Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон мева-сабзавот экспорти назоратини кучайтиради

Ўзбекистон мева-сабзавот экспорти назоратини кучайтиради

Ўзбекистон мева-сабзавот экспортида нархларни сунъий пасайтириш оқибатида юзага келаётган яширин иқтисодиётга барҳам бериш ҳамда соҳада очиқлик, сифат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида янги тартиб қўлланилади.

Бу ҳақда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълум қилди.

Агентликнинг маълум қилишича, бунда таҳлилга асосланган «Хавфларни бошқариш тизими» (SUR) жорий этилмоқда.

Тизимга кўра, экспортчи корхоналар 3 та тоифага ажратилади.

  • Яшил йўлак (паст хавф);
  • Сариқ йўлак (ўрта хавф);
  • Қизил йўлак (юқори хавф).

Қайд этилишича, яшил йўлак (паст хавф) тизимига кириш учун корхоналар белгиланган барча талабларга жавоб бериши керак бўлади. Бу тоифадаги тадбиркорлик субектлари учун карантин назорати ва маҳсулотларни экспортга жўнатиш жараёнлари соддалаштирилган тартибда амалга оширилади.

Сариқ йўлак (ўрта хавф) тизимига эса белгиланган талабларни сурункали равишда бузиб келаётган тадбиркорлик субъектлари киритилади. Бундай ҳолларда корхоналар огоҳлантиришдан сўнг камчиликларни бартараф этгунига қадар «сариқ йўлак»ка ўтказилади. Бу тоифадаги тадбиркорлик субектлари учун назорат танлаб олиш тамойили асосида амалга оширилиб, узум, помидор, анор, лимон, гулкарам, кўкатлар каби озиқ-овқат талаблари қатъий қўлланиладиган маҳсулотлар лаборатория таҳлили мажбурий этиб белгиланади.

Корхоналар қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этишлари учун 5 кун муддат берилади. Камчиликлар бартараф этилганидан сўнг, корхона автоматик равишда «яшил йўлак»ка ўтказилади.

Қизил йўлак (юқори хавф)га экспорт талабларига амал қилмасдан, қоидаларни мунтазам равишда бузиб, аниқланган камчиликларни бартараф этмаган корхоналар киритилади. Корхоналар «қизил» тизимга киритилишдан аввал огоҳлантирилади ва камчиликларни бартараф этиш учун муддат берилади. Бу йўлакдаги тадбиркорлик субъектлари учун хизматлар кўрсатиш қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилгунига қадар вақтинча тўхтатилади.

Маълумот учун, 2025 йил давомида айрим тадбиркорлар томонидан солиқ тўловларидан қочиш мақсадида экспорт нархларини сунъий пасайтириш натижасида 192 млн долларлик (2026 йил январ ойининг ўзида эса 37,5 млн доллар) маҳсулот ҳужжатда акс этмаган. Бундан ташқари, баъзи турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг озиқ-овқат хавфсизлиги талабларига жавоб бермаганлиги туфайли импортчи давлатлардан 700 дан ортиқ эътирознома (нотификация) келиб тушган (жорий йилда биргина Россиядан 45 та эътирознома).

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг