Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Осиёдаги давлат раҳбари Трампнинг қўнғироқларини жавобсиз қолдирмоқда

Осиёдаги давлат раҳбари Трампнинг қўнғироқларини жавобсиз қолдирмоқда

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан телефон орқали суҳбатлашишга уринишлари бесамар кетди. Ҳиндистон матбуоти «Frankfurter Allgemeine Zeitung» нашрига асосланиб ёзишича, Моди сўнгги ҳафталарда тўрт маротаба Трампнинг телефон қўнғироқларига жавоб беришни рад этган.

Моди Трампнинг Ҳиндистон иқтисодиётини “ўлик” деб атагани ва ҳинд товарларига нисбатан божларни кескин оширганидан қаттиқ хафа бўлган.

Трамп 6 август куни «Қўшма Штатларнинг Россия Федерацияси ҳукумати таҳдидларига қарши чоралари» деб аталган ҳужжатни қабул қилганди. Унга кўра, Россия нефтини сотиб олаётган Ҳиндистонга нисбатан 25 фоизлик қўшимча бож жорий этилди. Бу эса Ҳиндистондан АҚШга экспорт қилинаётган маҳсулотлар божи 50 фоизга етишини англатади. Бу Вашингтон томонидан ўз савдо ҳамкорларига татбиқ этилаётган энг йирик бож кўрсаткичлардан биридир.

Аввал хабар берганимиздек, бунинг ортидан Ҳиндистон АҚШдан қурол-аслаҳа ва ҳарбий авиация сотиб олишни вақтинча бекор қилди. Расмий Деҳли Ҳиндистон мудофаа вазирининг Вашингтонга сафарини ҳам номаълум муддатга ортга сурди.

АҚШ томони эътирозларга қарамай Ҳиндистон Россия нефтини сотиб олишда давом этаётганидан норози. Деҳли маъмурияти эса Вашингтоннинг бож қарорларини адолатсиз деб атамоқда. 

Ҳиндистон АҚШ ва Европа Иттифоқининг Россиядан нефт сотиб олишни тўхтатиш талабини аллақачон рад этган.

27 августдан АҚШ томонидан Ҳиндистон товарларига жорий этилган бож миқдори 50 фоизга етди.

АҚШ Ҳиндистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Масалан, 2024 йилда Ҳиндистон Қўшма Штатларга 86,5 млрд долларлик маҳсулот экспорт қилган. Божларнинг кескин оширилиши Ҳиндистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Аммо, жаҳон матбуоти хабарига кўра, Деҳли ҳозирча Оқ уйнинг босимларига ён бермоқчи эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг