Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сирдарё. Ширин маҳалласидаги аччиқ ҳаёт: «ногироннинг уволи йўқми?» 

Сирдарё. Ширин маҳалласидаги аччиқ ҳаёт: «ногироннинг уволи йўқми?» 

Фото: «Xabar.uz»

«Мен, Гулчеҳра Улуғхўжаева Сирдарё вилояти Сирдарё тумани 5-Ширин маҳалласи «Реф-Депо» ётоқхонасида истиқомат қиламан. Эллик ёшдаман. Биринчи гуруҳ ногирониман. Бир нафар фарзандим бор. Бундан беш йил аввал уйсиз-жойсиз, аҳволимиз ўта танг ҳолатда қолганимизда туман ҳокимлиги шу ётоқхонага  кўчиришганди бизни. Ҳозирги вақтда чап томонлама инсульт бўлиб, тўшакка михланиб қолганман.

Ётоқхонага кўчиб келганимизда бизга ажратилган хоналар абгор аҳволда эди, ҳатто эшик-деразалари йўқ эди. Шукр, бошпаналик бўлдик-ку деб, амаллаб таъмирдан чиқариб, яшай бошладик..

Бизда умуман газ йўқ, ичимлик суви йўқ, свет тез-тез «портлаб» туради, трансформаторнинг аҳволига қараб бўлмайди. Рўпарамиздаги «Йўлрефтранс» АЖ корхонасидан ичимлик сувини ташиб ичамиз. Ётоқхонамизда фақат шўр сув чиқади, истеъмолга яроқсиз, фақат кир ювиш мумкин, шундаям ювилган нарсага сувнинг занги юқиб қолади. Шугина сув ҳам икки ойдан бери йўқ: узиб ташлашган! Газ бўлмаса, сув бўлмаса, электр бўлмаса, айтинг, қандай яшаш мумкин? Ўғлим сув олиб келиш учун уйдан чиқиб келгунча соатлаб вақт ўтади. Чунки иккита челак билан сувга навбатда туришга мажбур, бизга ўхшаган одамлар кўп-да. Болам келгунича мендай ногиронга бирор кор-ҳол бўлмаслигига кафолат йўқ... Мурожаат қилмаган жойим қолмади. Яқинда ўғлим туман ҳокими ўринбосарини кўриб қолиб, ётоқхонамизга судрагудай қилиб олиб келганди. Ҳоким ўринбосари дардимизни тузукроқ эшитмай қочиб қолди! Ётоқхонамизда ўзига тўқ инсонлар эмас, муҳтож, камхарж оилалар яшайди...

Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»

Аҳволимизни тасаввур қиляпсизми?

Маҳалла раиси хабар олмаса, электр тармоғи раҳбарлари қуюқ ваъдадан нарига ўтишмаса... Қишли-қировли кунларда аҳволимиз не кечишини ўйлашмаса... Шуям ҳаёт бўлдими? Биз қандай яшайлик?.. Энг ёмони, ҳалигача яшаётган жойимизга прописка қилинмаганмиз. Ҳокимликка мурожаат қилсак, пропискани ҳал қиламиз деб, ИИБга топшириқ берилганини айтишганди. Бироқ ИИБ: «Ётоқхона ҳокимият балансида экан, сизларни рўйхатга қўйиш учун уларнинг рухсати керак, аммо ҳокимият рухсат бермаётгани учун прописка қилолмаймиз», деб жавоб берди.

Фото: «Xabar.uz»

Бу қандай бедодлик энди? Мени хавотирга солаётгани шуки, мендан кейин ўғлимни ётоқхонадан ҳайдаб чиқаришлари мумкин, чунки пропискамиз йўқ...

Қиш-қировли кунларда электр печкадан фойдаланишга мажбурмиз. Электр йўқлиги ёки тез-тез ўчиб қолиши натижасида совуқдан бир дардимга икки дард қўшилмоқда!

Нима, ётоқхонада яшаётган ногироннинг уволи йўқми?

Ётоқхонамиздаги трансформаторни суратга олиб беришди, шикоятимизга илова қиляпман: ана, кўринг, унинг абгор аҳволи яна бошқа кўнгилсизликларга сабаб бўлмайди, деб ким айта олади?..»

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг