Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Путин Арманистонга жиддий таҳдид қилди

Путин Арманистонга жиддий таҳдид қилди

Путин ва Пашинян тимсолида Россия ва Арманистон зиддияти кучайиб бормоқда.

Фото: AP

Россия президенти Владимир Путин Арманистон Евроосиё иқтисодий иттифоқидан (ЕОИИ) чиққудек бўлса, жиддий оқибатлар юзага келишидан огоҳлантирди.

“Арманистон Европа Иттифоқи стандартларига ўтар экан, биз у билан иқтисодий интеграцияни буткул тўхтатишимиз лозим бўлади. Улар ўз маҳсулотларини кимга сотади? Арман виносини ким олади? Улар учун темирйўл тарифлари оширилади. Энергия манбалари баҳосини кўтаришга тўғри келади. Арманистон фуқаролари Россияда ишлаш учун патент олиши зарур бўлади”, – деган Путин Остона шаҳрида бўлиб ўтган ЕОИИ саммити якунида 29 май куни ташкил этилган матбуот анжуманида.

Россия Ғарбга яқинлашув йўлини тутган Украинага қарши тўрт йилдан буён босқинчилик урушини олиб бораётгани маълум. Путин Остонадаги чиқишида Арманистонга таҳдидли баёноти давомида Украинадаги инқироз ҳам айнан Киевнинг ЕИга яқинлашуви ортидан бошланганини урғулаган.

DW нашри ёзишича, Путин ўз чиқишида фашистлар Германияси пропаганда вазири Йозеф Геббельсга нисбат берган ҳолда аслида Адольф Ҳитлердан иқтибос келтирган. Жумладан, у Европа давлатларининг Россия кўҳна қитъа давлатларига қарши урушга ҳозирлик кўраётгани ҳақидаги баёнотларини ёлғонга чиқарган.

“Евроиттифоқнинг Россия билан эҳтимолий уруш ҳақидаги баёнотлари қип-қизил ёлғон ва уйдирма.  Геббельс айтганидек, ёлғон қанча ақл бовар қилмас бўлса, унга шунча тез ишонадилар. Россия ҳеч қачон Европа мамлакатларига таҳдид қилмаган ва таҳдид қилмайди ҳам. Россия рус базаларига зарба беришга уринган ҳар қандай кучни ер билан битта қилувчи воситаларга эга”, – деган Путин.

Россия ЕОИИ номидан ҳам Арманистонга жиддий талаб йўллаган. Остона саммити якунида ЕОИИга аъзо тўрт давлат (Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия) раҳбарлари номидан тарқатилган баёнотда Арманистон ЕИ ва ЕОИИ ўртасидаги танлов бўйича имкон қадар тезроқ референдум ўтказиши лозимлиги қайд этилган.

Арманистоннинг Ғарб билан яқинлашув сиёсатидан дарғазаб бўлган Москва Путиннинг баёнотидан бир кун ўтиб, 30 май куни Еревандаги элчиси Сергей Копиркинни маслаҳатлашув учун чақиртириб олган. Россия ташқи ишлар вазирлигининг қисқа баёнотида Еревандаги рус элчиси Арманистон раҳбариятининг “ЕОИИ доирасидаги ҳамкорликка зарар етказувчи, ЕИ билан яқинлашишга қаратилган қадамлари сабабли” Москвага маслаҳатлашувга чақирилгани қайд этилган.

Маълумот ўрнида: элчининг маслаҳатлашув учун чақириб олиниши – норозилик билдиришнинг дипломатик усулларидан биридир. Бундай қадам икки давлат ўртасидаги муносабатлар даражасининг рамзий равишда пасайишига олиб келади.

Арманистон ЕИ ва АҚШ билан яқинлашув йўлини тутгани боис Москва томонидан жиддий босимга учрамоқда.

Бир ҳафта аввал Арманистон Евроиттифоққа қўшилиш жараёнини давом эттирса, Россия табиий газ, нефть маҳсулотлари ва ишлов берилмаган олмос етказиб бериш бўйича келишувни бир томонлама тўхтатиши ёки бекор қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Россияга Арманистондан минерал сув, сабзавотлар ва коньяк экспорти аллақачон тақиқланди.

Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг жорий йил апрель ойида Москвада президент Владимир Путин билан учрашуви ҳам зиддиятларга бой тарзда кечганди. Ўшанда ҳам Путин Арманистон ЕОИИ ва ЕИ ўртасида танлов қилиш шартлигини таъкидлаб, Россия Европага 1000 кубометр газни 600 доллардан сотгани ҳолда Арманистонга 177 доллардан бераётганини айтган эди.

Никол Пашинян ҳукумати Россиядан масофалашув сиёсатини юритиб келмоқда. 2024 йил февраль ойида Пашинян Арманистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги (КХШТ) иштирокини “музлатиб қўйганди”.

Арманистон бош вазири Россия шамсияси остидаги мазкур ҳарбий тузилманинг бир қатор йиғинларида қатнашишдан ҳам бош тортган. https://xabar.uz/pm5m
Муносабатлар совуқлашуви ортидан 2024 йилда Арманистон пойтахти Ереван шаҳридаги “Звартноц” халқаро аэропортида 32 йил давомида хизмат ўтаган Россия чегарачилари ҳам ўз уйига қайтарилган.

Жорий йил баҳорда Арманистон парламенти  ва президенти мамлакатнинг ЕИга кириши жараёнини бошлаш ҳақидаги қонунни маъқуллади. 5 май куни бўлиб ўтган Арманистон–ЕИ саммитида Брюссель Ереваннинг Европа йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Москва ва Ереван зиддиятининг кучайиши Арманистонда жорий йил 7 июнь куни ўтадиган парламент сайловига тўғри келмоқда.

Reuters агентлиги Ғарб давлатлари разведка хизматларига таяниб хабар беришича, Россия сайловда Никол Пашиняннинг ғалабасини йўққа чиқариш учун дезинформация кампаниясини олиб бормоқда. Пашинян Ғарб билан ҳамкорликка устувор аҳамият қаратишидан хавотирда бўлган Кремль россияпараст бизнесман Самвел Карапетянни бош вазир сифатида сайлашга уринаётгани айтилмоқда. Reuters ёзишича, Москва Пашинян ғалаба қозонишига йўл қўймаслик мақсадида Россия ҳудудида яшаётган юз мингга яқин арманларни овоз беришга юборишни режалаштирмоқда.

АҚШ эса 7 июнь кунги сайловда Пашинян номзодини дастакламоқда. Жумладан, президент Дональд Трамп сайлов арафасида Пашинянни ўз мамлакатини кучли, фаровон ва хавфсиз қилиш йўлида жонбозлик кўрсатаётган яқин дўст ва кўзга кўринган етакчи деб мақтаган ва сайловда уни тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтган.

Қолаверса, жорий ҳафта бошида АҚШ давлат котиби Марко Рубио Ереванга ташриф буюрган ва ҳамкорликка оид бир қатор ҳужжатларни имзолаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг