Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сатурн йўлдоши Титанда сув океани йўқ — тадқиқот

Сатурн йўлдоши Титанда сув океани йўқ — тадқиқот

Титаннинг олтита инфрақизил сурати «Кассини» миссияси маълумотлари асосида яратилган.

Фото: NASA

Олимлар Сатурннинг энг йирик йўлдоши Титан қаърида сув океани йўқ деган хулосага келишди. Тадқиқот натижалари Nature журналида чиқди.

Маълумот учун, 2008 йилда NASA ушбу йўлдош муз қатлами остида улкан сувли океан яширингани ҳақида баёнот берганди. «Кассини» фазовий зондининг гравитацион эффектларни ўлчаш натижаларидан келиб чиқиб, Титанда 100-200 км чуқурликда қалинлиги бир неча ўн километрли суюқ қатлам бор деган хулосага келинган. Бу эса Титанда ҳаёт бўлиши мумкинлиги ҳақида мунозараларни келтириб чиқарди.

Италия ва АҚШ мутахассислари Сатурн ва унинг энг йирик йўлдоши Титан ўртасидаги гравитацион ўзаро таъсирни ўрганиш жараёнида «Кассини» зонди тўплаган маълумотларни қайта таҳлил қилишди. Уларнинг таъкидлашича, бу йўлдош сирти остида сувли океан мавжудлиги ҳақиқатдан йироқ.

Тадқиқотчиларнинг аниқлик киритишича, Титан сирти остида сув ўрнига ўзига хос хусусиятларга эга юмшоқ муз қатлами бўлиши мумкин, бу Ердаги Арктика музларига ўхшайди. Янгича ёрдашув йўлдош қаърида ҳаётни қўллаб-қувватлашга қодир муҳит ҳақидаги тасаввурларни ўзгартиради. Титанга 2028 йилда учириладиган Dragonfly миссиясининг вазифаларидан бири ҳам айни шу қатламни ўрганиш.

Вазиятга ойдинлик киритиш учун италиялик ва америкалик астрономлар «Кассини»нинг 2004 йилдан 2017 йилгача даврдаги барча маълумотларини таҳлил қилишди ва Титаннинг Сатурн атрофидаги траекториясини реконструкция қилишди. Асосий кашфиёт Сатурннинг тортишиш кучи таъсирида Титан деформациясининг кечикиш билан намоён бўлиши бўлди. Яъни йўлдош шаклини тахминан 15 соат кечикиб ўзгартиради, бу унинг ички тузилиши суюқ эмас, балки ёпишқоқ эканини кўрсатади — бу факт илгари ҳисобга олинмаган. Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатдики, Титан қаъри илгари тахмин қилинганидан кўра кўпроқ энергия тарқатади ва камроқ деформацияга учрайди.

Иллюстрация Титан ички тузилишига қараб Сатурн гравитациясидан қандай таъсирланишини кўрсатади.
Муаллифлар: Баптист Журно ва Флавио Петричча.

Титан — Сатурннинг энг катта йўлдоши, ўлчамлари ва геологияси тошли сайёраларга ўхшайди, аммо иқлими тубдан фарқ қилади. Йўлдошда метан ёмғирлари ёғади, денгиз ва дарёлар мавжуд (аммо сув мавжудлиги исботланмаган), геологик жараёнлар Сатурннинг тортишиш кучи таъсирида фаоллашади. Титанда ҳам йил фасллари бор.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг