Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Самарқанд мутасаддилари сохта зиёратгоҳ фаолиятига чек қўядими?

Самарқанд мутасаддилари сохта зиёратгоҳ фаолиятига чек қўядими?

Фото: «Samarkand.uz»

Динга алоқаси бўлмаган сохта ғоялардан юртдошларимни огоҳлантириш ва ушбу соҳага масъул бўлган раҳбарларга динимиз тарихини сохталаштириш ҳисобидан бойлик тўплаётган бир гуруҳ виждонсизлар борлигини яна бир бор эслатиш мақсадида ушбу мақолани ёздим.

Бугунги кунда Самарқанд вилояти Нуробод тумани Оқсой қишлоғидаги «Ҳазрати Довуд» номли сохта зиёратгоҳ юз минглаб инсонлар зиёрат қиладиган масканга айланган. Унинг мутасаддилар ушбу «зиёратгоҳ»ни Довуд алайҳиссалом номи билан боғлашади. Аммо бу жой ҳақиқатан ҳам Довуд алайҳиссаломга боғлиқлигини тасдиқловчи ишончли тарихий ёки диний манбалар мавжуд эмас, «зиёратгоҳ»даги «тадбиркор»лар турли хил асоссиз, ёлғон ривоятлар билан халқимизни алдаш орқали бу ерни ноқонуний даромад масканига айлантириб олишган.

Уларнинг айтишича, гўёки Довуд алайҳиссалом ушбу ғорга келган, панжалари билан ғор деворларини ушлаган ва темирчилик устахонасида ишлаган эмиш. Шу эртакка ишониб бўладими? Бунинг устига улар ривоят тўқишга жуда уста бўлиб, ривоятлари тез-тез янгиланиб туради ва ёлғонлар билан бойитилади. «Зиёратгоҳ»га келган одамлар Довуд алайҳиссаломга атаб қурбонликлар ҳам қилишади, бу ахир ширк-ку! У ерга бораётган юз минглаб одамларни кўрсангиз ҳайрон қоласиз, уларга бу иш нотўғри эканлигини тушунтириш жуда мушкул, улар сизни мутаассибликда айблашади, аммо ўзлари ёлғон ривоятларга ишонишади (чунки уларнинг диний билимлари етарли эмас, бунга ўзимиз ва ўтмишда ўзини қудратли деб билган баъзи ташкилотлар айбдор деб ҳисоблайман).

Ушбу масала бўйича 2017 йил январь ойида Нуробод тумани ҳокимлиги вакили билан телефон орқали гаплашганимда у бу маскан вилоят назоратига ўтганини таъкидлади. Вилоятнинг аввалги ҳокими Ҳиммат Оқбўтаевнинг 2017 йил 16 январдаги жавоб хатида эса қуйидаги фикр билдирилган: «Ҳозирги вақтда ушбу маскан ҳақида илмий асосланмаган ривоятлар тарқалишининг олдини олиш ҳамда мазкур манзилни илоҳийлаштиришга йўл қўймаслик мақсадида Маънавият тарғибот маркази, «Камолот» ЁИҲ вилоят бўлими ҳамда «Оқсой» маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда Ҳазрати Довуд зиёратгоҳида рухсат этилмаган диний маросимлар ўтказилишига барҳам бериш чоралари кўрилмоқда», аммо ўзингиз тушунган бўлсангиз керак, бу чоралар, ҳар доимгидек, самара бермаяпти.

Ушбу масала бўйича вилоятнинг ҳозирги ҳокими Туробжон Жўраевнинг виртуал қабулхонасига 2017 йилнинг 30 декабрида йўллаган мурожаатимга эса ҳануз жавоб олганим йўқ. Вилоят прокуратураси ва солиқ бошқармасининг расмий жавобларида эса у ерда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларнинг ҳужжатлари жойида дейилади, хуллас, «мен не дейману қўбизим не дейди?» деганлари шу бўлса керак.

Яхши ниятлар билан республика миқёсидаги ташкилотларга, жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага мурожаат қилишни бошладим. Қўмитадан «Бу жой Довуд пайғамбар қадамжоси эканлигига ҳеч қандай асос ва далиллар мавжуд эмас. Мазкур жой фақатгина дам олиш маскани эканлиги ва бу ерга диний нуқтаи назардан ёндашмаслик ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда» дея жавоб берилди. Хуллас, ўхшаш жавоб, яъни тушунтириш ишлари олиб борилмоқда ва ҳакозо...

Фақатгина Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги бироз дадил фикр билдирган холос. Марҳамат, уларнинг фикри билан танишинг: «Ҳазрати Довуд устахонаси деб таништирилаётган ва турли, эски ўчоқ сингари ашёлар ўрнатилган пастки қисмдаги ғордан, маҳаллий аҳолининг гувоҳлик беришича, 2000-йилларга қадар ёзнинг жазирамасида чорва молларини салқинлатиш учун фойдаланилган. Кейинчалик баъзи тадбиркорлар томонидан эгалланиб, бу Ҳазрати Довуд устахонаси деган ёлғон, асоссиз даъволар билан даромад манбаи сифатида фойдаланиб келинаяпти. Ғор ичида ўзини Файзиева Мунира деб таништирган шахс кишиларга бу ер муқаддаслиги, ғорнинг ўнг томонига қараб ният, чап томонига қараб тавба қилиш кераклиги ҳақида уйдирмадан иборат гапларни айтиб келмоқда». Мана сизга ҳақ гап, аммо негадир Самарқанд вилояти ҳокимиятидаги мутасаддилар ҳам, прокуратура ва солиқ бошқармаси ҳам, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳам бу борада амалий ва қатъий чораларни кўрмаяпти.

Самарқанд вилояти ҳокимиятидаги мутасаддилар балки ёлғонларга асосланиб халқни алдаётган бу фирибгарлар фаолиятидан «хабарсиз» бўлса керак.

Вилоят прокуратурасига мурожаатим: уларнинг ҳужжатлари бор деяпсиз, аммо уларнинг халқни алдашга ҳам ҳужжатлари борми, бизнинг Жиноят кодексимизда фирибгарлик, ёлғон маълумотлар тарқатиш, диний маълумотларни сохталаштиришга оид моддаларимиз ҳам бор шекилли...

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага мурожаатим: сизлар ҳар бир диний китобни экспертизадан ўтказасиз ва эътиқодимизга тўғри келмайдиган китобларни тақиқлайсиз, бу жуда яхши. Аммо мени ҳайрон қолдирган жиҳат шуки, нимагадир ёлғон ривоятларга асосланган ва бир вақтлар молхона, қўйхона бўлган сохта зиёратгоҳ фаолиятини тўхтатмаяпсиз.

Агар хориждаги мусулмонлар зиёрат туризми билан келиб, шу каби жойларни кўрса борми, бир умр кулгига қоламиз.

Ҳурматли мутасаддилар, сизлардан ушбу «зиёратгоҳ»даги динимиз ва миллатимиз шаъни учун катта шармандалик бўлаётган фирибгарликка нисбатан қатъий чоралар кўришингизни сўрайман. 

Тоҳир Ҳотамов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг