Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мени йиғлатган Япония…

Мени йиғлатган Япония…

Фото: «LiveJournal»

Бу сафар деярли тонгача ухлай олмадим, одатда жудаям катта қувонч ёки қайғудан олдин шунақа ҳолат рўй беради менда. Аввалига бу ҳолатимни тушунмадим. Лекин кейин англадим.

JICA ташкилоти дастуримиз доирасида бизга Япониянинг шимолий нуқтасидаги Мияко шаҳрига сафар уюштирди. Тинч океани соҳилларида жойлашган бу шаҳар 2011 йил 11 март куни соат 14.45 да кутилмаганда 16 метр баландликда келган сунами остида қолади — сониялар ичида уйлар, одамлар... барчаси сувга ғарқ бўлган.

Фото: «LiveJournal»
Фото: «bbc.com»

Халқ сунамининг келишидан бехабармиди? Йўқ, исталган пайт бундай воқеа содир бўлиши мумкинлигини ҳамма биларди. Аммо ўз қўллари билан яратилган тўсиқларга, дамбаларга, техника, технологияларга керагидан ортиқ ишонишарди. Буни менга меҳмонхонанинг олтинчи қаватидан туриб, сунамини узоқдан бостириб, кўтарилиб келаётганини кўриб видеога олган, сув остида қолган халқини, шаҳрини кузатиб туриб, лекин ёрдам бера олмаган бир инсон айтиб берди.

Уч кунгача меҳмонхонасидан океан суви унинг шаҳрини, одамларини оқизиб, ўз домига тортиб кетаётганини жимгина кузатиб туришга маҳкум бўлган инсон: «Буни ёз, ҳамма ўқисин, токи бутун дунё бундай хавфдан, ҳатто энг ишонган технология ҳам, қутқариб қололмаслигини билсин! Бу дунёда ҳамма нарса ўткинчи, бевафо, бир зумда йўқ бўлиб қолиши, молу давлат аслида бир чақалик қийматга ҳам эга эмас. Инсон ўз қўли билан яратган нарсаларга сиғиниши, мадад кутиши, ортиқча ружу қўйиб ишониши керак эмас»лигини қайта-қайта такрорлади.

Фото: «bbc.com»

Унинг гапларидан англадимки, ғарқ бўлган инсонларнинг тирик қолиш имконияти бор эди, уларнинг хатоси керагидан ортиқ техникаларнинг имкониятига ортиқча ишониб юборганидадир. Шу ерда ҳам Япония мўъжизасининг сирини ўзим учун кашф қилдим. Тирик қолган аҳолининг биронтаси бу жойларни тарк этмаган, аксинча бошқа жойда яшаётганлар ҳам оғир кунда қайтиб, бирдамликда сабр билан шаҳарни қайта қуришга бел боғлабди. Орадан 8 йил ўтиб, ўз кўзларим билан шаҳар бошқатдан барпо бўлганини кўриб ҳайратландим. Бошқа жойга имтиёзли равишда кўчиб кетиш имконияти бўлган пайтда, бир кунда 20 соат ишлаш режимини танлаш учун инсон қанчалик ўз юртини севиши керак?!

Фото: «Agoda»

Сув остида қолган меҳмонхона ўрнида бугун океанга қараб турган замонавий меҳмонхона қад кўтарган, сунамига дош бера олмаган дамбалар ўрнига олдингиларидан тўрт карра баландлари қурилган, шаҳар ҳаёти тўлиқ изга тушган, биронта инсон бу жойни тарк этмаган. Ҳатто нега тарк этамаган деган саволим уларни ҳайратлантирди. Чунки япон халқида ватанига хоинлик йўқ экан! Довюрак самурайлар юрти Японияни севиб қолдим. Инсонларнинг юзидан ёғилаётган нур, кўзларида жиловланган меҳр, тушунмасам-да, тилларидаги бол, жилмайишларида яширинган сеҳр мени ўзига ром этди!

Барногул Санақулова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг