Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда «Келажак университети» қандай ишлайди?

Ўзбекистонда «Келажак университети» қандай ишлайди?

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

«InnoWeek» халқаро инновацион ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги 40 млн. АҚШ доллари миқдоридаги келишувни масофадан имзолади.

25 октябрь куни Тошкент Вестминстер университети биносида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда «CityU» (Гонконг), «UdacityX MOOC» (АҚШ), «MOOC Iversity» (Нидерландия/Германия), «Open Polytechnic» (Янги Зеландия) таълим муассасалари билан ҳамкорлик тўғрисида келишув тузилди.

Мазкур ҳужжат «InnoWeek» халқаро инновацион ҳафталиги доирасида имзоланган ўнлаб шартнома ва меморандумлардан фарқли равишда масофадан туриб имзоланди. Бир неча кун аввал бир томонлама имзолаб, почта орқали жўнатилган келишувлар онлайн тарзда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда «UdacityX» таъсисчиси Даниэл Зарецкий томонидан вазирлик ва университет масъуллари иштирокида имзоланди.

Томонлар илғор халқаро таълим стандартлари даражасидаги юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни мукаммаллаштириш, олий таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, ёшларнинг имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш, олий таълим тизимга инновацион усулларни жорий қилиш, шунингдек мазкур соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида «Келажак университети»ни ташкил этишга келишдилар.

«Келажак университети»

Хорижий ҳамкорлар мазкур лойиҳага 40,0 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритадилар. Лойиҳа доирасида олий таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларини ва техникаларни жорий қилиш назарда тутилган. Бунинг учун электрон ахборотларни ва таълим ресурсларини (ўзбек ва рус тилларига таржима қилинган) ўз ичига олган ҳамда талабалар (йилига 50 минг нафар атрофида) томонидан таълим дастурларини, уларнинг қаерда бўлишларидан қатъий назар, ўзлаштиришларини таъминлайдиган электрон ахборот-таълим муҳитининг ишлаши учун шарт-шароитлар яратилади.

Ўқиш жараёни шунчаки матнлар ёки маърузаларни кўчириб олишдан иборат эмас, балки босқичма-босқич таълим дастурини ўзлаштиришдан иборат бўлади. Масофадан олий маълумотга олмоқчи бўлган талабалар махсус платформадан фойдаланган ҳолда чуқур билимларни эгаллашади. Мазкур смарт-технология ҳар бир талабанинг ўз ID профили бўлишини талаб этади. Ҳар бир профиль эгасининг юз ҳаракатларидан тортиб, компьютер тугмаларини босиш усулигача бўлган маълумотларни хотирасида сақлайдиган дастур айнан шу талабанинг ўқиш жараёнида иштирок этишини таъминлайди. Бунда талаба бир кунда уч соат вақтини таълимга сарфлаши талаб қилинади.

Талабаларнинг билимлари синовдан ўтказиларкан, уларнинг натижалари Янги Зеландиядаги маълумотлар базасига бориб тушади ва ўша ерда сақланади. Бу имтиҳон давомида коррупция юзага келмаслигига кафиллик беради. Бндан ташқари, университетнинг бош идорасида ва филиалларида талабанинг шахсини текшириш ва имтиҳонларни топшириш тартибини назорат қилишни таъминлаган ҳолда аттестация имтиҳонлари ўтказилади. Агар унинг ўрнига бошқа одам платформага кирса, тизим блокланади.

«Келажак университети»да Янги Зеландияда кўп йиллар давомида тажрибадан ўтган тизим жорий этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг