Шавкат Мирзиёев Тўқаевни таваллуд куни билан табриклади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев телефон орқали Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевни таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, қардош Қозоғистон халқининг тинч-осойишта ҳаёти ва равнақи йўлидаги масъулиятли давлатчилик фаолиятига катта муваффақиятлар тилади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Президенти Туркий давлатлар ташкилотининг Туркистондаги норасмий саммити ҳамда мазмунли музокаралар юқори даражада тайёрлангани ва ўтказилгани, улар туфайли иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик янги суръат касб этганини алоҳида таъкидлади.
Шу жумладан, олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча соҳаларда жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Яқин йилларда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда, инвестициявий фаолият, шу жумладан, Халқаро саноат кооперацияси маркази доирасида кенгаймоқда, энергетика, транспорт, экология ва маданий-гуманитар соҳаларда истиқболли лойиҳа ва ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, бўлажак Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, Ҳудудлар раҳбарлари кенгашининг биринчи учрашуви ва бошқа механизмлар доирасида янги иқтисодий кун тартибини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
Мулоқот давомида икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter