Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи йирик корхона ишга туширилади

Ўзбекистонда қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи йирик корхона ишга туширилади

Фото: «dpchas.com»

Ўзбекистонда «Modern Powers Systems» компанияси «Ипотека банк» АТИБ билан ҳамкорликда бир йилда 100 мегаватт қувватга эга қуёш панелларини чиқариш қувватига эга корхона ишга туширилади, деб хабар бермоқда «Халқ сўзи».

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида барпо этилаётган мазкур корхона давлатимиз раҳбарининг «2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги ва «Тошкент вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорлари ижроси доирасида амалга ошириляпти.

Қиймати 25 миллиард сўмга тенг бўлган мазкур лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши билан 150 дан ортиқ янги иш жойи яратилади. Кутилаётган экспорт имконияти йилига 5 миллион АҚШ долларга тенг.

Хусусан, бу ерда бир неча турдаги — монокристалли ва поликристалли, кўча чироқларини ва светофорларни қувватлантирувчи панеллардан тортиб ҳар турдаги электрон кичик қурилмаларга қувват берувчи ёнида олиб юриш учун мўлжалланган ихчам қуёш панеллари ишлаб чиқарилади. Корхона муҳандислари Германия, Испания, Италия, Хитой ва Корея Республикасида малака ошириб келган.

«Мазкур лойиҳа мамлакатимизда энергия тежамкорлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг яна бир намунаси десак адашмаган бўламиз. Зеро, қишлоқ аҳолиси, фермерлар, тадбиркорлик субъектлари, мактаб ва боғчалар, тиббиёт муассасалари ва бошқа ташкилотларга энергияни қуёш панеллари кўмагида етказиб берсак, халқимизнинг ҳаётини янада фаровон қилган бўламиз» — дейди «Modern Powers Systems» компанияси раҳбари Уйғун Нарзиқулов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг