Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сирдарё вилоят ИИБ бошлиғининг собиқ 1-ўринбосари оқланди

Сирдарё вилоят ИИБ бошлиғининг собиқ 1-ўринбосари оқланди

Яқинда сайтимизда (23.02.2019й.) Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосари Умид Кличев судга тортилгани ҳақида хабар берилган эди. Унда у мансабдор шахс бўлгани ҳолда Гулистон шаҳар ҳудудида чет эл валюталарини ноқонуний олди-сотдиси билан шуғулланиб келган Адҳам Сидиқов билан гўёки тил бириктириб, жиноят содир этгани натижасида 177-модда 3-қисми «а» бандига кўра (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш), айбдор деб топилиб, икки йил муддатга озодликдан чеклаш жазосига мустаҳиқ этилгани айтилганди.

Таъкидлаш шарт: мазкур хабар «Сирдарё ҳақиқати» газетаси расмий сайтида берилган материалга таянган ҳолда эълон қилинган бўлиб, тегишли ҳавола кўрсатилган эди.

Ушбу хабар ўз тасдиғини топмади. Бир хабар ортидан бошқа ҳақиқат очилди.

Ойдинлашдики, У.Кличевга тегишли жазо тайинлаш ҳақидаги ҳукм Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси протестига асосан Олий судда бекор қилиниб, апелляция босқичида қайта кўриб чиқиш учун Жиззах вилоятига юборилган экан.

Сайтимизда юқоридаги хабар чиқишидан икки кун аввал жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди апелляция инстанцияси Умид Валерьевич Кличевни (содир этилган жиноятга даҳли бўлмагани учун) оқлаш ҳақида ажрим чиқарибди.

Бу ҳақда таҳририятга тегишли суд ажрими нусхаси тақдим этилди.

Суд ҳужжатидан англашиладики, У.Кличевдан жиноятчи «ясаш» — фитна маҳсули бўлиб, унга қарши кўрсатмалар «жиноий шериги» А.Сидиқовга руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказиш орқали қўлга киритилган. Судда А.Сидиқов ҳам буни рўй-рост тан олган.

«Ҳатто столбаларни қамаш» мумкин бўлган яқин ўтмишда айрим мансабдорлар учун бировни сохта айбловлар билан жавобгарликка тортишдан осони йўқ эди, гўё. Шу маънода қирққа тўлмай Гулистон шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига муносиб кўрилиб, сўнг икки йил ўтмай вилоят ИИБ бошлиғи биринчи ўринбосарлигига тайинланган У.Кличевнинг фаолияти кимларгадир ёқмаган кўринади. Уни сохта айблов билан «йўлдан олиб ташлаш» кўпам қийинчилик туғдирмагандир балки. Бироқ қасд қилганлар муродига етди, дейиш қийин. Чунки, У.Кличев ва унинг қатор ҳамкасб-сафдошларига «судланган» тамғасини босганларнинг ўзи ўта оғир жиноятларда айбланиб, узоқ йилларга озодлик маҳрум этилибди.

Ҳақиқат эгилиши мумкин, аммо синмайди, деган ҳикматнинг амалдаги ифодаси шу бўлса керак.

Албатта, тақдирнинг оғир синовини енгиб, ниҳоят, оқландим, деганда оммавий ахборот воситаларида гўёки жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлиши, жуда юмшоқ айтганда, ёқимсиз, албатта. Шу маънода У.Кличевнинг босиқ оҳангдаги аччиқ эътирозларини бош устига қабул қилдик, турган гапки, узр ҳам насияга қолмади.

Пировардида, хабар бошқа манбадан олиб берилгани, бу жараёнда сайтимиз томонидан ҳеч кимнинг шаъни, қадр-қимматига қасддан даҳл қилинмаганини яна бир карра такрорлаш фойдадан холи бўлмаса керак.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг