Очликнинг ўн битта мўъжизаси ҳақида
Инсон минг йиллар давомида очликдан қўрқиб келган. Аммо замонавий тиббиёт ва биология шундай хулосага келмоқдаки, тўғри ташкил этилган очлик (яъни, вақтинчалик овқатланмаслик) организм учун кутилмаган даражада фойдали бўлиши мумкин. Сўнгги ўн йилликларда дунёнинг машҳур олимлари очлик ва оралиқ очлик ҳақида юзлаб тадқиқотлар ўтказишди. Натижалар шунчалик ҳайратланарли бўлдики, бу жараённи ҳатто “биологик қайта туғилиш” деб атадилар. Қуйида очликнинг илмий тадқиқотларда тасдиқланган 11 та мўъжизавий фойдаси билан танишамиз.
1. Ҳужайралар янгиланади
2016 йилда япон биологи Ёсинори Осуми тиббиёт бўйича Нобель мукофотини олди. У аутофагия деб аталадиган жараённи тадқиқ қилди. Аутофагия – организм оч қолганда ҳужайралар эски ва зарарланган қисмларини “йўқ қилиб”, ўзини тозалаш жараёнидир. Яъни, очлик организмни ички таъмирлаш режимига ўтказади.
2. Қариш жараёни секинлашади
Геронтология соҳасидаги машҳур олим Валтер Лонго узоқ йиллик тадқиқотлардан сўнг шундай хулосага келди: муваққат очлик организмда яшариш механизмларини фаоллаштиради. Лонго тадқиқотларига кўра, очлик организмдаги қариш билан боғлиқ генларни пасайтиради.
3. Қандли диабет хавфи камаяди
Америка эндокринологи Жейсон Фанг оралиқ очлик орқали диабетни назорат қилиш бўйича тадқиқотлар ўтказган. Унинг таъкидлашича, бу жараёнда инсулин даражаси пасаяди, организм глюкозани яхшироқ ишлатади, диабет хавфи эса камаяди.
4. Ортиқча ёғлар тез эрийди
Очлик пайтида организм глюкозани эмас, ёғ захираларини эритишга ўтади. Швециялик нейробиолог Марк Маттсон бу ҳақда шундай дейди: “Очлик организмни “ёғни эритиш режими”га ўтказади”.
5. Мия фаолияти кучаяди
Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, очлик пайтида мияда BDNF номли модда кўпаяди. Ушбу модда хотирани яхшилаб, диққатни кучайтиради, шунингдек, янги нейронлар пайдо бўлишига ёрдам беради.
6. Яллиғланиш камаяди
Кўплаб касалликлар – атрит, юрак хасталиклари, ҳатто баъзи саратонлар яллиғланиш билан боғлиқ бўлади. Олимлар очлик яллиғланишни камайтиришини, иммун тизимни тартибга солишини аниқлашган.
7. Иммун тизими “қайта юкланади”
Калифорния университети тадқиқотчилари очлик иммун тизимига таъсирини ўрганиб, якдил хулосага келган. Бунда эски иммун ҳужайралари йўқолиб, янги ҳужайралар ҳосил бўлади.
8. Юрак ҳимоя қилинади
Тадқиқотлар очлик холестеринни камайтириши, қон босимини пасайтириши ва юрак касалликлари хавфини камайтиришини ҳам кўрсатди.
9. Мия Альцгеймердан халос бўлиши мумкин
Нейробиолог Марк Маттсоннинг тадқиқотларига кўра, оралиқ очлик мия ҳужайраларини стрессга чидамли қилади. Шунингдек, нейродегенератив касалликлар хавфини камайтиради.
10. Ҳазм тизимини дам олдиради
Инсон деярли доимо овқат ейди. Бу ҳазм тизимига узлуксиз иш юклайди. Очлик эса, энг аввало, ошқозонга дам беради, ичак микрофлорасини тиклайди ва ҳазмни яхшилайди.
11. Руҳий равшанлик ошади
Кўплаб тадқиқотлар кўрсатишича, очлик пайтида одамлар фикрлашни равшанроқ ҳис қилади, диққатини яхшироқ жамлайди. Яна бир муҳим омил шуки, инсон қуввати ошганини сезади. Шу боис тарихда кўплаб мутафаккирлар ва олимлар вақтинчалик очликни ақлий фаолиятни кучайтириш усули деб ҳисоблашган.
Алхусус, тўғри ташкил этилган очлик, бу – шунчаки парҳез эмас. Мазкур жараён организмнинг ўзини тозалаш, тиклаш ва ёшартириш механизми ҳисобланади. Албатта, мутахассислар бир муҳим огоҳлантиришни ҳам айтадилар: узоқ ёки нотўғри очлик саломатликка зарар келтириши мумкин.
А.Фатҳуллаев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter