Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қандай қилиб ва нима учун Технопарк резиденти бўлиш керак?

Қандай қилиб ва нима учун Технопарк резиденти бўлиш керак?

Фото: «Xabar.uz»

Технопаркнинг асосий вазифаларидан бири мамлакатимизда IT-компанияларни ривожлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, шунингдек уларни ички ва ташқи бозорларда илгари суришдир. Айнан шу сабабли, энди янгидан ташкил этилган ва ўз фаолиятини бошлаган компаниялар сингари, IT-соҳасида аллақачон мавжуд бўлган, ўз фаолияти доирасини кенгайтириш ва халқаро бозорга чиқиш ниятида бўлган ташкилотларнинг ҳам ривожланиши учун Технопаркнинг резидентларига кенг имкониятлар ва имтиёзлар тақдим этилган.

Тенхопарк резидентлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги «Ўзбекистон Республикасида ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига биноан қуйидагиларни тўлашдан озод этилган:

  • барча турдаги солиқлар ва давлатнинг мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар, шунингдек ягона ижтимоий тўлов;
  • ўз эҳтиёжлари учун олиб келинаётган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, бутловчи қисмлар, эҳтиёт қисмлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот учун божхона тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари).

Шунингдек, Технопарк резидентлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларни (ишларни, хизматларни) экспорт қилишдан тушган тушумлар доирасида халқаро тўлов карталарига нақд пулсиз шаклда хорижий валютада дивидендларни тўлаш;
  • товарларни (ишларни, хизматларни) экспорт қилишдан тушган маблағ доирасида хорижий мутахассисларга хорижда очилган халқаро тўлов карталарига нақдсиз шаклда хорижий валютада иш ҳақи тўлаш;
  • экспорт шартномасисиз интернетнинг халқаро ахборот тармоғидаги онлайн-дўконлар орқали хорижий валюта бўйича ишлар ва хизматлар экспортини амалга ошириш.

Резидентлар билан тузилган меҳнат шартномалари бўйича олинган иш ҳақи кўринишидаги даромадлар 7,5 фоиз миқдорида белгиланган жисмоний шахсларнинг даромад солиғига тортилади ва жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган мақсадларда белгиланган йиллик умумий даромадлари таркибига киритилмайди.

Ким Технопарк резиденти бўлиши мумкин?

«Ўзстандарт» агентлигининг 2011 йил 28 январдаги 05-268-сонли қарори билан тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий фаолият турлари Умумдавлат классификаторига (2-версия) мувофиқ қуйидаги фаолият турларидан бирини амалга оширадиган юридик шахслар Технопаркнинг резидентлари бўлишлари мумкин:

  • «Компютерда дастурлаш ишлари, шу соҳада маслаҳатлар бериш ва бошқа шунга тегишли хизматлар»;
  • «Маълумотларни жойлаштириш ва ишлов бериш хизматлари, веб-порталлар»;
  • «Дастурий таъминот чиқариш»;
  • Фақат IT-таълими йўналиши бўйича «бошқа тоифаларга киритилмаган бошқа таълим турлари».

Қандай қилиб Технопаркнинг резиденти бўлиш мумкин?

Технопаркнинг резиденти сифатида рўйхатдан ўтиш учун юридик шахс Дирекцияга тасдиқланган шаклда аризани, унга резидент сифатида амалга ошириш учун таклиф қилинган бизнес-режани ва таъсис ҳужжатини илова қилган ҳолда тақдим этиши шарт.

Аризаларни кўриб чиқишда бизнес-режа муҳим рол ўйнайди. Бизнес-режа Дирекциянинг юридик шахс тўғрисида тўлиқ маълумот олиши учун компания, кўрсатилаётган хизматлар ва амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисида маълумот берувчи ҳужжат бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, бизнес-режада ҳозирги ривожланишнинг жорий кўрсаткичлари, фаолиятни ташкил қилиниши акс эттирилади, уларга эришиш мақсадлари, усуллари ва воситалари белгиланади.

Дирекция бизнес-режани тасдиқланган талаблар асосида кўриб чиқади ва бу талабларга мувофиқ таркиб ўз ичига қуйидаги бўлимларни қамраб олган бўлиши керак бўлади:

  1. Лойиҳанинг паспорти;
  2. Лойиҳанинг моҳияти;
  3. Маркетинг стратегияси ва сотиш режаси;
  4. Ишлаб чиқариш режаси;
  5. Ташкилий режа;
  6. Молиявий режа;
  7. Иловалар.

Бизнес-режада келтирилган кўрсаткичлар ва маълумотлар асосли бўлиши, таркибий тузилган ва улар ўзаро боғлиқ бўлиши керак.

Аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш бепул амалга оширилади.

Юридик шахслар ҳужжатларни ихтиёрий равишда у учун қулай бўлган усуллардан бири билан почта орқали, электрон почта орқали ёки IT-Паркнинг расмий веб-сайти орқали тақдим этишлари мумкин.

Ариза 15 иш куни ичида кўриб чиқилади. Қабул қилиш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинганда, 5 иш куни ичида IT-Парк дирекцияси ва резидент ўртасида шартнома тузилади. Сўнгра, 3 иш куни ичида IT-Парк дирекцияси резидентни резидентларнинг ягона реэстрига киритади, гувоҳнома беради ва юридик шахсни резидент сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ва у билан боғлиқ имтиёзлар тўғрисида Давлат солиқ қўмитасига, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига ва хизмат кўрсатувчи тижорат банкига хабарнома юборади.

Юридик шахсни Технопаркнинг резиденти сифатида рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, рад этиш сабаблари бартараф этилганидан сўнг ариза қайта топширилиши мумкин.

Технопаркнинг резидентларига қандай талаблар қўйилади?

IT-Парк Дирекцияси ва резидент ўртасидаги муносабатлар иккала томоннинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва ўзаро муносабатлари бўйича бошқа шартларни белгиловчи шартнома тузиш асосида тартибга солинади.

Технопаркда резидент бўлишнинг шартларидан бири ҳар ойда IT-Парк Дирекциясининг депозит ҳисоб рақамига соф тушумнинг бир фоизи миқдорида ажратмалар ўтказиш, ҳар чоракда ўзининг фаолияти тўғрисида маълумот бериш, шунингдек ҳар йили молиявий-хўжалик фаолиятининг мажбурий аудитини ўтказиш ва аудиторлик хулосаси нусхасини Дирекцияга тақдим этишдир.

Резидентлик тўғрисида қўшимча маълумот қаердан олинади?

Батафсил маълумотларни қуйидагилар орқали олиш мумкин:

  • IT-Парк сайтида – https://it-park.uz;
  • Қуйидаги телефон рақамлар бўйича мурожаат қилиш орқали: +998 (71) 209-11-99 ёки +998 (99) 810-60-27;
  • Қуйидаги электрон манзилларига мурожаат қилиш орқали: resident@it-park.uz ёки info@it-park.uz;
  • Қуйидаги манзил бўйича жойлашган IT-Парк дирекциясининг офисида: Тошкент ш., Мирзо Улуғбек т., Тепамасжид кўчаси, 4.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг