Ўзбекистон Осиё маданий мероси алянси Кенгашига қабул қилинди
Хитойнинг Чунсин шаҳрида Осиё маданий мероси алянсининг II Бош ассамблеяси ҳамда 3-Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон номидан Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдикаримов ҳам иштирок этган.
Осиё маданий мероси алянси илк бор 2021 йил 27 октябр куни Хитойнинг Сиан шаҳрида бўлиб ўтган Осиё маданий мероси форуми доирасида Хитой ташаббуси билан ташкил этилган.
Алянснинг асосий мақсади – Осиё мамлакатлари ўртасида маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий алмашинув, реставрация, консервация ва археологик тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни кучайтиришдир. Бугунги кунда Осиёда маданий мерос соҳасидаги биринчи ва ягона ҳукуматлараро ташкилотнинг бош қароргоҳи Пекин шаҳрида жойлашган бўлиб, таркибида жами 24 та аъзо, ҳамкор ва кузатувчи давлат мавжуд. Шунингдек, унинг фаолияти Осиёдан ташқарига, яъни Африка, Европа, Лотин Америкаси ва Океания минтақаларигача кенгайган.
Ўзбекистон Осиё маданий мероси алянси доирасидаги ҳамкорликка ва кузатувчилик мақомига 2023 йилда қабул қилинган. Алянс доирасида кадрлар тайёрлаш, реставрация ва консервация, археологик тадқиқотлар, илмий алмашинув ва кўргазма лойиҳалари бўйича амалий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.
Ассамблея доирасида Ўзбекистон учун муҳим қарор қабул қилинди: Сурхондарё вилояти Узун туманида жойлашган «Чинортепа» маданий мерос объектида археологик қазишмалар ўтказиш учун 140 минг АҚШ доллари миқдорида грант ажратилди.
Йиғилишнинг яна бир муҳим натижаси — Ўзбекистоннинг ушбу алянс Кенгаши таркибига қабул қилиниши бўлди. Бу Ўзбекистоннинг маданий мерос соҳасидаги халқаро нуфузини оширади ҳамда минтақавий қарорлар ва стратегияларни шакллантиришда фаол иштирок этиш имконини беради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter