Қулупнай — саратон, инсульт ва инфаркт кушандаси
Сўнгги йилларда олиб борилган илмий тадқиқотлар қулупнай таркибидаги биоактив моддалар организмдаги бир қатор муҳим жараёнларга таъсир қилишини тасдиқлади.
Қулупнай таркибида: С витамини, антоцианинлар, эллаг кислотаси, флавоноидлар, бир қанча озиқ толалари мавжуд бўлиб, улар организмда антиоксидант ва яллиғланишга қарши таъсир кўрсатади. Айниқса, антоцианинлар қулупнайга қизил ранг берибгина қолмай, ҳужайраларни зарарланишдан ҳимоя қилади.
Илмий тадқиқотларда қулупнай таркибидаги биоактив моддалар оксидатив стрессни камайтириши, яллиғланиш жараёнларини сусайтириши аниқланган. Бу эса ўз навбатида ошқозон ва ичакдаги ҳужайраларда носоғлом ўзгаришлар хавфини камайтиради. Шу билан бирга, қулупнайни мунтазам истеъмол қилиш саратоннинг олдини олишга ёрдам берувчи омиллардан бири сифатида қаралади. Аммо у мустақил даво воситаси эмас.
Қулупнай юрак саломатлиги учун ҳам фойдали маҳсулотлар сирасига киради. Клиник кузатувларда мунтазам қулупнай истеъмол қилиб юрган кишиларда “ёмон” холестерин (LDL) миқдори камайиши, “яхши” холестерин (HDL) барқарорлашиши қайд этилган. Шунингдек, мева таркибидаги озиқ толалари қон томир деворларини мустаҳкамлаб, юрак хуружи ва инсульт хавфини пасайтиришга хизмат қилади.
Қолаверса, қулупнай паст гликемик индексга эга бўлиб, қонда глюкоза даражасининг кескин ошишини олдини олади, инсулин сезгирлигини яхшилайди. Бу хусусиятлар уни 2-тур қандли диабет хавфини камайтиришда муҳим озиқ-овқат сифатида кўрсатади.
Антоцианинларга бой бўлган қулупнай нейронларни ҳимоя қилади, хотира ва диққатни қўллаб-қувватлайди. Узоқ муддатли тадқиқотларда ушбу мева қариш билан боғлиқ когнитив пасайиш жараёнини секинлаштириши мумкинлиги аниқланган.
Қулупнай фойданинг кони бўлишига қарамасдан, айрим ҳолатларда эҳтиёт чоралари ҳам талаб қилинади. Баъзи инсонларда қулупнай тери тошмалари, қичишиш, енгил шишлар келтириб чиқариши мумкин.
Қулупнай кўпинча кимёвий ишловдан ўтказиладиган мевалар қаторига киради. Шу сабабли уни истеъмол қилишдан олдин яхшилаб ювиш муҳим.
Кислоталиги юқори бўлгани сабаб гастрит, ошқозон яраси бўлган шахсларда ноқулайлик чақириши мумкин.
Қулупнай табиий равишда қонни суюлтирувчи хусусиятга эга. Шунинг учун қон суюлтирувчи дорилар қабул қилаётган шахслар шифокор билан маслаҳатлашиши лозим.
Қулупнай — юқори антиоксидант хусусиятга эга, юрак-қон томир тизими, мия фаолияти ва модда алмашинуви учун фойдали бўлган мевадир. Илмий тадқиқотлар унинг яллиғланишни камайтириш ва айрим касалликлар хавфини пасайтиришда муҳим рол ўйнашини кўрсатади.
Шу билан бирга, уни меъёрда истеъмол қилиш ва индивидуал ҳолатларни ҳисобга олиш зарур. Зеро, ҳар қандай табиий маҳсулот каби қулупнай ҳам фақат тўғри ва онгли истеъмол қилингандагина шифо бўлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter