Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Миш-мишлар тагида ҳақиқат ётибди...

Миш-мишлар тагида ҳақиқат ётибди...

Иллюстратив сурат

Ота-боболаримиздан олган тарбиямиз шунақа, миш-миш тарқатиш яхши фазилат эмас, бу гуноҳ дея тушунтиришган. Аммо, бу «миш-миш» дегани шу кунларда бир думалаб ҳақиқатга айланаётганидан ҳайратланасан киши. Демак, ғийбат деб тушунганимизнинг асл моҳияти ҳақиқатга асосланган экан-да. Айниқса, тамагирлик иллатида. «Фалончи шундай ишлашга одатланиб қолган. Ими-жимида кўрсатган ҳиммати учун пора талаб қилмаса туролмайди» деган ғийбат икки кунда ростга айланаётганидан ёқа ушлайсиз-да... Оммага эса «пора билан ушланибди», деган хабар тарқалиб, камига ижтимоий тармоқларининг энг ўқишли саҳифасига айланаётгани бежизга эмас.

Шундай миш-мишлар кейинги пайтларда фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш бўлимлари, халқ таъбири билан айтганда, ЗАГС идораларининг айрим мудиралари пок номига доғ тушираётганидан афсусдамиз. Аммо, эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Бу ғийбатларнинг ҳақиқатга айланишидан чўчиб, аҳолига айрим хизматларни кўрсатишда ундириладиган маблағлар миқдорини фош этмоқчи бўлдик. Зора, бу фуқаро дегани ўз ҳуқуқини билиб, хизмати учун ортиқча пул талаб қилган мутасаддини инсофга чақириб, уялтирса қанчадан-қанча нохуш вазиятларнинг олдини олган бўлардик.

Унда чорловни ҳам бошқача қиламиз

Одамлар-у одамлар! Эшитмадим деманглар. Эшитганлар эса ФҲДЁ бўлимларида бугунги кунда никоҳ, туғилганлик, ажралишни қайд этиш хизматларига қуйидагича тўловлар тўлаш қонуний деб белгиланганлигини унутманг-л-а-р!

Туғилганликни қайд этиш хизмати учун ундириладиган  тўлов, яъни герб йиғими бор-йўғи  30 минг 409 сўм 50 тийинни ташкил этади. Бу хизмат турига давлат божи ҳамда пуллик хизмат ундирилмайди. Туғилганлик ҳақидаги такрорий гувоҳнома олганлик учун 30 409,50 сўм герб йиғими, 30 409,50 сўм давлат божи ва ФҲДЁ органлари томонидан жисмоний шахсларга пуллик хизмати кўрсатиш тўғрисидаги низомга мувофиқ, ариза тўлдиришда ёрдам берилса 4 054,6 сўм миқдорида маблағ ундирилади.

Никоҳ тузилганлигини қайд этишда 30 409,50 сўм герб йиғими учун, 40 546 сўм  давлат божи учун тўланади. ФҲДЁ органлари томонидан жисмоний шахсларга пуллик хизмати кўрсатиш тўғрисидаги низомга мувофиқ, ариза тўлдиришда ёрдам берилса 4 054,6 сўм, сайёр равишда никоҳни тантанали қайд этганлик учун 202 730  сўм миқдорида тўловлар  амалга оширилади. Никоҳ тузилганлиги ҳақидаги такрорий гувоҳнома олганлик учун 30 409,50 сўм герб йиғими,  30 409,50 сўм давлат божи ва ФҲДЁ органларининг пуллик хизмати кўрсатиш тўғрисидаги низомига мувофиқ, ариза тўлдиришда ёрдам берилса 4 054,6 сўм пуллик хизмат ундирилади.

Никоҳдан ажратишни қайд этишда герб йиғими учун  30 409,50 сўм, давлат божи эса суд қарорига асосан ундирилади. Тизимнинг пуллик хизмати кўрсатиш низомига мувофиқ, ариза тўлдиришда ёрдам берилса, 4 054,6 сўм, ҳуқуқий тушунча берганлик ва далолатнома ёзувини расмийлаштирганлик учун 20 273 сўм миқдорида тўловлар  амалга оширилади.

Ўлим ҳолатини қайд этиш эса мутлақо бепул. Ўлим  ҳолатини қайд этишда такрорий гувоҳнома олганлик учун фақатгина 30 409,50 сўм герб йиғими ундирилади, холос. Мабодо сиздан мазкур хизматлар учун ортиқча маблағ талаб қилинса, ҳеч  иккиланмай, миш-мишларга ўрин қолдирмаслик учун Давлат хизматлари агентлигининг «1148» ишонч телефонига зудлик билан хабар беринг.

Атҳам Яркулов,
ДХА Навоий вилоят бошқармасининг
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан
давлат хизматлари кўрсатилиши устидан
назорат қилиш бўлими бошлиғи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг