Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Meta 7 минг ходимини сунъий интеллектга оид лавозимларга ўтказади

Meta 7 минг ходимини сунъий интеллектга оид лавозимларга ўтказади

Meta компанияси 7 минг нафар ходимини сунъий интеллект билан боғлиқ янги лавозимларга ўтказишга қарор қилди. Бу ҳақда The New York Times ва Bloomberg нашрлари компаниянинг ички хизмати ёзувига таяниб хабар берди.

Маълум қилинишича, компания янги корпоратив тузилмага ўтмоқда. Унга кўра, бошқарув тизими «ихчамроқ» бўлади ва кичик жамоалар асосида иш ташкил этилади. Meta раҳбарияти фикрича, бу меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади.

NYT маълумотига кўра, 18 май куни кадрлар бўйича директор Жанель Гейл ходимларга юборган хизмат хатида улар тўртта янги бўлимга тақсимланиши айтилган. Ушбу бўлимлар сунъий интеллект асосидаги янги воситалар ва иловалар яратиш билан шуғулланади.

Bloomberg таъкидлашича, Meta раҳбари Марк Цукерберг учун сунъий интеллект компаниянинг асосий стратегик йўналишига айланган. Компания йирик тил моделларини ишлаб чиқиш учун мутахассислар ва инфратузилмага юзлаб миллиард доллар сарфламоқда.

Шу билан бирга, Reuters агентлиги апрел ойида Meta 2026 йил учун режалаштирилган оммавий қисқартиришларнинг биринчи босқичини 20 май куни бошлаши мумкинлигини хабар қилган эди. Манбаларга кўра, компания ходимларининг тахминан 10 фоизи – 8 минг нафарга яқини қисқартирилиши мумкин.

Маълумот учун, 2025 йил охири ҳолатига кўра, Meta компаниясида 78 мингдан ортиқ киши ишлаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг