинг фарзандларимиз мактабга боради, ҳатто депутатларнинг ҳам, ижро органи ходимларининг ҳам. Пандемия даврида «Сен йўқ, мен йўқ, биз бор, вирус бор!»  Ҳозир ҳаммамиз бирлашиб, халқ таълими тизимига ёрдам беришимиз керак. Ахир, бу – бизнинг келажагимиз масаласи.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг