Испан компанияси Тошкент вилоятида балиқчилик кластерини барпо этмоқчи
Испанияда «Ўзбекистон – Галисия» бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Унда замонавий иссиқхона мажмуаларини барпо этиш, балиқчиликни ривожлантириш, мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, узумчилик, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва каолинни қайта ишлаш соҳасидаги қўшма лойиҳалар намойиш этилди.
Музокаралар якунида Испаниянинг «Feeding Systems S.L.» компанияси билан Тошкент вилоятида балиқчилик кластерини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Бундан ташқари, ҳоким Зоир Мирзаев Испаниянинг виночилик, иссиқхона хўжалиги, озиқ-овқат саноати учун ускуналар ишлаб чиқариш, тўқимачилик, автомобил бутловчи қисмлари, экологик технологиялар ва сут маҳсулотлари соҳаларида фаолият юритувчи бир қатор етакчи компаниялари раҳбарлари ҳамда вакиллари билан алоҳида музокаралар ўтказди.
Шунингдек, делегация вакиллари «EcoForest» компанияси томонидан иссиқхона хўжаликлари учун таклиф этилаётган инновацион геотермал иситиш ва совутиш тизимлари билан танишди.
Тошкент вилоятида замонавий геотермал иситиш ва совутиш тизимини жорий этиш орқали 1 гектарлик майдонда тажриба лойиҳасини амалга ошириш имконияти муҳокама қилинди. «EcoForest» компанияси вакиллари ушбу лойиҳани амалда жорий этишдан манфаатдор эканини билдирди.
Бизнес-форум доирасида Виго ва Тошкент савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳам имзоланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter