Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент банк тизимини ислоҳ қилиш бўйича йиғилиш ўтказди

Президент банк тизимини ислоҳ қилиш бўйича йиғилиш ўтказди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 октябрь куни банк тизимини ислоҳ қилиш ва банкларнинг инвестициявий фаоллигини ошириш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Тадбиркорликни ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни молиявий қўллаб-қувватлашда банклар муҳим ўрин тутади. Шу боис ушбу молиявий институтларнинг барқарорлигини ва ҳаётдаги ролини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

Охирги йилларда давлат бюджетидан тижорат банкларига дастурларни молиялаштириш учун 8,4 триллион сўм, айланма маблағлар учун 400 миллион доллар, устав капиталини ошириш учун 1,7 миллиард доллар маблағ ажратилди. Умуман олганда, сўнгги икки йил ичида банклар капитализациясини ошириш учун 3,3 миллиард доллар давлат маблағлари берилди.

Йиғилишда бу маблағлардан самарали фойдаланилмаётгани, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратишга кўмаклашиш, мижозлар ва банк даромадларини кўпайтириш борасидаги ишлар етарли эмаслиги танқид қилинди.

Мисол учун, хусусий банклар кредит ресурсининг ярмидан кўпини депозитлар ҳисобига шакллантираётган бўлса, давлат банкларида бу кўрсаткич атиги 10 фоиз атрофида.

Шунингдек, давлат банклари кредит портфелининг ярмидан кўпи 5 та йирик давлат корхонаси ҳиссасига тўғри келади. Ҳанузгача эскирган дастурий таъминотлардан фойдаланаётгани учун банк хизматлари сифати талаб даражасида эмас.

Тизимда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида банклар фаолиятида давлат иштироки босқичма-босқич қисқартирилмоқда. Хусусан, давлат дастурлари доирасидаги кредитлар фоизи қайта молиялаш ставкаси билан тенглаштирилди ва 2021 йилдан тўлиқ эркинлаштирилиши белгиланди. Бу банкларни кўпроқ мижоз топиш, ресурс жалб қилиш, кредит ажратиш бўйича изланишга, ривожланишга ундайди.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, банклар трансформациясини тезлаштириш ва сифатли амалга ошириш мақсадида барча давлат банкларидаги акциядорлик вазифаси Молия вазирлигига юклатилди.

Йиғилишда Молия вазирлиги ва Марказий банкка Жаҳон банки билан биргаликда банк секторини узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясини якунлаш вазифаси қўйилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг