Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Микеланжелонинг чизмаси кимошдида 23 миллион долларга сотилди

Микеланжелонинг чизмаси кимошдида 23 миллион долларга сотилди

Фото: Christie's

Ню-Йоркдаги Christie's аукционида буюк Микеланжело қаламига мансуб, илгари номаълум бўлган эскиз 23 миллион долларга ўз харидорини топди.

Аукционлар уйи мутахассислари ушбу асар 2 млн долларгача сотилишини чамалашганди, бироқ якуний таклиф кутилганидан қарийб ўн баравар юқори бўлди.

Италян уйғониш даври даҳоси бундан беш юз йил аввал чизган оёқ эскизи пайшанба, 5 феврал куни «Эски усталар картиналари» аукционида сотилди. Экспертларнинг хулосасига кўра, бу Микеланжело Ватикандаги Сикстин капелласи шифтини безашда тасвирлаган Ливия Сивилласининг (башоратчи аёл) оёқ қисми учун ишланган этюддир.

Қизиғи шундаки, сурат эгаси бу буюмнинг нақадар қимматбаҳо эканлигидан бехабар бўлган ва Christie'sга шунчаки баҳолаб беришни сўраб унинг фотосуратини юборган. Эскиз эгаси ўз шахсини сир сақлашни маъқул кўрди. У АҚШнинг Тинч океани соҳилида яшаши ва ушбу нодир расм унга бувисидан мерос қолгани маълум. Унинг айтишича, ушбу чизма XVIII аср охиридан буён, яъни аждодлари Европада яшаб юрган даврлардан бери уларнинг оиласида сақланиб келган.

Christie's Эски усталар ишлари департаменти раҳбари Эндрю Флетчер ушбу топилма ва унинг муваффақиятли сотилишини ўз фаолиятидаги энг ёрқин ва унутилмас воқеалардан бири деб атади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг