Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нетаняҳу жазавага тушди – сабаб маълум

Нетаняҳу жазавага тушди – сабаб маълум

Фото: Getty Images

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бошчилигидаги ҳукумат АҚШ ва Эрон ўртасидаги келишувдан хавотирда. Axios нашри яҳудий давлати ҳукуматидаги манбаларига таяниб ёзишича, Нетаняҳу маъмурияти мазкур битим Эроннинг Ливандаги таъсирини легитимлаштириши ва Исроилни Ливанда «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш эркинлигидан маҳрум қилади дея ташвишланмоқда

«Бу борада Биби (Нетаняҳу назарда тутилмоқда – таҳр.) жазавага тушди», – деган Исроилдаги манба Axios мухбири билан суҳбатда. 

Қайд этилишича, Ливан бўйича битимнинг муайян бир қисми Исроил бош вазирини Эрон ядро қуролидан ҳам кўра қаттиқроқ хавотирга соляпти. Бунга асосий сабаблардан бири сифатида жорий йил октябрь ойидаги сайлов арафасида «Ҳизбуллоҳ»га қарши амалиёт мамлакат ички сиёсатида катта рол ўйнаши кўрсатилмоқда.

Жорий йил 21 июн куни Швейцарияда бўлиб ўтган музокараларда АҚШ ва Эрон Ливанда ўт очишни тўхтатиш режимини сақлаб қолиш учун зиддиятларни бартараф этиш механизмини яратишга келишиб олди.

Axios суҳбатдошларининг таъкидлашича, бу келишув бош вазир Бинямин Нетаняҳу ва АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден ўртасида 2024 йилда эришилган аввалги битимларни йўққа чиқаради. Ўшанда Исроил «Ҳизбуллоҳ» томонидан келаётган ҳам муқаррар, ҳам энди пайдо бўлаётган таҳдидларга жавоб қайтариш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолган эди. Эндиликда Исроилда хавфнинг олдини олувчи зарбалар бериш имконияти бўлмаслиги мумкин. Бундан ташқари, бу гал Теҳрондан фарқли ўлароқ, Тель-Авив ўт очишни тўхтатиш режимини мониторинг қилиш механизмининг тўғридан-тўғри иштирокчиси эмас.

АҚШ ва Эрон вакиллари имзолаган 14 та банддан иборат меморандумнинг бир банди Исроил ва Ливанга тегишли. Унга кўра, Эрон ва АҚШ, шунингдек, уларнинг иттифоқчилари барча фронтларда, жумладан, Ливанда ҳарбий ҳаракатлар зудлик билан ва узил-кесил тўхтатилишини эълон қилиши ва Ливаннинг ҳудудий яхлитлиги ҳамда суверенитетини таъминлаши лозим. 

Эрон ва Ливан масаласидаги фарқли позиция сабаб сўнгги вақтларда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва АҚШ президенти Дональд Трамп ўртасида муносабатлар таранглашган. Трамп ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни кўзлаётган бўлса, Нетаняҳу қонли урушни яна давом эттириш ниятида.

Нетаняҳу АҚШ ва Эрон ўртасидаги келишувга қарамасдан, Исроил армияси Ливандаги ҳозирги позицияларини сақлаб қолиши, яҳудий давлати аскарлари Ливан ҳудудидан чиқиб кетмаслигини айтмоқда.

Тель-Авив ҳукуматининг радикал қанотга мансуб вазирлари ҳам Исроил давлати АҚШ ва Эрон ўртасидаги битим шартларини бажаришга мажбур эмас деб ҳисоблайди.

АҚШ томони аввалроқ Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини билдирганди

Аммо кўп ўтмай Ливанда янги тўқнашувлар ва хунрезликлар рўй берди

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, жорий йил 2 мартдан буён мамлакатда Исроил ҳужумлари оқибатида 4057 киши, жумладан, шифокорлар, аёллар ва болалар ҳалок бўлган

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг