Мулкка оид ҳуқуқни эътироф этиш янада соддалаштирилади
Ер ва унда қурилган мулкка оид ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнлари янада соддалаштирилади.
Қонун (ЎРҚ–1153-сон, 15.06.2026 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Мазкур Қонун ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнларини жадаллаштириш, амалиётда ягона ва изчил тартибни таъминлашга қаратилган.
Киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, солиқ қарздорлиги тушунчаси аниқлаштирилиб, қарздорлик миқдори БҲМнинг 30 бараваридан ошмаган кўчмас мулк объектларига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш йўлга қўйилади.
Қонунда белгиланган муддатлар амалдаги 150 кундан – 50 кунга (3 бараварга) қисқартирилади.
1 марталик тўловларнинг 50 фоизи белгиланган муддатда (20 иш кунида) тўлиқ тўланганда, унинг қолган қисмига чегирма берилади.
Тўлаш имконияти бўлмаганда фуқарога солиқ инспекцияси билан шартнома тузиш орқали мазкур маблағни 1 йилдан 3 йилгача бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Ортиқча эгалланган ер участкасига ҳуқуқни эътироф этиш механизми янада такомиллаштирилди.
Халқ депутатлари кенгашлари қарорлари ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга асос бўлиши белгиланди.
2020 йил 1 январдан 2024 йил 1 июнга қадар ер участкаси учун оширилган ставкада ҳисобланган солиқлар жисмоний шахсларга қўлланилмаслиги белгиланди.
Фуқароларнинг вақти ва маблағларини тежаш мақсадида шикоятларни судга қадар кўриб чиқиш механизми киритилди.
Ер участкасининг қурилиши тақиқланган ҳудудга тушган қисмини чегириб ташлаган ҳолда унинг қолган қисмига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш тартиби жорий этилади.
Бино-иншоотлар хусусийлаштирилганлиги тўғрисидаги маълумотни тақдим этишга туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳам масъул этиб белгиланди.
Ушбу Қонун Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter