Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Sea Breeze» оқова сувларини Чорвоқ сув омборига ташланишига йўл қўйилмайди

«Sea Breeze» оқова сувларини Чорвоқ сув омборига ташланишига йўл қўйилмайди

Ҳукумат комиссияси Озарбайжоннинг «Agalarov Development» МЧЖ ҳамда унинг қўшма корхонаси «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги 577 гектар майдонда қуриш режалаштирилган умуммавсумий курорт мажмуасини маъқуллади.

Ушбу мажмуанинг қиймати 5 млрд АҚШ долларини ташкил этади. Танланган лойиҳа ҳудудни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари яратишга хизмат қиладиган замонавий туризм инфратузилмасини яратишни назарда тутади.

“Sea Breeze Uzbekistan” тасдиқланган лойиҳани амалга ошириш доирасида бир қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олади. Курорт мажмуасини қуришга киришишдан олдин барча лойиҳа ечимлари ваколатли давлат органлари билан келишилиши лозим.

Бундан ташқари, курорт ҳудудида истеъмолчиларга кўрсатиладиган коммунал хизматлар тарифлари Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда белгиланади. Компания ўз фаолиятида туризм инфратузилмасини ривожлантириш, барқарор қурилишнинг экологик талаблари ва стандартларига риоя қилиш бўйича илғор хорижий тажрибага таянади.

Белгиланган ҳудуддаги хусусий мулк билан боғлиқ масалалар барча томонларнинг манфаатларини максимал даражада ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади.

Хусусий мулк бўлган объектлар учун амалдаги қонунчиликка мувофиқ компенсация ва ҳуқуқий тартибга солиш механизмлари назарда тутилган. Барча тартиб-таомиллар ҳудудни ривожлантириш ва мулкдорлар ҳуқуқларини сақлаб қолиш ўртасидаги мувозанатни сақлаш, шаффофликни таъминлаш ва ҳар бир босқичда ўзаро тушунишга эришиш учун ташкил этилади.

Барча муҳандислик ечимлари экологик хавфсизлик ва барқарорликка устувор аҳамият берган ҳолда амалга оширилади.

Лойиҳани экологик талабларга риоя қилган ҳолда амалга ошириш, шу жумладан, лойиҳани амалга ошириш даврида ва лойиҳа ишга тушгандан кейин чиқинди ҳамда оқова сувларининг Чорвоқ сув омбори ва Чирчиқ дарёсига ташланишига йўл қўймаслик, оқова сувларни Чирчиқ шаҳри оқова сувларни тозалаш иншоотига йўналтириш чораларини кўриш "Sea Breeze Uzbekistan" МЧЖнинг асосий мажбуриятларидан бири этиб белгиланади.

Мазкур талабларга амал қилмаса, лойиҳа тўхтатилади ва ер ижараси бекор қилинади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг