Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда Қозоғистон тиббиёти кунлари очилди

Тошкентда Қозоғистон тиббиёти кунлари очилди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Пойтахтимиздаги «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида Қозоғистон тиббиёти кунлари очилди. Ушбу тадбир мамлакатимизда Қозоғистон йили доирасида ташкил этилмоқда. Унда Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, тиббиёт фанлари доктори Елжан Биртанов бошчилигидаги делегация ҳам қатнашмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қозоғистон тиббиёт кунлари доирасида ушбу мамлакат делегациясининг соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги тақдимотлари бўлиб ўтмоқда. Мазкур делегация таркибига нейрохирургия, болалар кардиожарроҳлиги, гинекология, неврология, репродуктология, урология, травматология ва ортопедия, терапия ва ҳужайра технологияси, ядровий тиббиёт ва радиация диагностикаси, буйрак ва жигар трансплантацияси каби қатор йўналишлар бўйича мутахассислар, шунингдек, тиббиёт олий ўқув юртлари ҳамда фармацевтика компаниялари раҳбарлари ташриф буюришган.

Тадбир доирасида бўлиб ўтадиган сессиялар давомида икки мамлакат мутахассислари тиббиётнинг турли соҳаларида юқори технологияларга асосланган тиббий хизматларни жорий этиш, бу борада замонавий технологияларни қўллаш, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш, фармацевтика саноатини ривожлантириш ва дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари сифатини яхшилаш масалаларини атрофлича муҳокама қиладилар.

Тадбирда, шунингдек, ҳар икки давлатнинг тиббиёт олий ўқув юртлари, илмий ва ихтисослашган тиббиёт марказлари ўртасида қатор меморандумларни имзолаш маросими ҳам бўлиб ўтади.

Қозоғистон тиббиёти кунлари доирасида делегация аъзолари мамлакатимиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари ва республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида бўлиб, ўқув жараёни, юртимизда касалликларнинг олдини олиш, ташхислаш ва даволашнинг замонавий инновацион усулларнинг қўлланилиши билан яқин танишишлари ҳам режалаштирилган. Қозоғистон тиббиёти кунлари 22 ноябрга қадар давом этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг