Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Солиқ қарзи кўп бўлган ишлаб чиқариш корхоналари маълум қилинди

Солиқ қарзи кўп бўлган ишлаб чиқариш корхоналари маълум қилинди

2026 йил 1 июн ҳолатига кўра, солиқ қарзи 100 млн сўмдан юқори бўлган ишлаб чиқариш корхоналари сони 1 014 тани ташкил этган. Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, мазкур корхоналарнинг жами солиқ қарзи 1 трлн 559,6 млрд сўмга етган.

Шундан 565,6 млрд сўм, яъни умумий қарзнинг 36,3 фоизи энг катта қарздор бўлган 10 та корхона ҳиссасига тўғри келади. Бу эса соҳадаги солиқ қарзларининг катта қисми айрим йирик корхоналарда жамланганини кўрсатмоқда.

Ҳудудлар кесимида энг юқори солиқ қарзи Фарғона вилояти ҳиссасига тўғри келиб, бу ердаги ишлаб чиқариш корхоналарининг қарзи 354,3 млрд сўмни ташкил этган. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти — 299,6 млрд сўм ва Андижон вилояти — 197,5 млрд сўм билан қайд этилган.

Солиқ қарзи энг юқори бўлган ишлаб чиқариш корхоналари рўйхатида Фарғона вилоятидаги «SHAFFOF METAN SANOAT» МЧЖ 196,1 млрд сўм қарз билан биринчи ўринни эгаллаган.

Иккинчи ўринда Тошкент вилоятидаги «SILIKON COLOR» МЧЖ бўлиб, унинг қарзи 75,2 млрд сўмни ташкил этади. Учинчи ўриндан Фарғона вилоятидаги «GRANULA PLAST SIFAT» МЧЖ жой олган — 69,5 млрд сўм.

Шунингдек, рўйхатдан «METALICOM IMPEX» МЧЖ (56,9 млрд сўм), «FARGONA NEFTNI QAYTA ISHLASH ZAVODI» МЧЖ (45,7 млрд сўм), «SHEROBOD SEMENT ZAVODI» МЧЖ (31,2 млрд сўм), «SO‘NMAS-PLAST» МЧЖ (25,2 млрд сўм), «PETROMARUZ UZBEKISTAN» МЧЖ (24 млрд сўм), «URBAN LYUKS» МЧЖ (21,9 млрд сўм) ва «KOMSAR» МЧЖ (19,9 млрд сўм) ҳам ўрин олган.

Таҳлилларга кўра, солиқ қарздорлиги юқори бўлган корхоналар асосан саноат ва ишлаб чиқариш салоҳияти катта ҳудудларда жамланган. Фарғона, Тошкент ва Андижон вилоятлари қарздорлик бўйича етакчилик қилмоқда.

Шу билан бирга, Қашқадарё вилоятида мазкур кўрсаткич 13,4 млрд сўм, Хоразм вилоятида 22,4 млрд сўм ва Жиззах вилоятида 30,4 млрд сўмни ташкил этиб, нисбатан паст даражада қолмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг