Тошкентда сайт раҳбари ва блогер қўлга олинди
Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан “Demokrat.uz” интернет нашри раҳбари Фазлидинхон Меҳмонов ҳамда блогерлик фаолиятини юритувчи Азиз Ғоипназаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов маълумотларига кўра, 2025 йил 15 декабрь куни Ғоипназаров Сергели туманида жойлашган автосалонлардан бири фаолиятини обрўсизлантирувчи видеоматериал тайёрлаб, уни интернет тармоқларида жойлаштирган.
Шундан сўнг, “Demokrat.uz” раҳбари Меҳмонов ва Ғоипназаров ушбу видеолавҳани ижтимоий тармоқлардан ўчириш, шунингдек, тадбиркорни обрўсизлантирувчи бошқа материални оммавий ахборот воситаларида эълон қилмаслик эвазига жабрланувчидан товламачилик йўли билан 50 минг АҚШ доллари талаб қилгани айтилмоқда.
Маълум қилинишича, Меҳмонов 29 январь куни жабрланувчидан 3 минг АҚШ долларини олган. Шунингдек, 10 февраль куни 17 минг АҚШ долларини олаётган вақтида далилий ашёлар билан жиноят устида қўлга олинган.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter