Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нуқтаи назар: Иккиюзламачилик

Нуқтаи назар: Иккиюзламачилик

фото: https://liter.kz/

Ҳаётда ҳар хил инсонларни учратамиз: хушфеъл, ёрдамга шай, меҳрибон, шу билан бирга қўрс, тажанг, дилозор, қонун-қоидаларни менсимайдиганлар. Бундайларни-ку, характеридан кимлигини биласиз ва шунга қараб муомалада бўласиз. Аммо иккиюзламачи одамлар борки, уларни дабдурустдан пайқаш осон кечмайди. 

Иккиюзламачилар худди ўғри, юлғич, порахўр каби инсониятга кулфат келтирувчи кишилар. Энг ёмони, эл назаридаги шахслар, машҳурлар, амалдорларнинг шу иллатга мубтало бўлгани, оғиз кўпиртириб гапирган гапларига ўзилари мутлақо тескари иш тутиши — миллат учун хиёнат десак янглишмаймиз.

Мен ҳавас қилган аёл

2000 йиллар.  Янгам ҳамшира эди. Маҳаллада кимдир укол олиши керак бўлса, янгамни излаб қолар, у ҳеч қачон ҳеч кимга йўқ деёлмас, ёш боласини ташлаб қиш-қировли кунлардаям, ёзнинг жазирамаларида ҳам ҳовлима-ҳовли юриб укол қилишдан оғринмасди.

Маҳалламизда обрўли бир хонадон бор: Фарида бувининг оиласи. Шундоққина шаҳар биқинидаги қишлоқ бўлганимиз учун кўпчилик шаҳарга қатнаб ишлар, Фарида бувининг ўғли ва келини ҳам вилоятимиз марказидаги университетда дарс беришарди. Нозим ака — бувининг ёлғиз ўғли, хотини Зиёда опа билан бирга ўқишган, энди биргаликда фан доктори бўлиш учун яна илм олишяпти. Нозим ака маҳаллада кам кўринарди. Машинасини ғизиллатиб ўтиб-қайтадиган Зиёда опа эса қишлоқдаги ягона ҳайдовчи аёл бўлгани учунми менга яхши таниш, ҳатто унга ҳавасим баланд, опа каби илмли аёл бўлишни орзу қилардим. Шу аёл қайнонасига укол қилишни янгамдан кўп илтимос қиларди.

Бир гал бувиникига мен ҳам бирга бордим. Эшикни тақиллатдик, жавоб бўлмади. Ҳовлига кирдик, яна жимлик. Сўнг буви ётган хона томон юрдик. Узун, қоронғи даҳлиздан борарканмиз, Зиёда опанинг қаттиқ-қаттиқ гапираётгани эшитила бошлади:

— Нега минғирлайверасиз?! Жонга тегиб кетдингиз-ку! Намунча тушунмайдиган кампирсиз?! Мана — овқатингиз, мана — термос тўла иссиқ чой! Телевизор ўлгур ўчмаса. Сизга яна нима керак?!

— Ўғлимни соғиндим-да, келин... Икки ойдан бери келмади.

— Келмайди! Бекорчи эмас!

— Соғиндим...

— Соғинманг! Ҳозир чалғимаслиги керак ўғлингиз, илмий иш ёзяпти. Сиз буларни қаерданам тушунардингиз!? Шукур қилинг, хабар олиб турибман. Касал бўлиб қолганингиз-чи? Ҳеч бўлмаса, шуларга зарарим тегмасин, дейиш ҳам йўғ-а сизда!

Малолланиш ва зардали оҳангда гапираётган Зиёда опани эшикка етгунимизча мен, мактабни тугатаётган ўсмир ўзим учун кашф қилиб улгурдим. Хонага кирдик, сочлари “каре” кесилган, юз-кўзларидан жаҳл ёғилиб турган қирқ ёшлардаги аёл бизни кўриши билан бирдан мулойимлашди:

— Ойижон, ана дўхтирингиз ҳам келди, — деди ва бувининг уст-бошларини тўғрилади. Кейин бизга қараб деди: — Ёш болага ўхшаб қолганлар. Нуқул ёмон хаёлларга борадилар. Ҳозир ҳам “ўлиб қоламан”, деяптилар. “Қўйинг, бундай гапларни!” деб уришиб тураман-да шунақа.

Бувининг қоқ суяк қўлига янгам осма укол улаб юборди. Зиёда опа зарур иши борлигини айтиб чиқиб кетди. Хонани кузатаман, худди касалхона палатасини эслатади. Қандайдир совуқ, юракни сиқадиган ёқимсиз муҳит. Каравот ёнидаги кичик столга газета тўшалган, устида атир гул расми туширилган пушти термос, лаби учган пахта гулли пиёла, тақсимчада бир қисим оқ қанд турибди.

— Буви, неварадан нечта? — орадаги жимликни бузиб кампирни гапга солди янгам. Шунда бувининг чеҳраси ёришди:

— Иккита ўғил неварам бор. Каттаси чет элда ўқияпти, кичиги Тошкентда лицейда.

— Бу ерларда кўринишмайди-да, шунга билмас эканмиз, — деди янгам.

— Таътилда келишади. Бир йилда бир марта кўраман мен ҳам...

Бувининг мунгли кўзлари, юракни сиқувчи хона ва шу манзарага ярашмай ярақлаб турган пушти атиргулли термос анчагача хаёлимдан кетмади. Зиёда опага ҳавасим эса ўз-ўзидан сўнди. Қачон қараманг, қўли кўксида, тавозели бу аёлнинг қари қайнонасига муносабати менга унинг асл башарасини кўрсатгандек эди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас экан.

“Халқимизга қанчалар иснод?!”

2020 йил. Пойтахт маҳаллаларидан бирида “Ҳаёт мактабининг муаллимлари” деб номланган, оила тотувлигида қайнона-келин ролига бағишланган бир тадбир бўлди. Тадбирни ёритиш учун таклиф қилишди. Бордим. Фуқаролар йиғини раиси тадбирни очаркан, маҳаллада оилавий ажрашиш билан боғлиқ ҳолатлар кўпаяётгани, бундай муаммоларни ҳал этишда ибратли онахонлар маслаҳати ниҳоятда зарурлигини айтди. Биринчи сўз навбатини фан доктори, профессор бир аёлга берди. Аёл минбарга чиқди.

— Мен тадбир бошланишидан олдин ажрашишга қарор қилган келинчак билан гаплашиб кўрдим. “Қизим, нима муаммо?” деб сўрадим. “Муаммо — қайнонам”, деса бўладими?! Мен уялиб кетдим, азизлар. Эри яхши эмишу, уни туғиб вояга етказган онаси ёмонмиш! Бу қандай гап ахир?! Халқимизга қанчалар иснод?!

Тўладан келган, олтмишларни қоралаган, сочлари “каре” кесилган опахон иштирокчиларни ўзига “михлаб”, оташин нутқ бошлади.

— Биласизларми, — давом этди у, — халқимизда “бувиси, бобоси бор хонадонга қуда бўлинг”, деган ибора кўп айтилади. Бу, бежиз эмас. Ота-она кўп ҳолларда иш, ўқиш, оила ташвишлари билан бўлиб болаларини назорат қилолмайди, яхши тарбиялай олмайди. Бувижон ва бобожонлар эса набираларини ҳаётга ўргатиб, яхши гап, панд-насиҳатлари билан урф-одат ва қадриятларимизни улар онгига сингдирадилар. Ахир, қайнона-қайноталар сизлар учун тайёр устоз-ку! Уйингизнинг қулфи-калити, фариштаси-ку шу инсонлар! Нега улардан нолийсиз?!

Опа борган сари руҳланиб, қўлларини нуқтаб ўтирганларга мурожаат қилар, қайнона-қайнотасини ёмонлаш — бориб турган пасткашлик эканини бот-бот таъкидларди.

— Ўзимдан мисол: қайнонамнинг ҳурматини жойига қўйганман. Ҳеч қачон гап қайтарган эмасман. Раҳматли, ниҳоятда қаттиққўл эди, мен юмшоқ келин бўлдим. Ўқишимга қаршилик қилганида индамадим, жаҳлдан тушишини кутдим, болаларимни тарбиялашда унга суяндим, меҳр бермаса-да, бор меҳримни аямадим. Жон бераётиб, “Мингдан минг розиман, қизим”, деб, йиғлаб кечирим сўрадилар. Фарида аяжоним қўлларимда узилдилар.

Шундагина уни танидим, ахир бу — маҳалламизнинг келини ўша Зиёда опа-ку. Профессор бўлибди-да. Қулоғимда унинг нутқи эмас, “Қанақа тушунмаган кампирсиз?! Жонга тегиб кетдингиз! Бунча минғирлайверасиз!” деган шанғиллашлар эшитилар, неваралари ҳақида гапира туриб, “бир йилда бир кўраман уларни”, дея эзилган бувининг беозоргина чеҳраси, ночорлиги, ўша ёқимсиз манзарали хона кўз ўнгимда гавдаланарди. Профессор эса авжида:

— Турмушнинг пасту баландини кўрган, қийинчилик ва машаққатларни енгиб ўтган, ҳамиша қўни-қўшни, маҳалла-кўй ташвиши билан яшаган нуронийлар тажрибаси оилалар тотувлиги, болаларимизнинг тўғри тарбия олишларида ҳақиқатан ҳам катта ҳаёт мактабидир!

Мазмундор нутқ шу ерда якун топди. Қарсаклар янгради. Миннатдорликларни айтинг. Кимдир оилавий муносабатлар ҳақида савол ҳам берди. Профессор шундай донишмандона жавоб қайтардики, бояги савол берган аёл таъсирланиб кетдими рўмолини оғзига босиб йиғлаб юборди.

Тадбирдан сўнг уйга қайтарканман, Фарида буви ҳеч хаёлимдан кетмасди. Унинг тақдири билан қизиқиб, янгамга қўнғироқ қилдим. Балки опа фан доктори бўлгач, қайнонасига яхши қарагандир, шўрлик кампир умрининг охирида якка ўзи қолиб кетмагандир?

— Тўғри, ёлғиз қолиб кетмади, қариялар уйида, шифокорлар қуршовида жон берди, — деди хўрсингача янгам. — Хабарингиз бор, болаларим боғча ёшига етгач, вилоят марказидаги қариялар уйига ишга киргандим, қарангки, Фарида бувини ўша ерга ташлаб кетишган экан. Қўни-қўшнига “Тошкентга кўчириб олиб кетяпмиз”, дейишувди. Бирор марта хабар олишмади. Аҳволи оғирлашганида чақиртирдик, келишмади. Вафот этганидан сўнг келини ва ўғли келиб, ая ва унинг сўнгги кунлари ҳақида эмас, аксинча, “Термос бор эди, пушти термос. Қани?”, деб сўрашса, ғалати бўлиб кетдим. Қўшни хонадаги бемор қарияга ўша термосда чой дамлаб, киритиб беришган экан. Эшитиб жаҳллари чиқди. Термосни топдириб опа сумкасига жойлади. Ҳозир улар Тошкентдаги қайсидир университетда дарс беришаркан.

Зиёда опа минбарда қайнонасини ёмонлаган келинчак учун уялиб кетганини айтганди. Мен эса эл олдида, минбарларда, телевизорларда меҳр-оқибат, оила, тарбия, қарияларга муравватли бўлиш ҳақида оғиз кўпиртирадиган, аммо ўзи тескарисини қиладиганлардан бири билан рўбарў бўлганимдан, боз устига унга бир пайтлар ҳавас қилганимдан уят ичида эдим. Доно халқимиз “Одобни одобсиздан ўрган”, дейди. Жуда тўғри. Маҳаллада ташкил қилинган “Ҳаёт мактабининг муаллимлари” тадбири ҳам менга каттагина ҳаётий сабоқ берганди.

Улар энг ёмон одамлардир

Имом Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асарида иккиюзламачилик борасида ушбу ҳадис келтирилади: “Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг даргоҳида бир одамга бу юзи бирлан, иккинчи одамга эрса бошқа юзи бирлан юзланувчи энг ёмон одамларни — иккиюзламачиларни учратасан, дедилар”. Эътибор берсак, ҳадисда “ёмон одамлар” эмас, “энг ёмон одамлар” иккиюзламачилардир дейилмоқда. Демак, иккиюзламачиларнинг инсонларга, жамиятга келтирадиган зарари бошқа ёмон одамлар келтирадиган зарарларидан кўпроқдир.

 

 

Юлдуз Ҳожиева, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг