Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Жаҳон адолат лойиҳасида нега энг қуйи ўринларда?

Ўзбекистон Жаҳон адолат лойиҳасида нега энг қуйи ўринларда?

Жаҳон адолат лойиҳаси (World Justice Project) ташкилотининг 2017–2018 йиллардаги Ҳуқуқ устуворлиги индексининг (WJP Rule of Law Index) Давлат идоралари шаффофлиги (Open Government) йўналиши бўйича Ўзбекистон 113 мамлакат орасида 108-ўринни эгаллади.

Оламшумул ўзгаришлар юз бераётган Ўзбекистонга нисбатан бундай баҳо берилиши афсусланарли ҳол, албатта.

Маълумки, кейинги пайтда мамлакатимиздаги аксарият давлат ташкилотлари фаолиятининг шаффофлиги сезиларли даражада яхшиланди. Кўплаб идоралар тегишли сайтларга эга бўлиб, юртдошларимизни ўз фаолияти билан таништира бошлади. Бас, шундай экан, нега Жаҳон адолат лойиҳаси рейтингида энг қуйи ўринлардан бирини эгалладик? Келинг, ушбу ҳолат сабабларини бир таҳлил қилиб кўрайлик.

Ҳисоботда Давлат идоралари шаффофлиги хусусидаги мезонга қуйидагича таъриф берилган: «Асосий қонунлар ва уларга оид маълумотларнинг омма учун очиқлиги, тушунарли тилда ёзилгани ва ўша давлатда сўзлашиладиган барча тилларда чоп этилганлиги. Ҳукумат томонидан босма ёки онлайн тарзда чоп этиладиган маълумотлар сифати ва улардан фойдаланишнинг осонлиги, қонунлар лойиҳаси, маъмурий қоидалар ва юқори суд идоралари қарорларининг оммага кечикмасдан эълон қилиниши».

Тан олишимиз керак, мамлакатимизда айнан сўнгги жумла билан боғлиқ муаммо ҳамон сақланиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам халқаро ташкилот лойиҳаси ҳисоботида аҳолининг, омманинг суд қарорлари билан танишиши учун имкониятлар чеклангани, суд органлари фаолиятида шаффофликнинг етарли даражада эмаслигига ишора қилинмоқда.

Тўғри, давлатимиз раҳбари ташаббуси ва қатъияти билан кейинги 2 йилда суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди. Судьялар ўз лавозимига илк бор 5 йил, иккинчи марта 10, учинчи бора эса пенсияга чиққунчалик муддатга тайинланадиган бўлди. Судьялар олий Кенгаши ташкил этилиб, судларнинг моддий-техник базаси яхшиланди, судяларнинг иш ҳақи оширилмоқда. Электрон-суд тизимининг ишга туширилаётгани эса фуқароларга масофадан туриб, мурожаат қилиш имконини бермоқда.

Буларнинг барчаси халқнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини ошираяпти, албатта. Аммо судлар томонидан чиқарилаётган буйруқ ва қарорларни тездан эълон қилиш, онлайн тарзда аҳолига етказиш борасидаги камчиликлар суд ҳокимияти фаолиятининг максимал шаффофлигини таминлашга имкон бермаяпти. Аксинча, суд ҳокимиятининг ҳуқуқий нуфузини оширишда катта тўсиқ бўлиб турибди.
Шу ўринда хақли бир савол туғилади: суд қарорлари нега энди омма эътиборига ҳавола қилиниши керак?

Биринчидан, судьялар қандай иш юритаяпти, уларнинг қарорлари адолат ва ҳолислик мезонига тўгри келаяптими-йўқми, судьялар ўз қарорларини етарли даражада асослаб бера олишаяптими?

Таъкидлаш жоизки, агар суд қарорлари ва буйруқлари белгиланган муддатларда эълон қилинса, судлар устидан жамоатчилик назорати ўрнатиш мумкин бўлади. Аммо соҳада очиқлик ва шаффофликка эришилмас экан, судьяларнинг холислиги, соҳада коррупциянинг олдини олиш ҳақида гапириш бефойда бўлиб қолаверади. Аслида эса судлар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш жуда кўп муаммоларни бартараф этиш, айниқса коррупциянинг олдини олишнинг энг кам харажат талаб этадиган ва жаҳон тажрибасида синовдан ўтган усулларидан биридир. Ушбу тартиб-тамойил судьялар фаолиятини сифатли йўлга қўйиш, асосли ва адолатли қарорлар чиқаришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Иккинчидан, суд қарорларининг шаффофлигини таъминлаш учун етарлича ҳуқуқий асослар мавжуд. Зеро, бу энг аввало, Конституция талабидир. Жумладан, мамлакатимиз Конституциясининг 30-моддасида шундай дейилади: «Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим».

Қолаверса мамлакатимиздаги энг йирик сиёсий партия – «O’zLiDeP» нинг сайловолди дастурида ҳам «суд қарорларини уларнинг расмий веб-сайтларида электрон шаклда эълон қилиш тизимини йўлга қўйиш» деган банд мавжуд. Йирик ҳуқуқшунос олимлар ўз чиқишларида бу масалани бот-бот такрорлаётганлари ҳам бежиз эмас.

Учинчидан, Жаҳон тажрибаси ҳам суд қарорларининг шаффофлигини таъминлаш суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришдаги энг тўғри усуллардан бири эканини исботлайди.

Европа ва Америка қитъасидаги барча саноатлашган давлатларда ҳам суд қарорлари доимо очиқ сақланиши белгилаб қўйилган. Тўпланган тажрибага кўра, судья муайян иш бўйича тегишли қарор қабул қилгандан кейин ушбу қарор суд сайтидаги қарорлар рўйхатига киритилади ва ҳар қандай фуқаро у билан бевосита танишиш имконига эга бўлади.

Бу айниқса, ҳуқуқ соҳасида таълим олаётган талабалар, оммавий ахборот воситалари ходимлари учун қатор қулайликлар яратади.

Осиё «йўлбарслари» ва Японияда суд ишини ташкил этиш амалиёти ҳам ушбу тажрибанинг тўғри эканини тасдиқламоқда. МДҲ давлатларининг аксарияти, хусусан, Россия ва яқин қўшниларимиз Қозоғистон ҳамда Қирғизистонда ҳам суд қарорлари Олий суд порталида доимий тарзда эълон қилиб берилади. Масалан, Қозоғистонда судлар 2009 йилдан буён барча турдаги қарорларни ўз сайтларида эълон қилиб келмоқдалар. Қирғизистонда эса бундай амалиётга 5 йил аввал қўл урилган.

Биз кўпинча «Ўқув даргоҳлари нега ҳуқуқ бўйича сифатсиз кадрлар етиштираяпти? Нима учун юртимиз манфаатини маҳаллий ва халқаро арбитраж судларида етарлича ҳимоя қила оладиган мутахассисларимиз кам», деган таъналарни эшитамиз.

Юртимизда амалда бўлган ҳуқуқий таълимнинг энг оғриқли жиҳати шундаки, ҳуқуқшунослик соҳасида етакчи таълим масканлари ҳисобланган Тошкент давлат юридик универистети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети талабалари ҳам айни пайтда ўзлари ўрганаётган қонунлар ва назарий кўникмаларнинг амалиётга қандай татбиқ этилаётгани ҳақида етарлича тушунчага эга эмаслар. Бошқача айтганда, улар қонунлар амалиётини ўзлари ишлаб чиққан хаёлий мисоллар орқали ўрганмоқдалар, холос. Бу, шубҳасиз ҳуқуқий таълим сифатига салбий таъсир этаяпти. Хорижда таълим олган ҳуқуқшунослар эса нафақат қонунлар ва уларнинг назарий асосларини, балки мазкур қонунлар амалиётда қандай қўлланилаётгани, суд низолари қай тартибда ҳал этилаётганини ҳам ўрганиб, ўқув юртини пухта ва мустаҳкам билим билан тамомламоқдалар.

Шу ўринда суд қарорларининг шаффофлигини таъминлаш мамлакатда инвестицион муҳитнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини юксалтиришига ҳам хизмат қилишини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бошқача айтганда, юртимизга сармоя киритаётган инвестор ёки унинг адвокатлари амалиётдаги муаммоларга судьялар қандай жавоб бераётганини шу пайтгача ҳал қилинган суд қарорлари орқали билишга ва улардан ўз бизнес режаларини тузишда фойдаланишга интилишади. Бундай ҳолат эса ҳуқуқий барқарорлик(legal stability)ка олиб келади, албатта.

Жаҳон тажрибасидан аёнки, бирон-бир давлат инвестиция иқлими жозибадорлигининг асосий кўрсаткичларидан бири нафақат пухта қонунлар, балки ўз ишини яхши биладиган, қобилиятли, мустақил судьялардан иборат судлов тизимининг мавжудлигида ҳамдир. Бунга эса асосан судлар томонидан қабул қилинган қарорларнинг сифатига қараб ишонч ҳосил қилиш мумкин. Инвесторлар эса суд қарорлари шаффофлиги таминланмаган давлатга сармоя киритишга иккиланишлари бор гап.
Хўш, суд қарорларининг холислиги юртимиз ва халқимиз равнақи учун зарур экан, нега бу масалага ҳамон эътиборсизлик қилинаяпти?

Таъкидлаш жоизки, фуқаролик ишлари бўйича судларда АКТни жорий этиш ва ундан кенг фойдаланиш мақсадида 2013 йили Ўзбекистон Олий суди ва БМТнинг Тараққиёт дастури ҳамкорлигида э-суд электрон судлов ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилган эди. Шунингдек, Миллий электрон судлов ахборот тизими ишлаб чиқилганлиги, Олий суднинг расмий сайтида унинг алоҳида саҳифаси очилганлигини ҳам биламиз. Ўша саҳифада «Суд қарорлари банки» мавжуд бўлиб, тегишли тугмачани боссангиз, фуқаролик ишлари бўйича судлар чиқарган ва кучга кирган суд қарорлари билан фуқаролар бемалол танишиш имконига эга бўлишлари керак эди.

Бироқ мана, беш йилдирки, ҳалигача «Суд қарорлари банки» фойдаланишга яроқсизлигича қолмоқда. Олий суд ахборотномаси ва унинг сайтида бир неча суд қарорига шарҳлар ва пленум қарорлари жойлаштирилган, холос. Баъзан эса уларни ўқишнинг ҳам иложи йўқ. Сайтга қўйилган файлларнинг кўпчилиги ҳатто очилмайди ёки «error» (хато) чиқаради. Қонун ҳужжатлари республика миллий базасида ҳам «Суд амалиёти» номли чиройли рукн мавжуд бўлса-да, бироқ унга ҳам жуда оз қарорлар жойлаштирилган. Афсуски, у ҳам деярли ишламайди.

Ўз тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтишим лозимки, хорижда яшаб қиёсий ҳуқуқшунослик бўйича тадқиқот ўтказар эканман, япониялик профессорлар юртимиздаги сўнгги суд амалиёти ва уларга оид академик баҳс-мунозаралар ҳақида фикр сўрашади. Шунда мавжуд ҳолатни қандай тушунтиришни билмай қоламиз. Чунки бизда турли соҳаларда юз бераётган низолар бўйича чиқарилган суд қарорлари ва уларнинг статистикасига оид маълумотларни олиш имконияти йўқ. Бу эса ўз навбатида ҳуқуқий тадқиқот олиб бориш ва таълим назариясини ривожлантириш учун жуда жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда.

Кези келганда кўпдан-кўп суд қарорларини қандай қилиб электронлаштириш мумкин, бу кўп вақт талаб этмайдими, деган савол туғилиши мумкин. Авваламбор, судларимизда аллақачон ички электрон тизим мавжудлигини ва чиқарилган ҳар қандай қарорни тезлик билан ўша тизимга қўшиб қўйиш имконияти мавжудлигини таъкидлаш лозим. Муаммо шундаки, ички электрон тизимдаги қарорларни оддий халқимиз ўқий олмайди. Гарчи вилоятдаги судлар томонидан кўрилган низолар тизимлаштирилмаган бўлса-да, улар ҳамон судья ва суд котиби компьютерида сақланаётганини қайд этиш жоиз. Кези келганда Адлия вазирлиги қошидаги Миллий қонунчилик базаси (Lex.uz) 10 йилдан бери муваффақиятли тарзда иш юритаётганини, ҳар бир янги қонун ҳужжатини аҳоли эътиборига ҳавола қилиб келаётганини қайд этиш жоиз. Бу эса айнан «Lex.uz» тажрибасини суд амалиёти шаффофлигига эришиш учун ҳам татбиқ этиш мумкинлигини кўрсатади.

Тўғри, аввалги ишларни эълон қилиш ёки уларни электронлаштиришда айрим муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда эса энди чиқариладиган суд қарорлари ва буйруқлари эълон қилиниши, омма эътиборига ҳавола этилишига эришиш зарур.

Шу ўринда баъзи ишлардаги суд қарорларининг махфийлиги таъминланиши керак эмасми, деган савол ҳам пайдо бўлиши мумкин. Албатта, керак. Халқаро амалиётда давлат хавфсизлиги, вояга етмаган ва жинсий тажовузга учраган якка шахс ёки бирон-бир оила шаънини омма олдида ҳимоя қилиш мақсадида бундай суд амалиётининг ёпиқ ҳолда ўтказилиши кўп учрайди.

Миллий қонунчилигимизда ҳам юқоридаги каби ҳолатларга нисбатан истиснолар кўзда тутилган. Агар ушбу ишларнинг босма ҳолда ёки судларнинг интернет базаларида онлайн тарзда чоп этилиши давлат сирининг фош бўлишига олиб келса, шу орқали оммавий тартибга дахл қилса, вояга етмаган шахс ёхуд жинсий тажовузга учраган инсон обрўсига путур этказса, бундай қарорларни эълон қилмаслик учун ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги керак.

Ривожланган давлатларда бу каби қарорлар баъзан омма этиборига ҳавола этилмаса-да, уларнинг баъзи қисмлари қисқартирилади ёки тилга олинган шахсларнинг номи умуман кўрсатилмайди. Бундай амалиёт, айниқса халқаро тижорат ва инвестиция арбитражи фаолиятида яққол намоён бўлади.

Умид қиламизки, тегишли давлат органлари, хусусан Олий суд ва Адлия вазирлиги юқоридаги долзарб масала бўйича амалий қадамлар ташлаб, суд қарорларининг шаффофлигини таъминлашади ва юртимизнинг Жаҳон адолат лойиҳаси индексидаги мавқеи юксалтириш йўлида барча имкониятлардан фойдаланишади.

Алишер Умирдинов,
Нагоя иқтисодиёт университети (Япония)
Бизнес ҳуқуқи факультети профессори, PhD,
«Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг