Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Наманганда «Ҳадислар билимдони» танловининг вилоят босқичи ўтказилди

Наманганда «Ҳадислар билимдони» танловининг вилоят босқичи ўтказилди

Фото: «Xabar.uz»

Наманган шаҳридаги «Ҳидоя» ўрта махсус ислом билим юртида «Ҳадиси шариф билимдони» республика танловининг Наманган вилояти босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 19 апрелдаги буйруғига асосан кўтаринки руҳда ва шаффофлик асосида ташкил этилган мазкур танловдан кўзда тутилган асосий мақсад — ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб берадиган, инсонларни эзгулик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик йўлида бирлашишга даъват этадиган ғояларни ўзида мужассам этган ҳадисларни ёшларнинг барча қатламларида кенг тарғиб қилишдан иборат.

— Биринчи маротаба ўтказилаётган мазкур танлов диний таълим муассасалари талабалари, ёш имом-хатиблар ҳамда ҳадис илмига қизиққан ёшларнинг бу борадаги билимларини ривожлантириш, Имом Бухорий, Имом Термизий каби муҳаддислар етишиб чиқиши учун замин яратиш; ёшларни турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, ёшларда ҳадис илмига қизиқишни ошириш, ҳадис билимдонларини тайёрлаш ҳамда юртимизнинг буюк муҳаддис алломалари қолдирган бой илмий меросни ўрганиш, уни кенг кўламда тарғиб қилишга хизмат қилади, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилоятидаги вакили ўринбосари, танлов ҳайъати раиси Обидхон Икромов.

Таъкидлаш жоиз, Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан юртимизда фуқароларнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида эътирофга молик хайрли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Диний бағрикенглик ғояларини татбиқ этиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар жаҳон ҳамжамиятининг юксак баҳосига сазовор бўлмоқда. Хусусан, 2017 йил 19 сентябрда ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида Шавкат Мирзиёев ушбу нуфузли ташкилотнинг юксак минбаридан туриб, илк маротаба буюк аллома Имом Бухорийнинг номини зикр қилди.

Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Самарқандда Имом Бухорий халқаро маркази ташкил этилди. Бухородаги «Мир Араб» ўрта махсус ислом билим юртига олий мадраса мақоми берилди. Фуқароларимизнинг Ҳаж ва Умра зиёратларига боришлари учун имкониятларнинг янада кенгайтирилиши, номзодларни ижтимоий адолат тамойиллари асосида танлаш тизими тубдан ислоҳ қилиниши юртдошларимиз томонидан мамнуният ила кутиб олинди.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси асосида ўтказилган, элимизга нур, қалбларимизга ҳузур олиб келган «Ўзбекистон Қуръон мусобақаси»нинг шаҳар, туман, вилоят ва республика босқичлари кўтаринки руҳда ташкил этилдики, бу ўз навбатида, одамларни эзгу мақсадлар, солиҳ амаллар сари бошлади, она ватанимизга ва халқимизга садоқат билан хизмат қилишга ундади.

«Ҳадиси шариф билимдони» танловининг вилоят босқичида «Ҳидоя» ўрта махсус ислом билим юртида таҳсил олаётган талабалар, ёш имомлар ҳамда ҳадис илмига қизиққан 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 75 нафар иштирокчи ўзаро беллашди.

Мусобақа низомига мувофиқ, иштирокчилар Имом Бухорийнинг «Ал-Адаб Ал-Муфрад» асаридаги ҳадислардан икки юзтаси асосида баҳоланди. Танловнинг илк шартида илм толиблари Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ёритишга интилдилар. Кейинги шартда эса берилган ҳадисни шарҳлаб беришди, шунингдек ҳадисни таржима қилиш ва унга доир ҳукмлар баён қилинди. Мусобақанинг якуний шартида қатнашчилар биттадан ҳадиснинг араб тилидаги матнини ровийлари билан ёддан айтиб бердилар.

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, ғолиблар сараланди:

Эркаклар ўртасида:

1) Миркамол Маҳкамов.

2) Саидасрорхон Нақибхонов.

3) Муҳаммад Ботиров.

Аёллар ўртасида:

1) Маликахон Мирзаева.

2) Ҳабибахон Усмонова.

3) Зулфия Маъруфхўжаева.

Мусобақа ғолиблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти томонидан махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Биринчи ўринлар соҳиблари танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.

Оқилхон Дадабоев, журналист

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг