Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қозоғистон Қора денгиздаги ҳодиса юзасидан хавотир изҳор қилди

Қозоғистон Қора денгиздаги ҳодиса юзасидан хавотир изҳор қилди

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги биноси.

Фото: Xabar.uz / Собир Салим

Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги Қора денгиздаги нефть танкерлари билан боғлиқ ҳодиса юзасидан чуқур хавотир изҳор этди.

Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ерлан Жетибаевга кўра, расмий Остона бу борада Европа мамлакатлари элчилари билан шошилинч учрашувлар ўтказди. Шунингдек, АҚШ ва бошқа хорижий шериклар билан алоқа ўрнатди. Учрашувлар давомида халқаро ҳуқуқ талабларига мувофиқ, айниқса, денгиз йўлларида углеводородларни ташиш хавфсизлигини таъминлаш чораларининг муҳимлиги урғуланди.

“Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон ҳеч қандай қуролли можароларга алоқадор эмаслиги, жаҳон ҳамда Европа энергия хавфсизлигини таъминлашга доимий ҳисса қўшаётгани, мамлакат, шунингдек, халқаро талабларга мувофиқ энергия ресурсларини узлуксиз етказиб беришини таъкидлайди”, – дейилади баёнотда.

Маълумот ўрнида: жорий йил 13 январь куни Қора денгизда, Каспий қувури консорциуми яқинида денгиз терминалига йўл олган учта нефть танкерига дрон ҳужуми уюштирилди.

Қозоғистон нефтини ташиши режалаштирилган танкерлар барча зарур рухсатномаларга эга экани ва тегишли идентификация ускуналари билан жиҳозлангани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, дрон ҳужуми оқибатида экипаж аъзолари жабр кўрмаган. Танкерларга ҳали нефть юкланмагани сабабли Қозоғистон экспорт ресурсларига зиён етмаган. Аммо танкерлар маълум даражада шикастланган.

Қозоғистон ТИВ шу каби ҳодисалар сўнгги пайтларда тез-тез учраётганини таъкидлаб, бу халқаро энергетика инфратузилмасининг барқарор ишлашига таҳдид солишидан огоҳлантирган.

“Қозоғистон ўз ҳамкорларини бундай вазиятларнинг олдини олиш учун қўшма чоралар ишлаб чиқишга ва яқин ҳамкорлик ўрнатишга чақиради”, – дейилади расмий билдиргида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг